Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2019, Тошкент вақти: 17:26

Мулозимларни сувга тушириб таҳқирлаган собиқ бош вазир муовини Қашқадарёга ҳоким бўлди


Зойир Мирзаев бош вазир муовини лавозимида ишлаб турган пайтида Оққўрғон туманида 6 кишини ариқдаги сувга тушириб, таҳқирлаган эди.

Президент Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоят ҳокими Зафар Рўзиевни ишдан олиш топшириғидан қарйиб 3 ой ўтиб, 26 октябрь куни Рўзиев ишдан олинди.

Унинг ўрнига мулозимларни сувга тушириб таҳқирлаган собиқ бош вазир муовини Зойир Мирзаев тайинланди.

Думбул билан танилган Миришкор ҳокими Равшан Комилов ҳам ишдан олинди. Шунингдек, Қарши шаҳри ҳокими Жамшид Фозилов, Чироқчи тумани ҳокими Рустам Жўрақобилов​ ҳам вазифасидан бўшатилди.

Шу куни вилоят ҳуқуқ-тартибот тизимининг уч асосий мулозими: вилоят прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи ва вилоят солиқ инспекцияси бошлиғи ишдан олинди.

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Эркабой ТожиевҚашқадарё вилояти прокурори этиб тайинланди.

Эски ҳоким

26 октябрь куни Қашқадарёда ўтган ҳукумат раҳбарлари иштирокидаги махсус йиғилишда олти йилдан бери Қашқадарё вилоятига ҳокимлик қилиб келган Зафар Рўзиев ишдан олинди.

Бу хабарни Қашқадарё вилоят ҳокимлигининг матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун шахси сир қолишини сўраган мулозими Озодликка тасдиқлади.

Йиғилишда Президент администрацияси раиси Зайнилобиддин Низомиддинов ва бош вазир Абдулла Арипов қатнашган.

Зафар Рўзиев 2013 йилнинг 27 сентябрь куни марҳум президент Ислом Каримов томонидан Қашқадарёга ҳоким этиб тайинланган эди.

Рўзиев дастлаб жорий йилнинг 2 август куни президент Мирзиёев томонидан қаттиқ танқид қилинди.

Мирзиёев "хиёнатчи" деб атаган уч ҳоким. Чапдан биринчи Зафар Рўзиев.
Мирзиёев "хиёнатчи" деб атаган уч ҳоким. Чапдан биринчи Зафар Рўзиев.

- Қашқадарёнинг валломати бор, Рўзиев деган, 5 йил қишлоқ хўжалиги вазири бўлиб ишлаган ноинсоф. ДХХ раҳбари борганидан сўнг чиққан изоҳларни ўқи. Битта жиннининг қариндоши билан жанжал қилиб, менинг сиёсатимни бутун дунёга шарманда қилди. Ўзимни туманим, у қиламан, бу қиламан, дейсан. Битта тузукроқ кадринг йўқ, яна Деҳқонободга тирмашасан. Мана, сенинг менга қилган "дўстлигинг". Ўзбекистондаги ҳозирги ошкоралик, шаффофликни таъминлай, деб кечаю-кундуз юритаётган сиёсатимга атрофингдагилар билан қилган "дўстлигинг," – деган эди Шавкат Мирзиёев Яккабоғда бўлиб ўтган воқеаларга ўз муносабатини билдирар экан.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:31 0:00
Бевосита линк


Озодлик Қашқадарë вилоят Яккабоғ туманидаги тадбиркор кредитга қурилган икки қаватли янги дўкони ва цехини бузишга келган туман ҳокими ўринбосарининг устига бензин сепиб¸ ëқиб юборгани ҳақида 22 июль куни хабар берган эди. Бу воқеа ортидан туман ҳокими ва унинг ўринбосари ишдан олинган эди.

Ушбу воқеа ортидан президент Мирзиёев буйруғига кўра, Зафар Рўзиев Яккабоғ туманига бориб, аҳоли ва жамоатчилик фаоллари даврасида президент ва халқдан кечирим сўради.

Ўша пайтда Мирзиёев Бош вазир Абдулла Арипов ва Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновга сиёсатига хиёнат қилган уч вилоят ҳокими, жумладан, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиевни ишдан олиш масаласини кўриб чиқиш ҳақида топшириқ берганди.

Зафар Рўзиев Қашқадарë вилояти ҳокими вазифасига тайинланишидан аввал Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири лавозимида ишлаган. У вазир бўлгунга қадар Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокими, Ўзбекистон президентининг қишлоқ хўжалиги ва сув масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифаларида ишлаган.

Янги ҳоким

Зафар Рўзиев ишдан олинган 26 октябрь кунги йиғилишда Зойир Мирзаев Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. ​

Зойир Мирзаев
Зойир Мирзаев

Мулозимларни сувга тушириб таҳқирлагани билан Озодлик муштарийларига яхши таниш бўлган Зойир Мирзаев ўтган йилнинг 29 октябрь куни бош вазир муовини лавозимидан бўшатилганди.

Президент фармонида Мирзаевнинг ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис ишдан олингани айтилди.

Зойир Мирзаев Ўзбекистон Бош вазирининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб турган пайтда Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 6 кишини ариқдаги сувга тушириб, таҳқирлаган эди.

51 яшар Зойир Мирзаев Самарқанд вилояти Жомбой туманида туғилган.

Тошкент молия институтини иқтисод йўналишини тугатган Мирзаев 2008 йилда Самарқанд шаҳрига ҳоким бўлган. Орадан икки йил ўтиб, Мирзаев ​Самарқанд вилоятига ҳоким этиб тайинланган.

2016 йилдан бошлаб Мирзаев бош вазир ўринбосари - Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, агросаноат мажмуаси раҳбари лавозимида ишлади.

2018 йилдан эса Мирзаев Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари лавозими ишлаб келган.

Зойир Мирзаев ўтган йилнинг 7 ноябрида Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимига тайинланган эди.​

Янги ва эски ҳуқуқ-тартибот мулозимлари

26 октябрь куни ўтган йиғилишда Қашқадарё вилоят прокурори Ботир Юсупов, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Дилшод Турсунбоев, вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Равшан Насимов ҳам ишдан олингани маълум қилинди.

2018 йил 16 январидан бери Қашқадарё вилоят прокурори лавозимида ишлаб келган Ботир Юсупов ўрнига Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Эркабой Тожиев тайинланди.

Вилоят ИИБга Шуҳрат Сотиболдиев, солиқ бошқармасига эса Азамат Бозоров бошлиқ бўлди.

26 октябрь кунги ҳукумат вакиллари иштирокидаги йиғилиш пайти Қарши шаҳри ҳокими Жамшид Фозилов, Чироқчи тумани ҳокими Рустам Жўрақобилов ва Миришкор туман ҳокими Равшан Комиловнинг ҳам ишдан олингани маълум қилинди.

Шунингдек, вилоят ҳокими биринчи ўринбосари Ҳуррам Жўраев ва вилоят раҳбарининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Бахтиёр Ражабов бошқа ишга ўтгани муносабати билан ишдан олинган.

Сўконғичлиги билан танилган ҳоким

Ўтган ҳафта Қашқадарё вилоят ҳокимлиги Миришкор ҳокими Равшан Коимлов билан боғлиқ икки ҳолатни прокуратура ўрганиш учун назоратга олганини маълум қилганди.

Комилов билан боғлиқ ҳолатларнинг биринчиси - Миришкор туманининг Жейнов ҳудудида, далада ёзиб олинган аудиода, ҳоким деб айтилаётган шахс, фермерларни пахтани культивация қилмагани, дориламагани ва суғормагани учун таҳқирлайди, уради, сўкади.

Думбул билан танилган Миришкор ҳокими фермерларни онасидан сўкди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:42 0:00

Комилов билан боғлиқ иккинчи ҳолат эса – думбул воқеаси.

Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган бир видеода Равшан Комилов бир бобони неваралари билан бегона даладан думбул ўғирлаганликда айблаб, ҳақоратлагани акс этган эди. Жараённи туман маъмурияти раҳбари ўзи видеога олган.

Бу видео ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамага сабаб бўлганидан сўнг, Равшан Комиловнинг ўзи бу қилмиши учун президентдан узр сўраган эди.

2018 йилнинг 18 июнь куни Миришкор туманида фермерлик қилган 50 яшар фермер Шерали Давронов 18 июнь кечқурун ўз жонига қасд қилган эди. Фермернинг яқинлари ўша куни туман ҳокими Равшан Комилов уни буғдой режасини бажармагани учун мажлисда уриб ҳақорат қилганидан сўнг уйга келиб ўз жонига суиқасд қилганини иддао қилган эди.

Равшан Комилов илгари Чироқчи тумани ҳокими бўлиб ишлаганда унинг зўравонлик сиёсати ҳақида Озодлик хабар берган эди.

2014 йилнинг 7 октябрида Чироқчи туманининг Пўстин қишлоғида истиқомат қиладиган 60 ёшли Мойли буванинг юбилей, келин тушириш ва невараларининг суннат тўйини Чироқчи тумани ҳокими Равшан Комилов бузган эди. Пахта терими пайтида тўй қилмаслик ҳақида фармойиш берган ҳоким ўз буйруғини бузганларни шу тариқа жазолаган эди.

2014 йилнинг 19 октябрида Чироқчи тумани ҳокими Равшан Комилов Шаҳрисабз тумани ҳокими Фахриддин Норовни иш кабинетидан ташқарига чиқариб урган. Озодлик манбаларига кўра, асли шаҳрисабзлик бўлган Равшан Комиловнинг "томорқаси"га Шаҳрисабз ҳокими “тош отганлиги” учун уни шу тариқа жазолаган эди.

Шарҳларни кўринг (15)

Алоқадор

XS
SM
MD
LG