Линклар

Шошилинч хабар
05 август 2021, Тошкент вақти: 09:35

Ўзбекистон хабарлари

Махсус поезд 25 ва 28 июнь кунлари Россиядан ўзбекистонликларни Тошкентга олиб келади

Иллюстратив сурат.

Россиядан ватанига қайтиш ниятида бўлган ўзбекистонликларни олиб келиш учун 25 ва 28 июнь кунлари иккита махсус поезд қатнови амалга оширилади.

Ўзбекистон темир йўллари”нинг билдиришича, 25 июнь куни Волжский-Тошкент, йўналишидаги биринчи поезд соат 20:57 да Волжский вокзалидан Тошкентга йўлга чиқади.

28 июнь куни 22:28 да Москванинг Қозон вокзалидан Тошкент йўналишида поезд ўз ҳаракатини амалга оширади.

Йўловчилар ёки уларнинг яқинлари е-ticket.railway.uz сайти орқали чипталарни электрон тарзда харид қилишлари мумкин.

Кун янгиликлари

Коррупция ҳолатлари юзасидан шикоят йўллашга имкон берувчи сайт ишга туширилди

Иллюстратив сурат

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупция ҳолатлари ҳақида агентликни хабардор қилиш имконини берувчи махсус дастур асосида eanticor.uz сайтини ишга туширди.

Агентлик қайдича, ўзбекистонликлар мазкур сайтдан фойдаланган ҳолда ўзлари рўпара келган коррупция ҳолатлари ҳақида тўрт мавзуда (“Коррупцияга дуч келдим ва пора беришга мажбур бўлдим”, “Коррупцияга дуч келдим ва пора бермадим”, “Пора билан боғлиқ бўлмаган коррупцияга дуч келдим”, “Ҳалол ишлайдиган давлат хизматчисини учратдим”) мурожаат йўллашлари мумкин.

Агентлик eanticor.uz орқали келаётган мурожаатларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш билан бир қаторда берилган мурожаатлар асосида соҳалардаги коррупцион ҳолатларни таҳлил қилиши, ўтказиладиган таҳлил натижаларига кўра коррупцияга имкон яратаётган омилларни бартараф этиш чоралари кўрилишини билдирган. Коррупцияга йўл очиб бераётган нормаларни ўзгартириш, бекор қилиш ёки қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш ана шундай чоралар сирасига киради.

Аксилкоррупция агентлиги мазкур дастурий таъминот орқали фуқароларнинг коррупцияга оид мурожаатлари асосида вазирлик, идоралар, вилоят ва туманларнинг статистик рейтингини кузатиб бориш имконияти ҳам яратилганини қўшимча қилган.

“Бунда тегишли идоралар мутасаддилари рейтингдан тегишли хулосаларни чиқарган ҳолда коррупцияга сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш чораларини кўриши мақсадга мувофиқ бўлади”, дейилган агентлик хабарномасида дастур келажакда янада такомиллаштирилиши таъкидланган.

Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида ҳаво ва халқаро автомобиль қатновлари тикланади

Ўзбекистон билан Туркманистоннинг Транспорт вазирликлари ўртасида тез орада санитария-эпидемиология талабларига риоя этган ҳолда тўғридан-тўғри ҳаво транспорти ҳамда халқаро автомобиль қатновларини қайта тиклаш масалалари устида иш борилади. Бунга оид келишувга Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзоқов ҳамда Туркманистон бош вазири ўринбосари Эсенмират Ўразгелдиев ўртасида куни кеча Ашхободда ўтказилган музокаралар чоғида эришилган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири матбуот хизмати маълумотига кўра, музокаралар чоғида икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг улкан салоҳияти алоҳида таъкидланган, устувор йўналишларда муносабатларни чуқурлаштириш учун мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар қилиш долзарблиги урғуланган.

Қайд этилишича, икки мулозим учрашуви чоғида яқин вақт ичида ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича келишувга эришилган, ҲК доирасида Ўзбекистон-Туркманистон Ишбилармонлар кенгашининг иккинчи йиғилиши ҳам ташкил этилиши айтилган.

“Бўлажак тадбирлар кун тартибини шакллантириш ва янги инвестициявий лойиҳалар ҳамда савдо битимларини ишлаб чиқишга қаратилган икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идораларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари фаоллаштирилади”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Музокаралар пайтида чегара ўтиш нуқталарининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, ўзаро савдонинг ўсиши учун тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш ҳамда икки мамлакатнинг транспорт қувватлари ва транзит салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ишлари амалга оширилиши, ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ва таклифлар Ўзбекистон ва Туркманистонни боғловчи транспорт йўлакларини янада ривожлантириш учун тегишли “Йўл харитаси”да бирлаштирилиши юзасидан ҳам келишувга эришилган.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов Ашхободга ташрифи доирасида Туркманистон бош вазирининг ўринбосари, мамлакат президентининг ўғли Сардор Бердимуҳамедов, Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ва бош вазир ўринбосари Чори Гилижов билан ҳам учрашувлар ўтказгани ҳақида хабар қилган эди.

ОТМларга ҳужжат топширган абитуриентлар сони ўтган йилга нисбатан ярим миллионга камайди

Ўзбекистонлик абитуриентлар бу йил ҳам кириш имтиҳонларини стадион ва хиёбонларда топшириши кутилмоқда

Ўзбекистон олий таълим муассасаларига 2021-2022 ўқув йилида ўқишга кириш мақсадида жами 948 минг 211 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган. Бу ўтган йилги кўрсаткичга (1 миллион 484 минг 463 нафар) нисбатан 536 минг 252 нафарга ёки тақрибан 36 фоизга камдир.

Давлат тест маркази маълумотига мувофиқ, рўйхатдан ўтган абитуриентлардан 479 минг 627 нафари кундузги таълим шаклини, 435 минг 995 нафари сиртқи таълим шаклини, 32 минг 589 нафар эса кечки таълим шаклини танлашган.

Тиллар кесимида эса мазкур абитуриентлардан 804 минг 660 нафари ўзбек тилида, 109 минг 232 нафари рус тилида, 31 минг 462 нафари қорақалпоқ тилида, 2 минг 857 нафари эса бошқа тилларда ўқиш истагини билдирган.

ДМТ қайдича, мазкур статистика якуний бўлиб, унга тест синови учун тўловни амалга оширмаган, таълим йўналишларини танламаган, текширишлар натижасига кўра ҳали мактабни тамомламаганлиги аниқланган абитуриентлар киритилмаган.

Ўзбекистонда янги ўқув йили учун кириш имтиҳонлари бугун, яъни 5 августдан турли ҳудудлардаги стадион ва хиёбонларда бошланади. Аввалроқ Озодлик Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотига таянган ҳолда тест синовлари икки сменада ўтказилиши, биринчи смена эрталабки соат 7.00 дан, иккинчи смена оқшомги соат 19.00 дан бошланиши ҳақида хабар қилган.

Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши ҳужжатлар имзоланди

Жорий йилнинг 4 август куни Тошкентдаги Ташқи ишлар вазирлиги биносида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида коррупция, наркотик моддаларни ноқонуний айланиши ва уюшган жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик қилиш бўйича ҳукуматлараро ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтган. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ҳужжатларни Ўзбекистон томонидан ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Қўшма Штатлар томонидан эса АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм имзолаган.

Президент сайловида иштирок этиши мумкин бўлган илк номзод исми маълум бўлди

Ўзбекистон Экологик партияси жорий йилнинг октябрь ойида ўтказиладиган президент сайловида иштирок этиш учун ўз номзодини илгари сурди.

Партия марказий кенгашининг 4 август куни ўтказилган навбатдан ташқари пленумида, Kun.uz нашри хабарига кўра, Экопартия МК ижроия қўмитаси раиси Нарзулла Обломуродов президентликка номзод ўлароқ кўрсатилган.

Қайд этилишича, пленумда экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли учун қулай яшаш шароитлар яратиш, иқлим ўзгаришларига мослашиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи ҳудудини янада ривожлантириш, давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ва маданий-маърифий соҳаларни янада ривожлантириш, ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш кабилар Экопартиянинг сайловолди платформасидан ўрин олган асосий йўналишлар экани билдирилган.

Ўзбекистон Экологик партияси президент сайловига илк бор ўз номзодини кўрсатмоқда. Партия президентликка номзод кўрсатиш бўйича ҳам бу сафар мамлакатдаги сиёсий ташкилотлар ўртасида биринчи бўлди.

Экопартия номзоди президент сайловида қатнаша олиши учун эндиликда сайловчиларнинг камида 1 фоизидан овоз йиғилиши ҳамда МСКда номзод ўлароқ рўйхатдан ўтиши керак бўлади.

Ўзбекистонда галдаги президент сайлови шу йил 24 октябрига белгиланган. Маҳаллий қонунчиликка кўра, президентликка номзодларни сиёсий партиялар кўрсатиши лозим.

БМТнинг диний эркинликлар бўйича махсус маърузачиси Ўзбекистонга келмоқда

БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид

БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонга сафар қилмоқчи. Бу ҳақда у Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов билан ўтказилган музокаралар чоғида маълум қилган.

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистонга сафари чоғида Аҳмад Шаҳид Нью-Йорк шаҳри университети (CUNY-RBI) ҳузуридаги Ральф Банч номидаги халқаро тадқиқотлар институти ва Эссекс университети ҳуқуқшунослик мактаби (Essex-HRC) ёрдамида техник кўмак дастурини ишга туширишга тайёрлигини маълум қилган.

Махсус маърузачининг сафар дастурида Ўзбекистондаги тегишли давлат идоралари, фуқаролик жамияти ва диний ташкилотлар вакиллари учун қатор семинар ва тренинглар ўтказиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, ташриф чоғида БМТ доирасида қўлланилаётган инсон ҳуқуқлари кўрсаткичларига асосланган миллий мониторинг ва баҳолаш тизимини ишлаб чиқишда маслаҳат ёрдами кўрсатилиши урғуланган.

Аҳмад Шаҳид “Декларациялар мулоқоти” халқаро конференция ишида иштирок этиш учун шу йилнинг декабрь ойида ҳам Ўзбекистонга яна бир бор сафар қилишини тасдиқлаган.

COVID-19: Пандемия бошидан бери коронавирус қурбонлари сони 900 нафардан ошди

Ўзбекистонда 3 август куни коронавирусга чалинган беморлардан 8 нафари вафот этган, шу тариқа пандемия қурбонлари сони 901 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотга мувофиқ, кеча мамлакат бўйлаб 923 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 132 минг 901 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда сешанба куни Андижон вилоятидан ташқари барча ҳудудларда 805 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 126 минг 377 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда яна 542 нафар кишида пневмония аниқлангани, 5 июлдан бери эса 12 минг 425 киши пневмонияга чалинганини очиқлаган. Булардан 5 минг 18 нафари соғайиб чиққан, 83 нафари эса вафот этган.

БП: Фарғонада 11 яшар бола зўрланганига оид маълумот ИИБ томонидан текширилмоқда

Иллюстратив сурат

Фарғона вилоятида 11 ёшли бола амакиси томонидан зўрлаб келингани бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумот юзасидан текширув ўтказилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.

Мулозимга кўра, мазкур ҳолат юзасидан муқаддам ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат келиб тушмаган.

“Шу сабабли жорий йилнинг 2 август кунидан Қува тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилиши бошланган”, дея билдирган Ҳ. Шамсутдинов.

Фарғонада вояга етмаган ўғил бола 48 ёшли амакиси томонидан 2 йил давомида зўрлаб келингани ҳақида дастлаб блогер Aqida Hanum Фейсбукдаги ўз саҳифаси орқали маълумот тарқатганди.

Блогернинг жабрланувчи болакай ва унинг онаси билан ўтказган видеосуҳбатида ҳодиса тафсилотларига ўрин берилган.

БП матбуот котиби Ҳ. Шамсутдиновнинг маълум қилишича, мазкур иш юзасидан Қува тумани ИИБ бошлаган текширув устидан Фарғона вилояти прокуратураси томонидан назорат ўрнатилган.

Мирзиёев шароити энг оғир маҳаллаларга 100 миллион доллар ажратишни ваъда қилди

Ўзбекистондаги шароити энг оғир маҳаллаларни ривожлантиришга 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 3 август куни жорий йилнинг биринчи ярмидаги иқтисодий натижалар таҳлили ҳамда йил якунига қадар барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши чоғида маълум қилган.

Видеоселекторда Ш. Мирзиёев шароити оғир маҳаллаларга маблағ ажратиш юзасидан топшириқ бераркан, Газета.uz нашри иқтибосича, “қарорга бугуноқ қўл қўйиб беришга тайёрман”, дея урғулаган.

Президент йиғилиш чоғида бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, транспорт вазири Илҳом Махкамовга йил якунигача камида 100 та янги йўналиш ташкил этиб, жамоат транспорти етиб бормаган 1113 та маҳаллани қамраб олиш бўйича ҳам топшириқ берган.

Ашхободда ўзбекистонлик ва туркманистонлик икки Сардор музокара ўтказишди

Ўзбекистон ва Туркманистон байроқлари

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ашхободга қилган иш сафари доирасида Туркманистон бош вазирининг ўринбосари, мамлакат президентининг ўғли Сардор Бердимуҳамедов билан музокара ўтказди.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, томонлар транспорт, ёқилғи-энергетика ва ўзаро манфаатли бошқа соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш имкониятларини кўриб чиққанлар.

Бош вазир ўринбосарлари учрашувда Туркманистон-Ўзбекистон ҳукуматлараро қўшма комиссияси иши долзарблигини қайд этишган, амалий ҳамкорлик учун турли вазирлик ва идоралар вакиллари ўртасида мунтазам учрашувларини ташкил этиш заруратига тўхталишган, икки мамлакат корчалонлик доиралари ўртасидаги алоқани кенгайтириш муҳимлигини урғулашган.

Ашхобод сафари доирасида душанба куни С. Умурзоқов Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, бош вазир ўринбосарлари Чори Гилижов ва Эсенмират Ўразгелдиев билан ҳам учрашган.

Аввалроқ Озодлик жорий ҳафтанинг иккинчи ярмида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистонга сафар қилиши ҳақида хабар қилган эди.

Токио олимпиадасида оғир атлетикачи Акбар Жўраев Ўзбекистонга иккинчи олтин медални туҳфа қилди

Токиода бўлиб ўтаётган ёзги Олимпия ўйинларининг ўн биринчи кунида 109 килограмм вазн тоифасидаги оғир атлетикачилар баҳсида иштирок этган ўзбекистонлик Акбар Жўраев Олимпия ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлди.

Туризм ва спорт вазирлиги қайдича, силтаб кўтариш машқида ўз иштирокини 227 кг оғирликдан бошлаган Акбар Жўраев якунда бу кўрсаткични 237 килогача оширган ҳамда икки курашда 430 кило натижа билан олтин медални қўлга киритган. Шунингдек, ўзбекистонлик спортчи бу натижа билан Олимпиада рекордини ўрнатишга ҳам муваффақ бўлган.

Бу Токио олимпиадасида ўзбек спортчилари томонидан қўлга киритилган иккинчи олтин медалдир. Ёзги Олимпия ўйинларида илк олтин медални Ўзбекистонга таэквондочи Улуғбек Рашитов келтиргани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

ЮНЕСКО пандемия важидан Шаҳрисабзни яна бир йилга Жаҳон маданий мероси рўйхатида қолдирди

Шаҳрисабздаги Кўк Гумбаз масжиди

ЮНЕСКО Жаҳон мероси қўмитаси шу йилнинг 16-31 июль кунлари Хитойнинг Фучжоу шаҳрида бўлиб ўтган 44-сессияда Шаҳрисабзни Жаҳон маданий мероси рўйхатида яна бир йилга қолдириш ҳақида қарор қабул қилди.

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, ўзбек делегацияси мазкур сессияда онлайн тарзда иштирок этган.

“Делегация томонидан бутунжаҳон маданий мероси объектлари ҳисобланган “Шаҳрисабзнинг тарихий маркази”, “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси”, “Бухоронинг тарихий маркази” ва Хивадаги “Ичан-қалъа”, шунингдек Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон иштирокидаги кўпмиллатли табиий мерос объекти бўлмиш “Ғарбий Тянь-Шань” бўйича Ўзбекистон учун ижобий қарорлар қабул қилиниши таъминланди”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Қайд этилишича, ЮНЕСКО 2020 йили ҳукм сурган қатъий карантин чекловлари шароитида Ўзбекистон томонидан барча вазифаларни амалга ошириш учун кўпроқ вақт талаб этилиши инобатга олинган ҳолда, сессия якунига кўра, “Шаҳрисабз тарихий маркази” объектини тиклаш бўйича вазифалар ижроси муддатини яна бир йилга узайтирган.

Қарорларда Ўзбекистон Республикасига шаҳарлар бош режаси ва обектлар бошқаруви комплекс режаларини тайёрлаш ҳамда ваколатли ташкилотларнинг тавсияларига амал қилишга доир алоҳида чорловлар киритилган.

Жаҳон мероси қўмитаси 2016 йили Истанбулда ўтган 40-сессияда Шаҳрисабз шаҳрини йўқолиш таҳдиди остида қолган тарихий шаҳарлар рўйхатига киритган. Бунга ўша пайтда бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев қарори билан Шаҳрисабзда бошланган қурилиш ва таъмирлаш ишлари ЮНЕСКО билан келишилмаган ҳолда амалга оширилгани важ ўлароқ кўрсатилган. Қўмита шаҳар марказида сайëҳлар учун инфратузилма барпо этиш иддаоси билан қилинаётган ишларни номақбул, деб топганди.

Кейинчалик қўмита “Шаҳрисабз тарихий маркази” объектини тиклаш учун ўзбек расмийларига бир неча марта муҳлат берган эди.

Самарқандда тўрт кунлик чақалоғини сотмоқчи бўлган чемпион қиз 4,5 йилга қамалди

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди чақалоғини пулламоқчи бўлган спортчи қиз иши юзасидан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Олий суднинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Азиз Обидов ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, олти марта Ўзбекистон чемпиони бўлган қиз машғулотлар чоғида бир йигит билан ишқий муносабатда бўлиб, ҳомиладор бўлиб қолган. Фарзандини дунёга келтирганидан кейин спортчи қиз дугонаси воситасида 4 кунлик чақалоғини сотмоқчи бўлган ва бола учун 2,5 минг доллар пул олаётган пайтда қўлга олинган.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди (одам савдоси) билан айбланган спортчи қиз Самарқанд суди ҳукми билан 4 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилган.

Аввалроқ Озодлик Андижонда 3 ойлик чақалоқни сотмоқчи бўлган она қўлга олингани ҳақида хабар қилган эди.

ССВ: Коронавирус қурбонлари сони 890 нафардан ошди, пневмониядан 79 нафар бемор вафот этди

Жорий йилнинг 2 август куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлардан 7 нафари вафот этган, шу тариқа хасталик қурбонлари сони 893 нафарга етган.

ССВ қайдича, душанба куни мамлакат бўйлаб 899 киши коронавирусга чалинган ва бу билан Ўзбекистонда вирус юқтириб олганларнинг умумий сони 131 минг 978 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда кеча Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 844 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 125 минг 572 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ўтган кеча-кундузда яна 516 нафар кишида пневмония аниқлангани, 5 июлдан бери эса 11 минг 883 киши пневмонияга чалинганини маълум қилган. Булардан 4 минг 577 нафари соғайиб чиққан, 79 нафари эса вафот этган.

Мирзиёев ходимларни мажбурий эмлашга оид қонунни имзолади

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 113-моддасига ходим карантинли ва юқумли касалликлар таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачи қарори асосида профилактик эмлашдан ўтишни рад этса, иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканига оид қўшимча киритилди.

Мазкур тартиб президент Ш. Мирзиёев томонидан шу йил 2 августида имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун асосида жорий этилади.

Янги қонун билан “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонун 28-моддасига киритилган қўшимчага кўра карантинли ва хавфли юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши белгиланган.

Ўзбекистон президенти имзолаган бу ҳужжат шу йил 27 июлида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва 31 июль куни Сенат томонидан маъқулланган эди.

Бухоро расмийлари “Абдуллахон” мадрасасининг қулаган девори қайта тикланишини билдирди

Бухоронинг тарихий қисми

Бухоро вилояти ҳокимлиги 30 июль кечаси “Абдуллахон” мадрасаси орқа томон деворининг бир бўлаги ўпирилиб тушганини тасдиқлади.

Ҳокимлик мазкур ҳолат бўйича Маданий мерос агентлигининг вилоят бошқармаси, Бухоро шаҳар ҳокимлиги, реставраторлар ва соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, жойида ўрганиш ўтказилганини маълум қилган

“Шунга кўра тезкор чора-тадбирлар белгиланиб, Республика Маданий мерос агентлигидан вакиллар жалб қилинди ва “Абдуллахон” мадрасасининг орқа қисми теворининг ўпирилиб тушган бўлагини белгиланган тартибда тегишли лойиҳа асосида қайта тиклаш ва зарурий реставрация ишларини ташкил этиш ишлари бошланди”, дейилган вилоят ҳокимлиги хабарномасида.

Расмийлар Бухородаги кўҳна иншоот девори қулаши юзасидан прокуратура органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётганини қўшимча қилганлар.

Ҳокимлик вакиллари мадраса деворини қайта тиклаш ишлари қай тарзда амалга оширилишига аниқлик киритмаганлар. Аввалроқ Озодлик билан суҳбатлашган қатор санъатшунослар Ўзбекистондаги ЮНЕСКО рўйхатига кирган қадимий иншоотларни таъмирлаш ишида “евроремонт” услубидан фойдаланилаётганидан ёзғирган эдилар.

“Абдуллахон” мадрасаси 1588-90 йиллари Бухоро хони Абдуллахон II томонидан бунёд этилган. Маълумотларга кўра, мадраса 1997 йили Бухоронинг 2500 йиллиги муносабати билан шаҳардаги барча меъморий иншоотлар қаторида қайта таъмирдан чиқарилган.

Ўзбекистон президенти ҳафтанинг иккинчи ярмида Туркманистонга сафар қилади

Ш. Мирзиёев ҳафта охирида Туркманистонга сафар қилиши ҳақида президент матбуот котиби Ш. Асадов маълум қилди

Жорий йилнинг 5-6 август кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Туркманистонга боради. Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов душанба куни Тошкентда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифинг чоғида маълум қилди.

Ш. Асадовга кўра, Ўзбекистон президенти Туркманистонга сафари доирасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Аваза шаҳрида бўлиб ўтадиган 3-маслаҳатлашув учрашувида иштирок этади.

Минтақа давлатлари раҳбарларининг аввалги икки учрашуви Қозоғистон ва Ўзбекистон пойтахтларида ўтказилганини урғулаган Ш. Асадов Туркманистондаги учрашув кун тартибига Марказий Осиёдаги савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалалар киритилганини қайд этган.

Президент матбуот котиби Авазадаги учрашув доирасида иқтисодий форум ва минтақадаги етакчи аёллар учрашуви ҳам ташкил этилишини қўшимча қилган.

Ўзбекистон президентининг Туркманистонга бўлажак сафари Ш. Мирзиёев ва Г. Бердимуҳамедов ўртасида 24 июль куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида муҳокама қилинган эди.

Андижонда ҳокимлик биноси олдида йўл тўсган аёлларнинг аксарияти суд ҳукми билан қамалди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан скриншот

Жорий йилнинг 2 август куни Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди ўтган шанба Андижон вилояти ҳокимлиги биноси олдидаги йўлни тўсиб қўйган бир гуруҳ шахс (17 киши) иши бўйича ҳукм чиқарди.

Андижонда вилоят ҳокими қабулига киролмаган бир гуруҳ аёл 31 июль куни автомобиль йўлини тўсиб қўйгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, ўтган шанба куни фуқаролардан бир гуруҳи вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов қабулига келишган, бироқ қабул тартибида ўзгаришлар бўлгани учун улар ҳокимнинг биринчи ўринбосари Отабек Турсунов ҳузурига йўлланган. Ҳокимлик матбуот хизмати иддаосича, қабул тартибидаги ўзгаришлар ҳақида барча ахборот ресурсларида 29 июлдаёқ хабар берилган.

ИИБ баёнотида айтилишича,, ҳокимлик ходимлари изоҳига қарамай, фуқаролар биринчи ўринбосар қабулига киришдан бош тортишиб, жамоат жойида ўзини тутиш қоидаларини бузишиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари талабларига бўйсунмай, ҳокимлик биноси олдидаги автомобиль йўлини тўсиб қўйишган.

Мазкур ҳодиса юзасидан Андижон шаҳар ИИБ фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси терговга қадар текширув ўтказган ҳамда текширув натижалари ва бошқа материаллар шаҳар судига топширилган.

Суд қарори билан йўл тўсган 15 нафар аёл ва 2 нафар эркак Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ҳамда 201-моддаси 1-қисми (Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) бўйича айбдор, деб топилганлар. Судланганлардан 11 нафари 8 суткадан 15 суткагача ҳибсга олинганлар, қолганларига эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари (1 миллион 715 минг сўм) миқдорида жарима солинган.

Озодлик ўтган ой Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани Айритом қишлоғида ўтган ой электр энергияси билан боғлиқ муаммолар туфайли Тошкентдан келаётган “Афросиёб” тез юрар поезди йўлини тўсиб қўйган 9 нафар фуқаро 15 кунга ҳибсга олингани, яна 4 киши жаримага тортилгани ҳақида хабар қилганди.

Шерзод Асадов Ўзбекистон президенти коронавирусга қарши тўлиқ эмланганини очиқлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда эмлаш учун рухсат этилган учта вакцинадан бирини қабул қилган. Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов 2 август куни Тошкентда оммавий ахборот воситалари учун ҳар душанба анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган брифинг чоғида маълум қилган.

Брифинг чоғида Кун.уз нашри мухбири томонидан берилган “Президентимизнинг ўзи вакцина қабул қилдими, агар жавоб ижобий бўлса, у қандай турдаги вакцина?” саволига Ш. Асадов тасдиқ жавобини берган.

“Давлатимиз раҳбари масъулиятли фуқаро сифатида вакцинация жараёнига жиддий қараганлар ва эмланиш муолажаларини тўла қабул қилиб бўлганлар. Президентимиз вакцина қабул қилаётган вақтларида Ўзбекистонда учта вакцина бўйича эмлаш олиб борилаётганди, булар Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлигида ишлаб чиқилган вакцина, “Спутник V” ва AstraZeneca вакциналари эди. Давлат раҳбари шу вакциналардан бирини қабул қилган”, дея жавоб қилган Шерзод Асадов мамлакат президентининг айнан қачон ва қайси препарат билан эмланганига аниқлик киритган эмас.

Ўзбекистон президентининг бошқа давлат раҳбарлари (мас., АҚШ президенти Жо Байден ёки қўшни Қирғизистон президенти Садир Жапаров) каби бевосита телекамералар қаршисида вакцина олмагани маълум, Ш. Мирзиёев вакцинация жараёнида иштирок этганидан гувоҳлик берувчи фотоҳужжатлар ҳам мавжуд эмас.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатда эмлов жараёнини жадаллаштириш зарурлигини таъкидлагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, рассом Марат Содиқов вафот этди

Рассом Марат Содиқов

Жорий йилнинг 1 август куни Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Рассомлар уюшмаси аъзоси, график ва акварелист рассом Марат Содиқов 76 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда маълумот тарқатган Ўзбекистон Бадиий академияси рассом вафоти сабабини очиқлаган эмас.

Қайд этилишича, 1945 йил 1 январида Бухоро шаҳрида туғилган М. Содиқов 1973 йили Островский номидаги Тошкент театр ва рассомчилик институтини тамомлаган.

У 1972 йилдан буён республика ва халқаро бадиий кўргазмаларда иштирок этиб келган.

М. Содиқовга 2004 йили Ўзбекистон Бадиий академияси академиги унвони берилган.

Рассомнинг асарлари Москвадаги Шарқ халқлари давлат музейи, Третьяков галереяси, Ўзбекистон санъат музейи ҳамда АҚШ, Россия, Германия, Финляндия, Италия, Франция ва Япониядаги галерея, музейлар ва хусусий коллекцияларда сақланади.

Санъаткор 2 август куни маҳаллий вақт билан соат 12.30 да Тошкентнинг Чўпонота кўчасида жойлашган қабристонда дафн этилиши билдирилган.

Коронавирус юқтириб олганлар сони 131 мингдан, пневмонияга чалинганлар сони 11 мингдан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 1 август ҳолатига кўра, 131 минг 79 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, кеча мамлакат бўйлаб 863 киши коронавирусга чалинган.

Якшанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 733 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 124 минг 728 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 6 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 886 нафарга етганини қўшимча қилган.

Вазирлик маълумотига кўра, август ойининг биринчи куни яна 498 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 11 минг 367 киши пневмонияга чалинган. Булардан 4 минг 253 нафари соғайиб чиққан, 76 нафари эса вафот этган.

Қашқадарёда ногирон онасини урган аёл қилмиши ИИБ ходимлари томонидан ўрганилмоқда

Қарши шаҳрида ногирон онасини уриб-таҳқирлаган О.Ҳ.нинг хатти-ҳаракатлари Қашқадарё вилояти ИИБ ХҚМБ масъул ходимлари томонидан ўрганилмоқда. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео юзасидан расмий муносабатини билдирган ИИБ онасига қўл кўтарган аёл Қарши шаҳар, Шайхали маҳалласи Бўзтепа кўчасидаги 18-ётоқхонанинг 56-хонасида яшашини маълум қилган.

Қайд этилишича, О.Ҳ. шу йилнинг 13 июль куни Касаба уюшмалари федерацияси Қашқадарё вилояти бошқармаси биноси олдига 1- гуруҳ ногирони бўлган онаси М. А.ни ҳокимият вакилларидан пул ундириш мақсадида олиб келган.

Онасини мазкур манзилда қолдириб кетган аёл бир муддатдан сўнг қайтиб келгач, “нега ҳокимият вакилларидан пул сўрамадинг?!” деб, онасини уриб, таҳқирлаган.

Хабарномада жорий йил бошидан бери О.Ҳ. ва унинг оиласига озиқ-овқат ва нақд пул шаклида 56 миллион сўм моддий ёрдам берилгани, турар-жой билан таъминлангани ҳамда Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан уй-жой қуриш учун 2 сотих ер ажратилгани иддао қилинган.

Вилоят ИИБ онасини урган аёл хатти-ҳаракатлари айни пайтда ўз ходимлари томонидан ўрганилаётганини урғуларкан, О.Ҳ.га нисбатан ҳалигача бирор чора кўрилган-кўрилмаганини очиқлаган эмас.

ФВВ Зоминдаги ёнғин чоғида ҳеч ким жабрланмагани ва қурбон бўлмаганини билдирди

Зоминдаги ўрмон ёнғинини бартараф этишда иштирок этган ходимлар (ФВВ фотоси)

Жиззах вилояти Зомин тумани “Дуоба” маҳалла фуқаролар йиғини “Ўриклисой” аҳоли пункти ҳудудига яқин жойда 1 август куни юзага келган ёнғин оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, "Зомин" санаторийси яқинида 80 гектар майдонда якшанба куни эрталаб соат 10:40 дан бошланган ёнғин ФВВ, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Чегара қўшинлари, Давлат ўрмон хўжалиги қўмитасининг юзлаб ходими иштирокида соат 18:20 га бориб тамоман ўчирилган.

Ёнғинни ўчириш учун 14 та ёнғин ўчириш экипажи, битта ёнғин қутқарув отряди ҳамда тўртта вертолёт жалб этилган ва тақрибан 7 соат вақт сарф қилинган.

“Тегишли идораларнинг куч воситаларининг ўз вақтидаги харакатлари натижасида ёнғин яқин атрофдаги аҳоли пунктларига ўтмади”, дейилган ФВВ хабарномасида.

Айни пайтда Мудофаа вазирлиги Зоминдаги ёнғинни бартараф этишга 400 нафар ҳарбий хизматчидан иборат батальон жалб этилгани, Ҳарбий-ҳаво кучлари вертолёт авиацияси звеноси томонидан Зомин сув омборидан йигирма маротабадан ортиқ махсус восита ёрдамида сув олиниб, ҳаводан олов ўчоқларига 30 тоннадан зиёд сув ташланганини билдирган.

Зомин туманидаги ўрмон ҳудудида 1 август куни ёнғин содир бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Магистратурага кириш имтиҳонлари келаси йилдан Давлат тест марказига ўтказилади

31 июл куни Халқаро пресс-клубнинг олий ўқув юртларига қабул масалаларига бағишланган йиғилишида Олий ва ўрта махсус таълими вазири Абдуқодир Тошқулов магистратурага кириш имтиҳонлари келаси йилдан бошлаб тест марказига ўтказилишини маълум қилди.

Вазир магистратурага қабул кўп йиллар давомида адолатсиз тарзда амалга ошириб келинганини тасдиқлади.

Жорий 2021 йилда мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонлари вақт зиқлиги боис Давлат тест марказида ўтказилмагани айтилди.

Вазирнинг таъкидлашича, эндиликда магистратурага имтиҳонлар уч асосий йўналиш бўйича амалга оширилади: чет тили ва мутахассислиги синов имтиҳонлари ҳамда бакалавр дипломи бўйича олинган ўртача баллар ҳисобига.

Чет тиллар бўйича имтиҳонларнинг Давлат тест марказига ўтказилиши орқали имтиҳон ошкоралигига эришилади, деди вазир Тошқулов.

- Бу йил вақт етишмагани учун магистратурага кириш имтиҳонларини ДТМга топширишга улгурмадик. Келаси йилдан ихтисослик фанлари бўйича имтиҳонлар ҳам ДТМга ўтказилади. Бакалавриатни тугатаётганларнинг ҳаммаси бу ҳақида билиши керак, деди Абдуқодир Тошқулов.

Бундан ташқари, янги тартибларга кўра, кейинги ўқув йилидан чет тили бўийча сертификатга эга бўлмаган абитуриентлар магистратурага имтиҳон топшира олмайдилар.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Жанубий Корея расмийлари билан учрашди

2021-йилнинг 31-июл куни Сеулда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Яшил ўсиш глобал институти (GGGI) Ассамблеяси раиси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг собиқ бош котиби Пан Ги Мун билан учрашди.

Бу ҳақда хабар берган Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, Ўзбекистон МДҲ ҳудудида Яшил ўсиш глобал институтига аъзо бўлиб кирган биринчи давлат бўлди.

Таъкидланишича, Тошкентда GGGI нинг Марказий Осиёдаги биринчи ваколатхонаси очилди, ўндан ортиқ қўшма тадбирлар амалга оширилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон ва GGGI ўртасидаги қатор соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, глобал иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, яшил иқтисодиёт технологияларини жорий этиш, қайта тикланадиган ва водород энергетикасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Сеулга расмий ташриф билан келган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИCА) президенти Сон Ҳёк Санг билан ҳам учрашди.

Айтилишича, агентликнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси очилганидан буён 130 миллион долларлик 32 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди, Корея Республикасида ўзбекистонлик мутахассисларнинг 2 мингдан ортиқ амалиёти ташкил этилди, 570 дан ортиқ КОИCА кўнгилли экспертлари жалб қилинди.

Учрашувда KOICA ва GGGI ўртасидаги қиймати 5,6 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа доирасида Орол денгизи минтақасининг экологик, ижтимоий-иқтисодий ва демографик ҳолатини яхшилаш бўйича музокаралар олиб борилди.

Абдулазиз Камилов, шунингдек, Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Пак Бён Сок ва Корея Республикаси Ташқи ишлар вазири Чон Ий Йон билан учрашувлар ўтказди.

Томонлар яқинлашиб келаётган тарихий саналар – дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва 2022-йилда корейс диаспорасининг Ўзбекистонда истиқомат қилишининг 85 йиллигини кенг нишонлаш юзасидан фикр алмашилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG