Испания прокуратураси суддан Каталония собиқ президентини қамоққа олишни илтимос қилди

Каталония мухториятининг ҳокимиятдан четлатилган президенти Карлес Пучдемон.

Испания прокуратураси Мадрид судидан Каталония мухториятининг ҳокимиятдан четлатилган президенти Карлес Пучдемон ва парламентнинг 4 собиқ депутатини қамоққа олиш учун ордер беришни илтимос қилди.

Мазкур 5 шахс 2 ноябрь куни судда сўроқ қилиниш учун чақирилган эди. Лекин улар суд чақирувини эътиборсиз қолдирган. Пучдемоннинг адвокати 30 октябрдан бери Бельгияда яшаётган собиқ президент хавфсизлик нуқтаи назаридан Испанияга кела олмаслигин айтди.

-Судгача қамоқда сақлаш илтимоси мутлоқ асосиздир. Бизнинг хулосамиз шундайки, ҳеч қандай исён ёки жиноят бўлмаган. Айблов томони эса бу жиноят содир этилган деган фикридан қайтмаяпти, -деди адвокат.

Пучдемон ва унинг сафдошлари Каталония мухториятида 1 октябрда ўтган мустақиллик референдуми ортидан исён кўтарганликда айбланмоқда. Бу иш юзасидан судга жами Каталония ҳукуматининг 14 аъзоси чақирилган эди. Уларнинг 9 нафари 2 ноябрда судга келган.

Судга келган каталония собиқ расмийларидан 8 нафари ҳибсга олинди. Бир нафар шахс 50 минг евро гаров пули тўлаш эвазига очиқда қолдирилди.

Испания ҳукумати референдумни ноқонуний деб эълон қилган ва Каталонияни ўз бошқаруви остига олган.