8 апрель куни «Спутник V» вакцинасини тарғиб қилувчи Россия Тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси (РФПИ) Словакияга юборилган вакцина дозалари қайтарилишини талаб қилди. Бунга Словакия Дори-дармонларни назорат қилиш идораси мамлакатга юборилган дозалар Европа Дори-дармон агентлиги кўриб чиқаётган вакцинадан фарқ қилишини маълум қилгани туртки бўлди.
Братислава ва Москва тортишуви рус вакцинасини Европа бўйлаб тарқатиш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар учун навбатдаги зарба бўлди.
«Спутник V» вакцинаси Европа дори-дармон агентлиги (EMA) томонидан маъқулланмаган бўлса-да, Словакия ва Венгрия рус вакцинаси билан аҳолини эмлашга қарор қилган. Бошқа бир қатор Европа Иттифоқига аъзо давлат ҳам рус вакцинасидан фойдаланишга изн бериш ҳақида ўйламоқда.
Словакия Дори-дармонларни назорат қилиш идораси рус вакцинаси самараси ва хавфсизлиги ҳақида саволлар борлигини, шунингдек, Словакияга юборилган дозалар Европа дори-дармон агентлигига текширув учун юборилган дозалардан фарқ қилишини билдирди.
Бунга жавобан Россия Тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси Словакияни «саботаж» ва «дезинформация кампаниясида» айблаб, юборилган вакциналарни қайтиб беришни талаб қилди.