Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2019, Тошкент вақти: 10:36

Tashkent City қурилишида 21 яшар сувоқчи саккизинчи қаватдан йиқилиб ўлди


\

21 ёшли сувоқчи Tashkent City комплексида қурилиши кетаётган тўққиз қаватли турар-жой биносининг саккизинчи қаватидан тушиб кетиб, ҳалок бўлди.

Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туман, Беруний маҳалласидан бўлган Алишер Турдибоев 27 октябр куни Tashkent City да қурилаётган тўққиз қаватли турар-жой биносининг саккизинчи қавати ташқарисида пардозлаш (сувоқ) ишларини бажараётган пайтда ҳавозадан йиқилиб кетган ва шу жойни ўзида жон таслим қилган.

Қурилиш комплексини амалга ошираётган Asia Trading City ширкати ишчининг ўлими бўйича Олмазор тумани ИИБси суриштирув ​олиб бораётгани, шу суриштирув натижасига қараб унинг оиласига товон пули берилишини айтди.

Ишчи ўлими юзасидан Озодлик Олмазор тумани ИИБсидан изоҳ ололмади.

“Tashkent city” халқаро бизнес маркази пойтахтнинг қоқ марказида 80 гектар майдонда қуриляпти. Қурилиш комплекси саккизта лотга бўлинган.

Алишер Турдибоевнинг ҳамкасбларидан бири фожиа қурилиш комплексининг биринчи лотида рўй берганини Озодликка айтди.

Фасадда ҳавоза қўйилган, шу ҳавозани устида туриб сувоқчилик қилаётганди. Тепага кўтарилганда хавфсизлик камарини бир ечиб олади-да, ўша пайтда йиқилиб кетган

- Фасадда ҳавоза қўйилган, шу ҳавозани устида туриб сувоқчилик қилаётганди. Тепага кўтарилганда хавфсизлик камарини бир ечиб олади-да, ўша пайтда йиқилиб кетган, - деди Озодликка гапирган марҳумнинг исмини айтмаган ҳамкасби.

Алишер Турдибоевнинг яқинлари ҳозирча на ҳукумат ва на қурилиш ширкати унинг оиласига товон пули берганини айтди.

- Эхтиётсизлик қилган бўлиши мумкин, лекин бу унинг айби эмас-ку, Алишер шу қурилишни деб ҳаётини йўқотди, - деди марҳумнинг қариндоши.

Қурилиш комплексини амалга ошираётган Asia Trading City ширкати ишчининг ўлими бўйича суриштирув натижаларига қараб, марҳумнинг оиласига товон пули белгиланишини айтди.

- Ходимларимиз жанозасига борди. Отаси, яқинларидан хабар олиб турилибди. Товон бериш масаласи кўриляпти, - деди ширкатнинг Озодлик суҳбатлашган ходими.

Tashkent city пойтахт марказидаги 80 гектарга яқин майдонда қуриляпти.

Мажмуа қурилиши доирасида пойтахтнинг "Олмазор" ва "Ўқчи" маҳаллаларидаги ҳовли-жой ва нотурар жой иншоотлари бузилган эди.

Комплекс қурилиши 2021 йил охирида якунига етиши маълум қилинган.

Tashkent City қурилишидаги ўлим Озодликка маълум илк ҳолатдир.

Ўтган йили Тошкентдаги бошқа бир йирик комплекс Humo Arena муз саройи қурилишида 30 ёшли ишчи сарой темир устунидан йиқилиб ҳалок бўлгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG