Олтин-валюта заҳираси 26,6 миллиард долларга етди

Ўзбекистонда 2017 йил якунлари бўйича соф олтин-валюта захирасининг ҳажми 26 миллиард 600 миллион долларга етди. Бу эса 2017 йил бошидаги заҳирага нисбатан 1 миллиард 400 миллион долларга кўпдир.

Ўзбекистон Марказий банки раисининг 1-ўринбосари Тимур Ишметов бу ҳақда 16 январда матбуотга маълум қилди.

Ўзбекистонда олтин-валюта заҳирасига оид аниқ маълумотлар 2017 йилнинг ноябригача жамоатчиликкдан сир сақлаб келинар эди.

15 ноябрь куни биринчи марта Марказий банк Ўзбекистон олтин-валюта заҳираси 26 миллиард долларга етгани тўғрисида маълумот берган.

2017 йил 14 сентябрда Тимур Ишметов Тошкентда бўлиб ўтган "Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар"га бағишланган матбуот анжуманида Марказий банк мамлакат олтин захираси ва халқаро молиявий операциялар ҳақида жамоатчиликка ошкора маълумот беришга ўтишни режалаштираётганини айтган эди.