Чиқиш визасини бекор қилиш бўйича президент қарори лойиҳаси тайёр бўлди

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.

Ўзбекистонда чиқиш визасини бекор қилиш ва хориж паспортини жорий этиш юзасидан ҳужжатларни тайёрлаш жараёни якунланди. Бу ҳақда 8 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида эълон қилинди.

Хабарда айтилишича, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 7 август куни 5 июль куни ватандошлар билан ўтказилган жонли видеомулоқотда кўтарилган қатор масалаларни ҳал этишга бағишланган идоралараро йиғилиш ўтказди.

“Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан фуқароларнинг чет элга бориш рухсатнома ёзуви стикерини бекор қилиш ҳамда хорижга чиқиш паспортини босқичма-босқич жорий этишни кўзда тутувчи, фуқароликдан чиқаришни расмийлаштириш ҳамда хорижга келган фуқароларнинг меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш тартибини соддалаштириш тўғрисидаги давлат раҳбари қарорлари лойиҳалари ҳамда қонунчиликка, қонуности ҳужжатларига ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар тайёрлангани ва идоралараро келишув босқичи тугагани маълумот учун қабул қилинди”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги расмий билдирувида.