Линклар

Шошилинч хабар
25 феврал 2021, Тошкент вақти: 10:18

Жаҳон молия бозорларида оптимизм: Биржа кўрсаткичлари рекорд даражада ўсди


Bitcoin валютаси биринчи марта 50 минг доллардан юқори қийматни қайд этди

Инвесторлар бир йилга чўзилган карантин чекловлари ортидан COVID-19 вакцинаси барқарор иқтисодий тикланишга олиб келишига умид қилар экан, сешанба куни глобал миқёсда биржа кўрсаткичлари рекорд даражада кўтарилди, деб ёзмоқда Рейтер агентлиги.

Bitcoin валютаси ҳам ўсди ва унинг қиймати биринчи марта 50 минг доллардан юқори қийматни қайд этди.

MSCI молия ширкатининг глобал индекси 0,18% га кўтарилиб, 686,3 га етди. Сешанба куни бозорлар ижобий ўсиш билан ёпилса, MSCI индекси 2004 йилдан бери илк маротаба 12 кун кетма-кет ўсган бўлади.

Сармоядорлар банклар, энергетика компаниялари ҳамда иқтисодий тикланишдан фойда кўрадиган бошқа тармоқларга инвестиция киритаркан, АҚШда фьючерслар бозори рекорд даражага кўтарилди. S&P 500 фьючерслари 0,5 фоизга ўсди.

Кучли иқтисодий тикланишга бўлган ишонч ҳамда АҚШда молия ва пул-кредит сиёсатининг юмшатилиши ортидан АҚШ, Германия ва Буюк Британия давлат облигациялари кўтарилди. Олтин нархи ҳам ошди.

АҚШ Ғазначилик департаментининг 10 йиллик облигациялари рентабеллиги 11 ой ичида биринчи марта 1.25% дан кўтарилди.

АҚШ президенти Жо Байден қўшимча 1,9 триллион долларлик иқтисодий рағбатлантириш дастурини жорий қилиш режасини илгари сурмоқда.

Европа ва Осиё бозорлари ҳам кўтарилди. Умумевропа STOXX 600 индекси 2020 йил февраль ойининг охиридан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткичга етди.

2020 йилнинг сўнгги чорагида еврозона ялпи ички маҳсулоти тахмин қилинганидан озроқ миқдорга қисқарди, ишсизлик даражаси эса олдинги уч ойга нисбатан пастроқ бўлди.

Қайта тикланиш истиқболи туфайли маҳсулотлар нархлари ҳам кўтарилди. Хусусан, Европа кончилик индекси 2011 йилнинг июлидан бери қайд этилган энг юқори даражага кўтарилди.

Британиядаги тикланиш умидлари туфайли фунт-стерлинг сўнгги 2,5 йил мобайнида кузатилган энг юқори даражага кўтарилди, евро эса 0.3% га ўсди.

Қайта тикланишга бўлган умидлар туфайли инвесторлар евро ва британ фунти каби хавфлироқ валюталарга ўтар экан, АҚШ доллар пастлади.

Европа бозорларидаги ижобий ўзгаришларга Осиё бозорларидаги ўзгаришлар ҳам турки бўлди. Япониянинг Nikei индекси 1,28% га кўтарилиб, сўнгги 30 йил давомида кузатилган энг юқори кўрсаткичга етди.

Нефть нархлари ҳам ўтган йилдан бери кузатилмаган даражага кўтарилди. Бунга АҚШда ҳаво кескин совиши ортидан энергияга бўлган талаб ошгани қисман туртки бўлди.

XS
SM
MD
LG