Линклар

Шошилинч хабар
15 май 2021, Тошкент вақти: 20:39

АҚШ Россияга қарши янги санкциялар жорий қилди. Рус дипломатлари чиқариб юборилади


Москвадаги АҚШ элчихонаси - 15 апрель, 2021

Америка Қўшма Штатлари президенти Жо Байден маъмурияти 15 апрель куни Россияга нисбатан янги санкцияларни жорий этди.

Байден ҳозирлаган фармонга мувофиқ, АҚШ банкларига Россия банки, Молия вазирлиги ҳамда Миллий фаровонлик жамғармасидан давлат облигацияларини сотиб олиш тақиқлаб қўйилди. Бу эса сармоячиларни Россия облигацияларидан қочишга ундашини кутиш мумкин.

Бундан ташқари, АҚШдан 10 нафар россиялик дипломат бадарға қилинадиган бўлди. Улардан айримлари Россиянинг АҚШ сайловларига аралашуви ҳамда АҚШ давлат муассасалари ва мудофаа корпорациялари компьютер тизимларига қилинган ҳужумларга алоқадорлиги айтилмоқда.

Санкциялар эълон қилиниши ортидан Байден Вашингтон Москва билан барқарор, олдиндан башорат қилиш мумкин бўлган муносабатда бўлишни исташини айтди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Россияга қарши кенг қамровли санкциялар орқали «эскалация ва можаро циклини бошлашни» хоҳламайди.

Айни чоқда, Байден «агар Россия демократиямизга аралашишда давом этса, жавоб бериш учун қўшимча чора кўришга тайёрман» дея огоҳлантирди.

Байденнинг айтишича, у президент Владимир Путин билан суҳбат чоғида Россия АҚШ сайловларига аралашгани ва SolarWinds киберҳужумини амалга оширгани учун Вашингтон «мутаносиб равишда» жавоб бериши ҳақида огоҳлантирган.

Байден АҚШ Россиянинг бу ҳаракатларига жавобан янада кучлироқ чора кўришга қодир эканини, аммо эскалация олдини олиш учун бундай қилмаганини айтди.

Москва дарҳол санкцияларни қоралади ва жавоб қайтариши ҳақида огоҳлантирди.

Янги санкциялар Россия Украина билан чегарадош ҳудудда қўшин тўплаётгани ҳамда мухолифатчи Алексей Навальний қамоққа улоқтирилгани учун Ғарб ва Россия ўртасида зиддиятлар кучайиб бораётган бир пайтда эълон қилинди.

Аммо Байденнинг айтишича, АҚШ ва Россия «биргаликда ишлаши мумкин ва лозим бўлган» масалалар ҳам бор. Хусусан, президент икки мамлакат стратегик ядровий қуролларга оид New START шартномасини узайтиришга келишиб олганини бунга мисол ўлароқ келтирди.

Хабарларга кўра, ёзда Байден ва Путин саммит ўтказиши мумкин. Саммит икки мамлакат ўртасида қуролларни назорат қилиш ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни давом эттириш масаласида музокаралар бошланишига йўл очиши мумкин.

«Биз Россия ва Қўшма Штатлар ҳамкорлигини талаб қиладиган муҳим глобал муаммолар, шу жумладан, Эрон ва Шимолий Корея туғдирадиган ядровий таҳдид, глобал миқёсда тарқалган пандемияга барҳам бериш ва инсониятга таҳдид солувчи иқлим ўзгариши каби муаммоларни ҳал қилишимиз мумкин», - деди АҚШ президенти.

Байден, шунингдек, АҚШ Европадаги иттифоқчилари ва ҳамкорларини қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлади ҳамда Россия Украина чегарасида ва босиб олинган Қримда ҳарбий тўплаётганидан хавотирда эканини таъкидлади.

«Деэскалация вақти келди. Мулоҳазали мулоқот ва дипломатик жараёнлар орқали олдинга қадам ташлашимиз керак», - дея қўшимча қилди президент.

АҚШ Давлат котиби Антони Блинкен ҳам санкциялар ҳақида алоҳида баёнот эълон қилди. Блинкен ўз баёнотида Навальний тақдиридан хавотир билдирди.

НАТО ва Европа Иттифоқи АҚШнинг Россияга қарши янги санкция жорий қилиш қарорини қўллади.

«АҚШ 15 апрель куни Россиянинг беқарорлаштирувчи фаолиятига жавоб чоралари ҳақида эълон қилгани муносабати билан шуни маълум қиламизки, НАТО иттифоқчилари АҚШни қўллаб-қувватлайди ва мамлакатга бирдамлик изҳор қилади», дейилади альянс эълон қилган баёнотда.

XS
SM
MD
LG