Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:52

Байден ва Путин сўзлашувидан сўнг Кремлга алоқадор дейилган ҳакерлик гуруҳи даркнетдан ғойиб бўлди


Путин ва Байден Женева саммитида - 16 июнь, 2021.
Путин ва Байден Женева саммитида - 16 июнь, 2021.

Машҳур REvil ҳакерлар гуруҳи билан боғлиқ сайтлар даркнетдан ғойиб бўлди. Вашингтон мазкур гуруҳни Кремлга алоқадорликда гумон қилиб, Ғарб мамлакатларидаги минглаб ширкатларга қарши амалга оширилган киберҳужумларда айбдор, деб биларди.

REvil фаолияти АҚШ президенти Жо Байден ва Россия раҳбари Владимир Путин мулоқотлари чоғида муҳокама қилинган бўлиши мумкин. Оқ уй нафақат ҳакерларга, балки уларга паноҳ бўлаётган мамлакатларга ҳам чора кўриши ҳақида огоҳлантирган эди.

REvil сайтлари ишламай қолганига компьютерлар хавфсизлигига оид BleepingComputer блоги муаллифи Лоренс Абрамс эътибор қаратган. Сайтлар ёпилиши билан бир пайтда гуруҳ алоқачилари хабарларга жавоб бермай қўйган. Россияга оид машҳур интернет-форумда REvil вакили блокланган.

Тасдиқланмаган маълумотга кўра, ушбу ҳакерларга тегишли маълумотлар “номи тилга олинмаган мамлакат” ҳукуматининг сўровига биноан сервердан ўчириб ташланган.

REvil дунёдаги энг йирик ҳакерлик гуруҳларидан бири сифатида танилган. У асосан тижорат тусидаги ҳужумлар билан шуғулланган: ширкатларнинг компьютер тармоқларига яширинча кирган ва маълумотларини ўчириб ташламаслик эвазига улардан пул ундирган.

2021 йилда ўн минглаб ширкатларга қарши амалга оширилган киберҳамлалар REvil гуруҳи номи билан боғланди. Ундан жабр кўрганлар орасида АҚШдаги Colonial Pipeline нефт қувури ҳамда дунёнинг энг йирик гўшт ишлаб чиқарувчиси бўлмиш JBS ширкати ҳам бор.

Россиялик ҳакерлар кенг кўламда ҳужумга ўтиши муносабати билан, АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путин билан Женева саммитидаги суҳбати чоғида ушбу муаммони кўтарди. Июль ойида президентлар телефон орқали сўзлашувда яна бу мавзуни муҳокама қилишди.

“Мен унга мумкин қадар аниқ тушунтирдим: ҳужум унинг ҳудудидан бўляпти, бу ҳужумлар ҳукумат томонидан уюштирилмаган тақдирда ҳам, биз улардан тегишли чора кўришни кутиб қоламиз, биз тарафдан етарлича маълумот тақдим этилади”, деган эди Байден журналистларнинг саволларига жавобан.

Мазкур баёнотдан бир кун олдин Байден ҳакерларнинг ҳужумлари масаласида Давлат департаменти, АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги ва адлия вазирлиги вакиллари билан йиғилиш ўтказган. Оқ уй воизи Жен Псаки йиғилиш якуни бўйича баёнот бераркан, Вашингтон нафақат кибержиноятчиларга, балки уларни яшираётган мамлакатларга ҳам жавоб қайтаришга ҳақли эканини урғулаган эди.

Москванинг ҳакерлик гуруҳларига алоқадорликка оид ҳар қандай айбловларни рад этиши одат тусини олган. 12 июль куни Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия ва АҚШ ўртасида “киберхавфсизлик соҳаси бўйича маслаҳатлашувлар механизми” ишга тушганини билдирди.

Кремль ва Оқ уй REvil гуруҳининг ғойиб бўлиши хусусида ҳозирча изоҳ бергани йўқ.

XS
SM
MD
LG