ЕИ Ўзбекистонга 6200 маҳсулотни иттифоқ ҳудудига бож тўловисиз олиб киришга имтиёз бериш масаласини ўрганади

Бельгия - ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Федерика Могерини "Марказий Осиё-Европа Иттифоқи ҳамкорлик кенгаши" йиғилишига келган Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан. 23 ноябрь, 2018 йил.

Европа Иттифоқи Ўзбекистонга 6200 маҳсулот турини бир томонлама бож тўловисиз Европага олиб кириш имтиёзини бериш масаласида ҳамкорлик қилишга тайёр. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 25 ноябрь куни маълум қилди.

Хабарда айтилишича, мазкур масала муҳокамалар кун тартибига киритилиши тўғрисида Брюсселда ўтган “Ўзбекистон - Европа Иттифоқи ҳамкорлик кенгаши”нинг 14-йиғилишида келишувга эришилди.

Айни пайтда бундай имтиёз қўшни Қирғизистонда мавжуд бўлиб, 2017-2018 йилдаги ҳукуматлараро музокараларда Бишкек Тошкентга ўзбек маҳсулотларини Қирғизистон орқали Европа Иттифоқига чиқаришни таклиф қилган эди.

Ўзбекистон делегацияси Брюсселга 21 ноябрь куни "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" доирасидаги кенгашда иштирок этиш учун борган. 23 ноябргача ўтказилган учрашувларда қатор келишувларга эришилгани ҳақида Озодлик радиоси аввал хабар берган.