АҚШ вице -президентининг Грузияга келиши "кучли ишорат" сифатида баҳоланди

Грузия бош вазири Георгий Квирикашвили (чапда) ва АҚШ вице-президенти Майк Пенс.

АҚШ вице президенти Майк Пенс 31 июль куни Грузияга келди. Уни Тбилиси аэропортида бош вазир Георгий Квирикашвили кутиб олди. Грузия бош вазири Пенснинг сафарини “икки томонлама алоқаларнинг муҳим босқичи”, деб атади.

“Пенснинг ташрифи Қўшма Штатлар ва Грузия ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилганига кучли ишоратдир”, деди Квирикашвили.

Пенс Грузияга Эстония сафари якунланганидан сўнг ташриф буюрди. Эстонияда Майк Пенс Вашингтон Болтиқбўйи давлатлари хавфсизлигини кафолатлашда собит эканини таъкидлади ва Россияни “халқаро чегараларни қайта кўриб чиқишга ҳаракат қилаётганлик”да ва “демократияга таҳдид солаётганлик”да айблади.

30 июлда Тбилиси яқинидаги Вазиани базасида Грузия, АҚШ, Британия, Германия, Туркия, Украина, Словения ва Арманистон аскарлари иштирокида икки ҳафталик ҳарбий машғулотлар бошланган эди.

Пенс 2800 ҳарбий иштирок этаётган мазкур машғулотларни ҳам бориб кўриши режалаштирилган.