Линклар

Шошилинч хабар
09 май 2021, Тошкент вақти: 10:45

Марҳум адиб Мамадали Маҳмудовнинг “Ўлмас қоялар” романи нашрдан чиқди


"Ўлмас қоялар" романи 1981 йилда "Шарқ Юлдузи" журналида чоп этилиши ортидан асар тақиқланган ва муаллиф совет КГБ си томонидан таъқиб қилинган.

Тошкентдаги "Академнашр" ва "Импресс-Медиа" нашриётлари Каримов даврида асарларига тақиқ қўйилган адиб Мамадали Маҳмудовнинг (адабий тахаллуси - Эврил Турон) бирданига икки китоби - “Ўлмас қоялар” ва “Ойнур” романларини нашрдан чиқарди.

Ўтган йил ноябрида 79 ёшида коронавирусдан вафот этган адибнинг сўнгги 30 йилда дунё юзини кўрган китобларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги нашрга тавсия қилган.

Адибнинг қизи Сабоҳат Мамадалиеванинг Озодликка айтишича,
хусусий нашриёт уйлари томонидан 1000 нусхада чоп қилинган 13,5 босма табоқли икки рисола мазкур ҳафтада ўқувчилар қўлига тегди. Иккала китобни чоп қилиш билан боғлиқ харажатлар давлат ҳисобидан қопланган.

"Ўлмас қоялар" романи француз ва инглиз тилларига ўгирилган, 2008 йилда Францияда, 2015 йилда эса Британияда нашр қилинган эди.

Мамадали Маҳмудов Ўзбекистонда сиёсий қарашлари учун энг узоқ вақт қамоқда ўтирган ёзувчи. У 2013 йил апрелида озод этилгунига қадар 14 йил умрини қамоқда ўтказди.

Рашидов қамоқдан асраган, Каримов қамоққа ташлаган адиб

Мамадали Маҳмудов совет даврида ўзбек адиблари орасида биринчилардан бўлиб “босмачилик ҳаракати” номи берилган миллий-озодлик кураши мавзусини қаламга олган эди.

"Ўлмас қоялар" романи 1981 йилда "Шарқ Юлдузи" журналида чоп этилиши ортидан муаллиф совет КГБ си томонидан таъқиб қилинди. Романнинг биринчи қисми чоп этилиши ортидан адиб Ёзувчилар уюшмасидаги маслаҳатчилик лавозимидан олинади.

Ёзувчи ва собиқ сиёсий маҳкум Мамадали Маҳмудов вафот этди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:21 0:00

У Москвадан келган КГБ ходими томонидан сўроқ қилинганини айтган. Романнинг яширин йўл билан олиб чиқилган қўлёзма нусхаси Германияда чоп этилганидан сўнг, адибга босимлар янада кучаяди.

Мамадали Маҳмудовнинг ўзи уни ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов “қамоқдан асраб қолгани” ҳақида ёзган эди. Асар тўлалигича фақат мустақилликдан сўнг, 1991 йилда китоб ҳолида дунё юзини кўрди.

Мамадали Маҳмудов Ўзбекистон мустақиллиги арафаси ва мустақилликнинг илк йилларида бир муддат Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби ва Маданият Жамғармаси раиси лавозимларида ишлаган.

Таниқли ёзувчи ва арбоб 1994 йил 3 март куни мухолифатдаги "Эрк" партияси билан алоқалари учун ҳибсга олинди ва расман “давлат мулкини ўзлаштириш” айбдор, деб топилиб, 4 йилга озодликдан маҳрум этилди.

1996 йил 6 август куни афв қўлланиб, муддатидан олдин озод қилинган Мамадали Маҳмудов 1999 йил 16 февралдаги Тошкент портлашлари ортидан қайта ҳибса олинади.

Бир неча "Эрк" фаоллари билан бирга портлашларга алоқадорликда айбланган Мамадали Маҳмудов маҳкама жараёнида ўзига қўйилган айбларни рад этган ва шафқатсиз қийноқларга тутилганини айтганди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари, матбуот ва ёзувчилар ташкилотлари Каримов ҳукуматининг Мамадали Маҳмудовни қамоққа ташлаш қарорини қоралади ва уни озод этишга чақириб келди.

2018 йил ноябрида Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига тиклангунига қадар адибнинг асарларига Ўзбекистонда норасмий тақиқ қўйилганди. 2019 йилда унинг қамоқда ёзган икки романи бирин-кетин “Шарқ юлдузи” ва “Жаҳон адабиёти” журналларида чоп этилди.

2016 йилда Мамадали Маҳмудов Лондондаги "Цензура индекси"(Index on censorship) халқаро ташкилотининг йиллик мукофоти билан тақдирланган.

XS
SM
MD
LG