Линклар

logo-print

АҚШнинг Бостон шаҳрида ўтказилган марафон чоғида портлашлар содир бўлганидан кейин бу жиноятни амалга оширганликда гумон қилинган ака-ука царнаевларнинг ўтмиши шу кунларда бир неча давлат ҳукуматларини ҳамда оммавий ахборот воситаларини қизиқтирмоқда. Уларнинг Қирғизистонга ҳам алоқаси бор.

Шу кунда 66 ёшда бўлган Анзор Царнаевнинг оиласи 2001 йили Доғистондан АҚШга кўчиб кетишидан олдин Қирғизистоннинг шимолидаги Тўқмоқ шаҳрида яшаган. Бинобарин, Жоҳар ва Тамерланлар болалигининг бир муддати йирик чечен жамоаси мавжуд бўлган шу шаҳарда кечган.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирлари куни кеча Тўқмоққа бориб, царнаевларни танийдиганлар билан суҳбатлашди.

Маълум бўлишича, царнаевлар Тўқмоқда катта уруғ бўлган.

Царнаевлар ва умуман тўқмоқлик чеченлар 1944 йили Сталин томонидан Чеченистондан Қирғизистонга бадарға қилинган 85 минг чеченнинг авлодларидир.

Шаҳарда ҳаммаси бўлиб 50 минг киши яшайди ва улардан икки ярим минги чеченлар.

Царнаевлар Тўқмоқда узоқ йиллар яшаган, лекин бу оилани яхши билувчи Батриддин Тсакаевнинг айтишича, улар 1990 йиллар бошларида Шимолий Кавказга кўчиб кетган.

-1992 ёки 1993 йили улар Чеченистонга кўчиб кетган эди. Чунки у ерда Совет давридан бери уларнинг уйи бор эди. Чечен уруши бошланганидан кейин, 1995 йили оила қайтиб келди. 2000 йиллар бошида эса, улар Доғистонга кўчишди. У ердаям чеченлар кўп, деди царнаевларнинг собиқ қўшниси.

Жоҳар Царнаев 1993 йили Доғистонда туғилган. Қўшниларининг айтишича, Жоҳарнинг онаси Зубайдат Царнаева асли доғистонлик.

Тамерлан Царнаевнинг собиқ ўқитувчиси Наталья Курочкинанинг фикрича, унинг руҳиятига 1990 йиллардаги чечен уруши таъсир қилган бўлиши мумкин.

-Мен уни 4 синфда ўқитганман. Улар Чеченистондаги воқеалар бошланганидан кейин қочиб келишган эди. У ердаги уруш, террор ҳужумлари, афтидан унга таъсир қилган. Оғир-босиқ, ҳатто ҳуркак бир бола эди, деди Наталья Курочкина.
Тамерлан билан 5- ва 6-синфларда бирга ўқиган Лейла Алиева собиқ синфдоши тўғрисида мана бундай фикр билдирди:

-Мен у ҳақда ёмон гап айта олмайман. Яхши бола, яхши оила. Яхши ўқиган. Мусиқа мактабида бирга ўқиганмиз. Спорт билан шуғулланган. Хоҳлаган кишидан сўранг. Ҳеч ким уни ёмон эди, демайди. Дўстлари ҳам кўп эди.
Тўқмоқликларга кўра, царнаевлар уруғи маҳаллий чечен жамоасидан ташқарида ҳам таниқли бўлган.

Маълум бўлишича, Царнаевлар оиласи уюшган жиноий гуруҳ бошлиғи сифатида танилган, миллати чечен Азиз Батукаевнинг бир девор қўшниси бўлган. Яқинда Қирғизистонда қамоқхонадан озод қилингач, Чеченистонга учиб кетган Батукаевнинг укаси Мовсар царнаевлар тўғрисида бундай деди:

-Улар бир девор қўшнимиз бўлган. Кейинроқ, оила каттаси тўсатдан оламдан ўтганидан кеийн улар бошқа жойга кўчишган. Яхши оила эди.
Қирғизистон парламенти махсус комиссия ташкил қилиб, Батукаевнинг озод этилиши сабабларини ўрганмоқда.

Парламентга сўроқ берган ҳукумат расмийлари Азиз Батукаев лейкемия касаллигининг оғир шаклига чалингани, унинг бир неча ойлик умри қолгани ҳисобга олиниб, қамоқдан озод қилинганини билдирган. Аммо бу билдирув парламентни қониқтиргани йўқ.
АҚШнинг Массачусетс штатидаги Бостон шаҳрида бу йил 117 бор ўтказилган марафондаги портлаш 15 апрел куни содир бўлган энди.

Қарийб 24 минг одам томоша қилаётган тадбир якунига яқин иккита портлаш содир бўлган ва унда 3 киши қурбон бўлган.

Бу портлашни чечен миллатига мансуб, келиб чиқиши қирғизистонлик, аммо Доғистонда ўсиб-улғайган ва чечен урушидан сўнг АҚШдан бошпана топган ака-ука Тамерлан ва Жавҳар Царнаевлар содир этганликда гумон қилинмоқда.

Тамерлан Царнев уни қўлга олиш амалиёти чоғида ўлдирилган. Жоҳар Царнаев эса оғир жароҳатлар билан қўлган олинган ва ҳозир оғир аҳволда шифохонада.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG