Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 02:34

Космонавт ва олимлар "Юрий Гагаринга мактуб" йўллашди


Совет космонавти ва фазодаги биринчи одам Юрий Гагарин.
Совет космонавти ва фазодаги биринчи одам Юрий Гагарин.

Инсон космосга парвоз қилганига 60 йил тўлиши муносабати билан Google компанияси “Юрий Гагаринга мактуб” ёзди. Мактуб видеоролик кўринишида тайёрланган бўлиб, унда космосни ўзлаштиришнинг 60 йиллик тарихига оид архив кадрларидан фойдаланилган.

Мактубда космонавт ва олимлар Юрий Гагаринга миннатдорлик билдириб, унга инсоннинг Ойга парвози, Халқаро фазо станциясига экспедициялар, “қора туйнук”, Perseverance марсюрарининг “Қизил сайёра”га қўндирилгани ҳақида сўзлаб беришади.

Мактубни ёзишда россиялик космонавтлар Михаил Корниенко, Сергей Кудь-Сверчков ва Андрей Борисенко, Япония аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги астронавти Наоко Ямадзаки, олимлар Юрий Ковалев, Сергей Попов ва Константин Батигин, шунингдек режиссёр Фёдор Бондарчук, фантаст ёзувчи Питер Уоттс, блогер Ян Топлес ва бошқалар иштирок этишган.

Юрий Гагариннинг илк парвозидан бери 566 киши космосда бўлган, улардан уч нафари орбиталараро парвозларни амалга оширган.

10 апрель куни Россия мудофаа вазирлиги биринчи совет космонавтларига оид шу пайтгача махфий саналган бир қанча ҳужжатлар, жумладан космонавтлар Юрий Гагарин, Герман Титов ҳамда Алексей Леоновларнинг айрим шахсий ҳужжатлари, биринчи космик экспедиция бўйича парвоз топшириғи, космонавтларнинг баҳо дафтарчалари, хизмат тавсифномалари ва мукофот қайдномаларини эълон қилди.

9 апрель куни эса “Роскосмос” Гагарин номи билан аталган "Союз МС-18" ҳаво кемасини Халқаро фазо станциясига йўллади. Мазкур ташувчи ракета корпусига биринчи космонавт портрети ва унинг исм-фамилияси бош ҳарфлари туширилган. Кема америкалик астронавт Марк Ванде Ҳай ва космонавтлар Олег Новицкий ва Пётр Дубровларни орбитага олиб чиқди.

Бундан ўн йил муқаддам, Юрий Гагарин парвозига 50 йил тўлгани шарафига БМТ томонидан 12 апрель — Халқаро инсоннинг космосга парвози куни деб эълон қилинган эди.

Россия президенти Владимир Путин бугун Юрий Гагарин қўнган жойни зиёрат қилади ва Энгельс шаҳрида космик соҳага доир масалалар юзасидан селектор йиғилиши ўтказади.

“Роскосмос” раҳбарияти, аввало бош директор Дмитрий Рогозин агентлик бурунги мавқеини тобора бой бераётгани, коррупция жанжаллари ва қатор йирик лойиҳалар ижроси оқсаб келаётгани туфайли Путиннинг танқидига нишон бўлиб қолаётир.

Аввалроқ ҳукумат 2025 йилгача амалга ошириш мўлжалланган федерал космик дастур бюджетини 150 млрд рублга қисқартирган эди.

Юбилей йилида ҳам Россия космонавтикаси бир қанча муаммолар билан тўқнашди. Жумладан, Халқаро космик станцияда бир неча марта ҳаво сизиб чиқиши рўй бериши, биринчи хусусий космодром қурилиши тўхтаб қолиши каби воқеалар билан “Роскосмос”нинг обрўсизланиши давом этди.

XS
SM
MD
LG