Линклар

Шошилинч хабар
29 октябр 2020, Тошкент вақти: 01:42

SpaceX каби Amazon ҳам минглаб сунъий йўлдош билан Ерни Интернет билан таъминламоқчи


Иллюстратив сурат

Amazon ширкати Ер орбитасига 3236 та сунъий йўлдош чиқаришни кўзловчи Kuiper (Койпер) лойиҳаси учун рухсат олиш мақсадида АҚШ Федерал коммуникация комиссиясига яна мурожаат қилди.

Ширкат комиссияга юборган 24 саҳифали мактубда SpaceX, OneWeb ҳамда бошқа рақиб ширкатлар эътирозларига тўхталиб ўтди.

Amazon қошида очилган Kuiper Systems ширкати маслаҳатчиси Мария Додсон Шуман мактубда “Спектр ва орбитал ресурсларни тенг Интернет алоқаси билан таъминлаш сармояларни оширади, инновацияни рағбатлантиради ва харидорлар олдидаги танловни кенгайтиради”, деб ёзди.

SpaceX ва OneWeb каби Amazon ширкати паст орбитага йўлдош чиқариб, Ер юзидаги миллиардлаб одамни Интернет алоқаси билан таъминлашни истайди. Amazon етакчилари, шунингдек, Kuiper лойиҳаси ширкатнинг бошқа бизнеслари, жумладан, онлайн савдолар ҳамда булутли ҳисоблаш соҳаси янада ривожланишига замин яратишига ишонишади.

Аммо Amazon бу соҳага нисбатан кеч кириб келди. SpaceX ҳамда OneWeb Федерал коммуникация комиссиясидан рухсат олиш учун бир неча йил олдин мурожаат қилган эди. 2018 йилда уларга рухсат берилди ва ширкатлар аллақачон паст орбитага йўлдош чиқара бошлаган. Kuiper лойиҳасига эса ўтган йилнинг апрелидагина асос солинди.

Ўтган йилда таниқли тадбиркор Илон Маск асос солган SpaceX ширкати Starlink лойиҳаси доирасида юзлаб мини сунъий йўлдошни Ер орбитасига чиқарди. Маск бир неча йил ичида Ер орбитасига 42 мингга яқин йўлдош чиқаришни режалаштирмоқда. Лойиҳа жорий йилда синов режимида ишга тушиши мумкин.

Кейинги ойларда Amazon рақиблари SpaceX ва OneWeb Федерал коммуникация комиссияси аввал уларга лицензия бериши кераклигини, Kuiper лойиҳаси кечроқ бошлангани учун, кутиб туриши кераклигини айтиб келади.

Amazon комиссияга юборган мактубда Kuiper лойиҳаси SpaceX иддао қилгандек унинг фаолиятига халақит бермаслиги айтилди.

Олимлар Ер орбитасида сунъий йўлдошлар сони кўпаяр экан, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш керак бўлишини, акс ҳолда йўлдошлар тўқнашиб кетишини айтмоқда.

Amazon Федерал коммуникация комиссиясига юборган мактубида фазодаги чиқинди масаласига фақат қисқа тўхталиб ўтди. Хусусан, мактубда ширкат “орбитадаги чиқиндилар кўламини чеклаш учун халқаро ва миллий фазо хавфсизлиги стандартларига амал қилади”, дейилди, холос.

Бу орада Amazon Kuiper лойиҳаси жамоасини кенгайтиришда давом этяпти. Айни дамда лойиҳа 175 иш ўрнини тўлдириш учун номзод изламоқда.

OzodLive

XS
SM
MD
LG