Мулозимларни сувга пишган ҳоким бошқараётган вилоятда туманнинг "Думбул ҳокими" ўрнига тайинлангани ҳам сўконғич чиқди

Бахтиёр Ражабов, Қашқадарё вилоят Миришкор туман ҳокими.

Миришкор туман ҳокими Бахтиёр Ражабов уятли сўзлар билан қўл остидаги ҳамда йиғилишда иштирок этган шахсларни ҳақорат қилгани Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан тасдиқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарда айтилишича, аудиода турли хил уятли сўзлар билан йиғилганларни «сийлаган» туман ҳокими эканлиги аниқ, ва вилоят раҳбарияти буни инкор этиш фикридан йироқ.

Бахтиёр Ражабовнинг овози ёзилган аудио Озодликда бор, лекин 2,5 дақиқали аудиони эълон қилиш имконсиз - уят сўзлар ўчирилса, деярли ҳеч нарса қолмайди.

«Бу борада ички тартибда чора кўриш билан чекланиш ҳам мумкин эди. Аммо, қонуний равишда чора кўрилиши, "Нега оддий халқ хато қилса, жазо ёки жарима, ҳоким хато қилса, кечирим-ми?“ каби табақалаштирувчи гап-сўзлар келиб чиқмаслиги тарафдоримиз», — дейилади ахборот хизмати муносабатида.

Таъкидланишича, мазкур аудио тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда ва унинг якуни бўйича қўшимча маълумотлар эълон қилинади.

Бахтиёр Ражабов Миришкор туманида иш бошлаганига қарийб тўрт ой бўлганди. Бунга қадар у вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.

Ражабовдан аввал туманга раҳбарлик қилган Равшан Комилов неваралари билан бегона даладан думбул терган кишини ҳақоратлаганди. Собиқ ҳоким кишини ўғриликда айблаётгани акс этган видеоёзув кейинчалик тарқалган.

Мулозимларни сувга тушириб таҳқирлаган собиқ бош вазир муовини Зойир Мирзаев 2019 йилнинг октябрида ​Қашқадарё вилояти ҳокими этиб тайинланган эди.