Линклар

Шошилинч хабар
20 июн 2021, Тошкент вақти: 17:34

Ўзбекистон хабарлари

Мирзиёев: Ерни тадбиркорларга текинга бериш амалиётидан воз кечилади

Президент Намангандаги иссиқхоналардан бирида.

Президент Шавкат Мирзиёев 8 июнь куни ўтган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда тадбиркорлик учун ерларни текинга бериш амалиётидан воз кечилиши ҳақида гапирди.

Видеоселекторни кузатган маҳаллий нашрларнинг ёзишича, Мирзиёев бу борада махсус фармонни имзолаганини билдирган.

“Энди тадбиркорлик учун ерларни тўғридан-тўғри ва текинга бериш амалиётидан бутунлай воз кечилади ва ерлар ҳамма учун бир хил ва ошкора, электрон аукцион орқали хусусий мулк қилиб сотилади ёки ижарага берилади. Туман ва шаҳар ҳокимларининг ер ажратиш ва уларни қайтариб олиш билан боғлиқ барча ваколатлари бекор қилинди”,-деб иқтибос келтиради президент сўзларидан“Дарё уз”.

Президент ўз сўзи давомида “ерни халққа бўлиб бериш, 10 йилга ижарага бериш, кам таъминланган, ишсизларга бериш” ҳақида ҳам гапирган.

Президентга кўра, ҳукумат тадбиркорларга ва аҳолига ер бериш билан бирга уларга ердан қандай даромад топиш мумкинлигини ўргатиши зарур.

Кун янгиликлари

Абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш бошланди

Рўйхатга олиш Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали амалга оширилади.

Адлия вазирлиги 2021/2022 ўқув йили учун ОТМнинг бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш бошлангани ҳақида хабар берди.

Рўйхатга олиш Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали амалга оширилади.

Абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтиш учун телефон рақамини авторизациядан ўтказиб, паспорт маълумотлари, доимий яшаш манзили ва тугатган таълим муассасаси бўйича маълумотларни киритиши, имтиёзлари мавжуд бўлса, уларни текширишлари, чет тилидан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлса, сертификат маълумотларини киритиши керак.

Таълим йўналишларини эса 2021-2022-ўқув йили учун ОТМга ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари белгиланиб, тиллар кесимида тасдиқланганидан сўнг танлаш мумкин бўлади.

Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш 20 июлга қадар (20 июль куни ҳам) давом этади ҳамда улар ушбу муддатга қадар ўз маълумотларини ўзгартиришлари, чет тилидан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўладиган бўлса, сертификат маълумотларини киритишлари мумкин.

Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланади

Иллюстратив сурат.

1968 йилда ташкил этилиб 1997 йилгача ўтказилиб келинган Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев махсус қарорни имзолагани тўғрисида Кинематография агентлиги 19 июнь куни маълум қилди.

“Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорга асосан 1997 йилгача Осиё, Африка ва Лотин Америкаси халқаро кинофестивали деб номланган Тошкент кинофестивали номи эндиликда “Ипак йўли дурдонаси”, деб ўзгартирилади.

Мазкур кинофестивал Кинематография агентлиги томонидан 2021 йилдан бошлаб ҳар йили 28-сентябрь – 3-октябрь кунлари ўтказилади.

Кинофестиваль жорий йилда “Тинчлик, тараққиёт ва маърифат” шиори остида ўтказилади. Унга хориждан жами 355 нафар иштирокчи, шу жумладан, 55 нафар таниқли киноюлдузлар таклиф этилади.

Коронавирусга янги чалинганлар сони бўйича Сурхондарё Тошкентдан кейинги иккинчи ўринда

Сўнгги бир сутка ичида яна 415 кишида коронавирус анқиланган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 19 июнь ҳолатига кўра, 106025 кишига етди. Сўнгги бир сутка ичида яна 415 кишида коронавирус анқиланган.

Янги касалланиш ҳолатларининг 182 нафари Тошкент шаҳрида, 74 нафари Сурхондарё вилоятида, 35 нафари Самарқанд вилоятида, 30 нафари Тошкент вилоятида қайд этилди.

Бундан ташқари Бухорода 18, Жиззахда 16, Фарғонада 14, Хоразмда 11 бемор аниқланди. Қолган вилоятларнинг ҳар бирида янги аниқланган беморлар сони 10 кишидан оз.

Касалликдан соғайганлар жами 101692 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда. Шу кунгача коронавирусдан ўлганлар сони расман камида 718 кишига етди. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3615 нафар бемор даволанмоқда.

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штаби истеъфога чиқарилди

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионатлари саралашидаги энг ёмон натижа ортидан жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов ва мураббийлар штаби шартнома шартларига мувофиқ истеъфога чиқарилган.

Жамоа сардори Одил Аҳмедов ҳам миллий жамоадаги фаолиятига якун ясаганини айтди.

15 июнь куни футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионати-2022 саралаш 2-босқичи доирасидаги олтинчи ўйинини Саудия Aрабистони терма жамоасига қарши ўтказганди. Учрашув эса мезбон жамоанинг 3:0 ҳисобдаги йирик ғалабаси билан якунланди. Ўзбекистон бу сафар ҳам Жаҳон чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолди.

Ҳозирча жамоага ким бош мураббийлик қилиши маълум эмас.

Ўзбекистон бир ойда 1,2 миллиард долларлик олтин сотган

Ўзбекистон май ойида 1,2 миллиард долларлик олтин сотган. Мамлакат ташқи иқтисодий фаолияти бўйича эълон қилинган ҳисоботда олтин экспорти ташқи савдо тиклана бошлашининг асосий сабабларидан бири сифатида келтирилган.

Ҳисоботга кўра, ўтган беш ой давомида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси (ТСА) 14,5 миллиард долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 млрд долларга ёки 13,2 фоизга кўпайган.

Лекин бу кўрсаткич 2019 йилнинг дастлабки 5 ойидаги натижалардан 5,5 фоизга кам.

Олтин қазиб олиш ва ишлаб чиқариш саноати Ўзбекистонда етакчи саноатлардан бири саналади.

Дунё бўйлаб Ўзбекистон олтин қазиб олиш бўйича ўнта мамлакат ичида, собиқ совет давлатлари орасида эса, Россиядан кейин иккинчи ўриндадир.

Наманганда ҳокимлик биносига қўйларни ҳайдаб борган фуқаро 10 кунга қамалди

Наманганда ҳокимлик биноси олдига қўйларни ҳайдаб борган фуқаро шаҳар ободончилик қоидаларини бузишда айбланиб, 10 кунга қамалди.

Бундан ташқари фуқарога базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси ҳам белгиланган.

"Mubosher Laziz Azizbek fayz" МЧЖга тегишли бўлган қўйлар 17 июнь куни Наманган вилояти Янгиқўрғон туман ҳокимлиги биносига ҳайдаб келинганди.

Туман ҳокимлиги томонидан озуқа етиштириш учун ер ажратилмагани сабабли чўпонлар шундай норозилик акцияси уюштиришган.

Наманган Ички ишлар бошқармаси хабарига кўра, жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман судининг очиқ суд мажлисида туман ҳокимлиги биноси олдига қўйларни олиб келган фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 1-қисми, 104-моддаси 1-қисми, 161-моддаси, 183-моддаси ва 194-моддаси 1 қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилган.

Маълум қилинишича, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 1-қисми билан, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдоридаги жарима жазоси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 104-моддаси 1-қисми ва 161-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдоридаги жарима жазоси, кодекснинг 183-моддаси билан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси, кодекснинг 194-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдоридаги жарима жазоси тайинланди.

Бундан олдин Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокимлиги биноси олдига 1,5 мингга яқин қўй суруви ҳайдаб келиниши ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлганди.

Коронавирус: Ўзбекистонда кунлик холат 400га яқинлашди, яна бир киши вафот этди

Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш бўйича кунлик антирекорд яна янгиланди. Расмий хабарларга кўра, 18 июнь куни 400га яқин кишида коронавирус аниқланган.

Бу жорий йилда қайд этилаётган энг юқори кўрсаткич.

"2021 йил 18 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 105610 (+391) нафарни ташкил этмоқда", дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, 1 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 718 нафарни ташкил қилди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3581 нафар бемор даволанмоқда.

Коронавирусга чалинганлар сони 105 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 17 июнь ҳолатига кўра, 105 минг 219 нафарга етган.

ССВ қайдича, ўтган кеча-кундузда мамлакатнинг истисносиз барча ҳудудларида 385 киши коронавирус юқтириб олган.

Айни пайтда пайшанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 395 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 101 минг 18 нафарни ташкил этган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса шу кунда 3 минг 484 нафарни ташкил этмоқда.

Вазирлик ўтган кеча-кундузда Ўзбекистон бўйлаб коронавирусга чалингани ортидан 4 киши вафот этгани, хасталик қурбонларининг умумий сони эса 717 нафарга етгани ҳақида билдирган.

Бакалавриат ва магистратура имтиҳонларини Интернетда жонли кузатиш имкони пайдо бўлади

Ўзбекистонда 2021/2022 ўқув йили қабулигача имтиҳонларни Интернетда жонли эфирга узатишни таъминлайдиган, барча фойдаланувчилар учун очиқ бўлган “imtihon.uz” веб-платформаси ишга туширилади. Бу ҳақда куни кеча мамлакат президенти томонидан имзоланган “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда айтилган.

Ҳужжатга мувофиқ, бундан буён ОТМнинг бакалавриат ва магистратура имтиҳонлари, ўқишни кўчириш билан боғлиқ имтиҳонлар ҳамда нострификация тест синовлари жараёнини Интернетда жонли эфирга узатиш тартиби жорий этилади.

Қайд этилишича, имтиҳонларни ўтказиш жараёнини Интернет тармоғида жонли эфирга узатиш таклифи Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Давлат тест маркази томонидан берилган.

Ургутда олти киши қўлга олинди, ИИБ уларнинг ҳизбчи эканини иддао қилмоқда

Самарқанд вилоятининг Ургут туманида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида 6 нафар шахс қўлга олинган.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, мазкур тадбирлар вилоят ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан амалга оширилган.

Қўлга олинган шахсларнинг “Ҳизбут-Таҳрир”га аъзолиги иддао қилинмоқда.

“Улар орасида муқаддам мазкур террористик ташкилот ғояларини тарғибот қилганлиги боис жиноий жазога маҳкум этилган шахсларнинг борлиги аниқланди”, дейилган ИИБ хабарномасида.

Қайд этилишича, айни пайтда очилган жиноят иши доирасида мазкур шахсларга нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.

Аввалроқ Озодлик Сирдарёда экстремистик материалларни тарқатганликда гумонланган 20 киши қўлга олингани ҳақида хабар қилганди.

Тинчликсеварлик рейтингида Ўзбекистон 90-ўринни эгаллади

Иқтисодиёт ва тинчлик институти томонидан ўтказилган Global Peace Index (Жаҳон тинчликсеварлик кўрсаткичи) да Ўзбекистон бу йил дунёдаги 163 мамлакат орасида 90-ўринни эгаллади. Қароргоҳи Сиднейда жойлашган институтнинг 15 йилдан бери ўтказиб келинаётган тадқиқотида мамлакат ўтган йили 103-ўринга қўйилганди.

Рейтингда Марказий Осиё мамлакатларидан Қозоғистон 67-ўринга, Қирғизистон 76-ўринга, Тожикистон 97-ўринга, Туркманистон эса 109-ўринга қўйилган.

Тадқиқот натижасига кўра, Исландия дунёдаги энг тинчликсевар ўлка ўлароқ тан олинган. Рейтингнинг юқори поғоналаридан яна Янги Зеландия, Дания, Португалия, Словения, Австрия, Швейцария, Ирландия, Чехия ва Канада каби давлатлар ўрин олган. Сурия, Яман ва Афғонистон каби мамлакатлар эса рўйхат охиридан жой олган. Шимолий Корея, Венесуэла, Судан, Россия, Марказий Африка республикаси, Ливия, Конго, Ироқ ва Сомали кабилар эса агрессия даражаси юқори бўлган мамлакатлар қаторида саналган.

Global Peace Index мамлакатдаги зўравонлик ва жиноятчилик даражаси, қуролланиш ва мудофаа харажатлари, қўшни давлатлар билан муносабатлар, мамлакатда қуролли зиддият мавжуд ёки эмаслиги, қочқинлар фоизи ва расмийларнинг инсон ҳуқуқларига риоя қилиши дохил 23 кўрсаткич бўйича тузилган.

Бир ярим ойда юз миллиард сўмдан кўпроқ давлат харидлари ноқонуний амалга оширилган

Давлат харидларини қонунбузарликлар билан амалга оширган вилоятлар орасида Андижон биринчи ўринни эгаллаган.

Жорий йилнинг май-июнь ойида 101,5 миллиард сўмлик давлат харидлари ноқонуний амалга оширилган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 17 июнь куни маълум қилди.

Расман билдирилишича, давлат харидларини қонунбузарликлар билан амалга оширган вилоятлар орасида Андижон биринчи ўринни эгаллаган. Мазкур вилоятда 20 миллиард сўмлик 51 та давлат хариди ноқонуний равишда бўлгани аниқланган.

Тошкент шаҳрида 19,5 млрд. сўмлик (51 та), Самарқандда 12,8 млрд. сўмлик (52 та), Жиззахда 8,3 млрд. сўмлик (20 та) танловлар бўйича давлат харидларига оид қонунчилик талаблари бузилганлиги маълум бўлди. Қолган вилоятларда ҳам ноқонуний давлат харидлари миқдори миллиардлаб сўмларни ташкил қилади.

Давлат харидларига оид қонунчилик талаблари бузилган танловлардан 72 таси (24,6 млрд.) туман (шаҳар) ҳокимликлари, 71 таси (20,9 млрд.) Халқ таълими вазирлиги, 61 таси (17,9 млрд.) Соғлиқни сақлаш вазирлиги, 33 таси (11,1 млрд.) Мактабгача таълим вазирлиги, 24 таси (7,9 млрд.) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, 9 таси (3,6 млрд.) Сув хўжалиги вазирлиги ва қолган 54 таси (15,5 млрд.) бошқа вазирлик ва идоралар ҳисобига тўғри келади.

Тошкентдан Деҳлига жума куни амалга ошириладиган парвозлар бекор қилинди

Иллюстратив сурат.

Uzbekistan Airways 18 июндан бошлаб Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрига ҳар жума куни амалга ошириладиган парвозларни бекор қилди. Ширкат матбуот хизматининг билдиришича, бу ҳақда Коронавирусга қарши кураш бўйича махсус респбулика комиссияси қарор чиқарди.

Тошкент-Деҳли-Тошкент рейсининг бекор қилинишига Ҳиндистонда коронавирус билан боғлиқ оғир эпидемиологик вазият сабаб бўлган.

“Бекор қилинган рейсларнинг йўловчиларига билет учун тўлаган пуллари қайтариб берилади”,-дейилади расмий билдирувда.

Айни пайтда Тошкентдан Деҳлига ҳар сешанба кунлари амалга ошириладиган парвозлар белгиланган тартиб асосида амалга оширилади.

Жаҳон банки Ўзбекистон солиқ тизими ислоҳоти учун 60 миллион доллар қарз беради

Жаҳон банки Ўзбекистон солиқ тизими ислоҳоти учун 60 миллион доллар қарз бериш лойиҳасини тасдиқлади.

Жаҳон банкининг 17 июнда маълум қилишича, Давлат солиқ қўмитаси фаолиятининг самарадорлигини ва маҳаллий солиқ тўловчиларга кўрсатилаётган хизмат сифатини яхшилашга қаратилган лойиҳа учун қарз “жуда оз фоиз билан 30 йилга” берилмоқда.

Таъкидланишича, лойиҳа натижасида Ўзбекистонда солиқ базаси кенгайтирилади ва бу яширин иқтисодиёт кўламининг қисқаришига хизмат қилади. Жаҳон банкининг таъкидлашича, бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиётининг 50 фоизга яқини яшириндир, яъни солиқ тўламайди.

Жаҳон банки лойиҳа амалга оширилиши оқибатида Ўзбекистон бюджетига тушадиган солиқ миқдори кўпайишига, фирма ва ширкатларда янги иш ўринлари яратилишига умид қилмоқда.

Сирдарёда экстремистик материалларни тарқатганликда гумонланган 20 киши қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод ва Янгиер туманларида Telegram орқали экстремистик материалларни тарқатишда гумонланган 20 киши қўлга олингани тўғрисида вилоят Ички ишлар бошқармаси маълум қилди.

Расман билдирилишича, гумонланувчилар Ички ишлар бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати 16 июнда ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир доирасида ушланган.

Қўлга олинган гуруҳ Telegram орқали экстремист ва террорчи ташкилотларни тарғиб қилувчи аудио ва видеоларни тарқатиб келганликда гумонланмоқда.

Ички ишлар бошқармаси тарқатган хабарга гуруҳ аъзолари уйи тинтув қилинганида топилгани иддао қилинаётган тўппонча ва оптик мўлжалга олиш ускунаси бўлган милтиқ сурати ҳам илова қилинган.

Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармаси 15 июнда Ғаллаорол туманида Сурия Араб Республикасида террорчилик ҳаракатларини амалга ошираётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” таркибига қўшилишни режалаштираётган гуруҳ қўлга олингани ҳақида маълум қилганди.

Июнь ойининг бошларида эса Самарқандда Сурияга кетмоқчи бўлган 14 киши ушлангани расман билдирилган.

Ўзбекистонда коронавирус: Самарқанд Тошкентдан кейин иккинчи ўринга чиқди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, сўнгги бир сутка ичида яна 371 кишида коронавирус аниқланди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 16 июнь ҳолатига кўра, 104834 нафарга етди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, сўнгги бир сутка ичида яна 371 кишида коронавирус аниқланди.

Вирусга янги чалинганларнинг 170 нафари Тошкент шаҳрида, 40 нафари Самарқанд вилоятида, 39 нафари Тошкент вилоятида, 27 нафари Сурхондарё вилоятида.

Бундан ташқари Жиззахда 21 кишида, Фарғонада 19 кишида, Бухорода 15 кишида, Қашқадарёда 10 киишида коронавирус аниқланди. Қолган вилоятларнинг ҳар бирида 3 нафардан 8 нафаргача янги бемор аниқланган.

16 июнда коронавирусга чалинган 2 нафар бемор вафот этган. Бу билан касалликдан ўлганлар сони 713 нафарни ташкил қилди.

Касалликдан соғайганлар жами 100623 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3498 нафар бемор даволанмоқда.

Ўзбекистон президенти икки кунлик амалий ташриф билан Андижон вилоятига жўнаб кетди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлардаги ўзгаришлар, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 17 июнь куни Андижон вилоятига жўнаб кетган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, икки кунлик амалий ташриф давомида мазкур вилоятда тўқимачилик, агросаноат ва қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолияти билан танишиш, бунёдкорлик ишларини кўздан кечириш режаланган.

Қайд этилишича, “Янги Андижон” шаҳри қурилиши бошланиши ташрифнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлади.

Президент Ш. Мирзиёев 17-18 июнь кунлари Андижонга бориши ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Андижондан аввал президент 1-2 июнь кунлари Сурхондарёга сафар қилганди.

ДХХнинг собиқ бош биноси қарийб 20 миллион АҚШ долларига сотилди

ДХХнинг собиқ марказий биноси жойлашган Сайилгоҳ кўчаси

Давлат хавфсизлик хизматининг (аввалги Миллий хавфсизлик хизмати ёки МХХ) Тошкент шаҳри Сайилгоҳ кўчасида жойлашган собиқ марказий биноси 210 миллиард сўмга сотилди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумотига мувофиқ, мазкур бино бўйича “METROPOL GROUP” МЧЖ савдо ғолиби, деб топилган.

Davletov.uz Телеграм-канали қайдича, “METROPOL GROUP” МЧЖ муассиси (100%) Камилов Данияр Абдулазизович бўлиб ҳисобланади.

Д. Комилов Ўзбекистоннинг амалдаги ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғлидир.

Аввалроқ Озодлик Давактив маълумотига таянган ҳолда, ДХХнинг Сайилгоҳ кўчасидаги собиқ бош қароргоҳи аукцион савдоларига қўйилгани, бинонинг “1 сўм” бошланғич қийматда оммавий савдоларга чиқарилиши белгилангани ҳақида хабар қилганди.

Бухорода бюджет ташкилоти қарийб 65 миллиард сўмлик давлат харидини тендерсиз амалга оширган

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси “Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш" унитар корхонаси фаолиятида “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларининг бузилиш ҳолатларини аниқлаган.

Аксилмонополия қўмитаси матбуот хизмати маълумотига кўра, ўрганиш “Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш” УК томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар асосида олиб борилган.

Ўрганиш чоғида Бухоро ЙМФУК “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талабларига зид равишда 2019 йилда 31 миллиард 413 миллион 366 минг 209 сўмлик, 2020 йилда эса 33 миллиард 420 миллион 96 минг 221 сўмлик (жами 6 миллион АҚШ долларидан кўпроқ - таҳр.) товарлар аукцион савдоларисиз ва хизматлар тендер савдоларисиз тўғридан-тўғри харид қилиш бўйича шартномалар имзоланиб, харидлар амалга оширилгани қайд этилган.

Аксилмонополия қўмитасининг махсус комиссияси томонидан “Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш” УКга қайд этилган қонунбузарликни бартараф этиш ва келгусида мазкур қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатма берилган.

Мирзиёев давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга оид фармон имзолади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистонда мансабдор шахслар зиммасига хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатларини ўз ташкилотлари расмий сайтларида эълон қилиш мажбурияти юклатилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев томонидан шу йил 16 июнида имзоланган "Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонда қайд этилган.

Ҳужжатга мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари 2021 йил 1 июлдан бошлаб қуйидагилар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига ва ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб, уларни ҳар чоракда янгилаб боради:

амалга оширилган давлат харидлари, шу жумладан, тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар);

мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари (хизмат сафарининг ёки ташрифнинг мақсади, суткалик пул, транспорт ва яшаш билан боғлиқ харажатлар, бундан давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар мустасно);

Ўзбекистон президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан, индивидуал имтиёзлар берилган субъектларнинг бенефициарлари (якуний манфаатдор жисмоний шахслари), улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар;

ўзларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, шу жумладан, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари.

Фармон билан давлат идоралари зиммасига ҳар йили 1 мартга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни (давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар бундан мустасно) расмий веб-сайтларига жойлаштириб, 10 мартга қадар уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар бериш ҳамда 1 апрелга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказиш вазифаси топширилган.

ОТМларга ҳужжат қабул қилиш жараёни 3 кундан сўнг бошланади

Ўтган йили аксар ОТМларда қабул имтиҳонлари карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда очиқ майдонларда ўтказилганди

Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида янги ўқув йили учун онлайн тарзда ҳужжат қабул қилиш 20 июндан бошланади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 июнь куни олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланиб ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтилган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотига кўра, икки ҳафта муддатда қўшимча давлат гранти асосида (имтиёзли) қабул параметрлари тасдиқланади.

Видеоселектор йиғилишида бу йил ОТМларга қабул сони ўтган йилга нисбатан 13 фоизга оширилиб, 181 минг нафарга етказилиши айтилган. Қайд этилишича, 2021/2022 ўқув йили учун 1,5 миллион нафардан зиёд абитуриент ОТМга кириш учун ҳужжат топшириши кутиляпти. Шу боис президент ушбу жараённи карантин ва хавфсизлик талабларини таъминлаган ҳолда, юқори савияда ўтказиш бўйича топшириқлар берган.

Таъкидланишича, бу йил илк маротаба 9 та нодавлат ОТМда 22 йўналиш бўйича талабаларни ўқитиш учун 500 та давлат гранти ажратилади.

Йиғилишда бугунги кунда талабалар учун қўшимча 149 мингта турар жойга эҳтиёж мавжуд урғуланиб, ётоқхоналарни тадбиркорлар билан хусусий шериклик асосида ташкил этиш учун олий таълим муассасаси ҳудудидан ёки унга яқин жойдан аукцион орқали ер ажратилиши белгиланган.

“My5” камераси флеш картасини чайнаб ташлагани иддао этилган ҳокимлик мулозимига ҳайфсан берилди

Иштихон тумани ҳокимлиги мулозимининг “My5” камераси хотира картасини суғуриб олаётгани тасвирга тушиб қолган (Kun.uz фотоси)

Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида стелеканали журналистларига тегишли камера хотира картасини чайнаб ташлагани иддао қилинган туман ҳокимлиги ахборот хизмати ходими жазоланди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Аввалроқ маҳаллий матбуот 14 июнь куни “My5” журналистлари Иштихон деҳқон бозорида юз берган ёнғин ҳақида материал тайёрлаш учун воқеа жойига боргани, у ерда туман ҳокимлиги вакили Илҳом Бобоев қаршилигига учрагани, И. Бобоев камера хотира картасини олиб қўйгани ва оғзига солиб, чайнаб юборгани ҳақида воқеа гувоҳларига таянган ҳолда хабар қилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат 16 июнь куни Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати ҳамда АОКА ҳудудий бошқармаси томонидан иккала тараф иштирокида ўрганилган.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари И. Бобоев бозордаги ёнғин бўлган жой хавфли ҳолатда эканлигини инобатга олиб, ёниб кетган устунлар одамлар устига қулаши мумкин, деган хавотирда “фуқаролар тарқалгандан кейин тасвирга оласизлар” деб, журналистдан камерани ўчириб туришни сўрагани, натижада ўртада келишмовчилик юзага келганини билдирган. Матбуот котиби камера хотира картасини олмагани, ютиб юбормагани, бу гаплар асоссизлигини айтган, айни пайтда у камерага тегинганини тан олган.

“My5” телеканали мухбири Отажон Раббонақулов эса аввал-бошда туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари тасвирга олишга қаршилик кўрсатгани, кейинчалик эса мухбир туман ҳокими ва бошқалардан интервью олганини айтиб, И. Бобоев камера хотира картасини ютиб юборганини ўз кўзи билан кўрмагани, бу ҳақда бошқалардан эшитганини қўшимча қилган. У ўзи тайёрлаган лавҳада ҳам ва бошқа нашр мухбирлари билан суҳбатда ҳам “хотира картаси ютиб юборилди” деган сўзларни ишлатмаганини айтган.

О. Раббонқулов матбуот котиби тегинган камера айни пайтда ишлаб тургани, бироқ тасвир сифати бироз пастлигини (тасвирлар қорароқ) қайд этган.

Ўрганиш якунида Иштихон туман ҳокимининг шу йил 16 июнидаги фармойиши билан матбуот котиби И. Бобоевга ҳайфсан берилган, “My5” мухбири О. Раббонақуловга эса телеканал мулкига зиён етказилгани важи бўйича асос мавжуд бўлган ҳолатда судга мурожаат қилиш зарурлиги тушунтирилган.

Ҳокимлик хабарномасида туман ҳокимлиги мулозими томонидан чайнаб ташлангани иддао қилинган хотира картаси “My5” вакилларига бус-бутун қайтарилган-қайтарилмагани ҳақида лом-мим дейилмаган.

Президент аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашга буйруқ берди

Президентнинг “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2021 йил 1 августдан бошлаб аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилади.

Қарорда таъкидланишича, мана шу мақсадда ҳар йили бир марта 11 та ёш тоифаси бўйича спорт синовлари ўтказилади. Мусобақаларда иштирок этганларга эгаллаган ўрни ва даражасига қараб спорт разрядлари ҳамда унвонлари берилади.

Бундан ташқари, спорт синовларининг махсус талабларини муваффақиятли бажарганларга бир йил давомида сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат тўловининг 50 фоизини тўлаш ва муддатли ҳарбий хизматга юборишда устунлик берилади.

Мусобақаларда I – ўринни эгаллаганлар “Темурбеклар мактаби”га синовларсиз кира олади ва кўп тармоқли тиббиёт муассасасида бепул кўрикдан ўтказилади.

Жомбойдаги мактаб таъмирига болалар жалб этилишига президент кўрсатмаси сабаб бўлгани расман айтилди

Иллюстратив сурат.

Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати Жомбой туманидаги 28-мактаб ўқувчиларининг таъмирлаш ишларига жалб қилинганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларга изоҳ берди.

Бошқарманинг билдиришича, ўқувчилар ота-оналарининг рухсати билан таъмирлаш ишларига жалб қилинган. Бундан ташқари Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати мазкур тадбир президентнинг топшириқларини бажариш асосида амалга оширилганини ҳам иддао қилган.

Қуйида Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати расмий билдирувини тўлиғича эътиборингизга ҳавола этамиз.

“Президентимизнинг 2021 йил 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида вилоят фаоллари билан ўтказилган учрашувда ёшларни мактаб давриданоқ касб-ҳунарга ўқитиш, деҳқончилик сирларини ўргатиш бўйича “Самарқанд тажрибаси”ни амалга ошириш бўйича топшириқлар берган эди. Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятдаги айрим мактабларда ўқувчиларни полиз экинлари етиштириш, боғдорчилик, шунингдек, бошқа касб-ҳунарларга ўргатиш тажриба-синовлари амалга оширилмоқда.

Дарҳақиқат, бундай тадбирлар ўқувчиларни меҳнатга ўргатиш, меҳнати орқасидан даромад топиш, оиласига моддий манфаат келтириш ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлишида имконият яратади.

Айни кунларда интернет ва ижтимоий тармоқларда Жомбой тумани 28-умумтаълим мактаби ўқувчиларининг мактабдаги енгил таъмирлаш ишларига жалб қилинганлиги акс этган расмлар турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ва Жомбой туман Халқ таълими бўлими раҳбар-ходимлари томонидан мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш давомида ҳақиқатан ҳам Жомбой тумани 28-умумтаълим мактабида ёлланма ишчи ходимлар томонидан енгил таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Суратдаги ўқувчилар, яъни 6 нафар 7-9 синф ўғил болалари мактабда олиб борилаётган таъмирлаш ишларига ёрдам бериш учун ота-оналарининг розилиги билан келганлиги маълум бўлди.
Ўрганиш давомида ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам фарзандини ўз розилиги билан мактабдаги таъмирлаш ишларига ёрдам бериш ва таътил даврида ҳунар ўрганиш учун юборганини тасдиқлашди.

Суратдаги 5 нафар қиз ўқувчилар эса мактабнинг 11-а ва 11-в синф ўқувчилари бўлиб, улар билан суҳбатлашилганда, қизлар якуний давлат имтиҳонларининг баҳоларини билиш мақсадида келганлиги аниқланди.

Шунингдек, мазкур мактаб раҳбарияти ҳамда ўқитувчилари, синф раҳбарлари билан суҳбатлашиш жараёнида улар ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш қонунга зид эканлигидан хабардорлигини билдиришди ва ўқувчиларни мактабдаги таъмирлаш ишларига чақирмаганликларини маълум қилишди.

Айни пайтга қадар олиб борилган ўрганишлар хулосасига кўра, Жомбой тумани 28-умумтаълим мактаби ўқувчилари ўзи ва ота-оналарининг ихтиёрига зид равишда таъмирлаш ишларига жалб қилинмаган.

Бугунги кунда ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари давом этмоқда”.

Ҳар бир тухумга 50 сўмдан, парранда гўшти килосига минг сўмдан субсидия ажратилади

Иллюстратив сурат.

2021 йил 1 июндан ҚҚС тўловчиси бўлган паррандачилик хўжаликларига реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўмдан ва парранда гўштининг ҳар бир килоси учун 1 000 сўмдан субсидия ажратилади.

Адлия вазирлигининг билдиришича, бу борадаги “Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори 14 июнда қабул қилинди.

Қарорда таъкидланишича, 2021 йил 1 июлдан 2024 йил 1 июлга қадар асосий фаолият тури паррандачилик бўлган тадбиркорлар учун фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади.

Бундан ташқари паррандачилик лойиҳаларини молиялаштириш учун 85 миллион доллар миқдоридаги маблағ “Микрокредитбанк” АТБга йўналтирилади.

2022 йил 1 июлга қадар тухум, парранда гўшти ва маҳсулотларини экспорт қилувчи ҳамда соя донини импорт қилувчи тадбиркорлар (уларнинг ваколатли вакиллари)га автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларини 50 фоизигача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG