Линклар

Шошилинч хабар
27 июл 2021, Тошкент вақти: 11:37

Ўзбекистон хабарлари

Қибрайда 460 гектар ер учун тадбиркордан 3,7 миллион доллар сўраган шахс қўлга олинди

Хабарда айтилишича, “давлат томонидан ажратиб берилган ерни ноқонуний сотишга ҳаракат қилган" тадбирокр ушланган.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида боғдорчилик ва яйлов учун 460 гектар ерни ажратиб бериш эвазига 3,7 миллион доллар сўраган шахс Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратуранинг иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ўтказган қўшма амалиёт пайтида қўлга олинди.

Маҳаллий матбуотнинг ДХХ ва Бош прокуратурага таяниб хабар беришича, тадбиркор бунга қадар ер ажратиб берилишини илтимос қилиб қатор давлат органларига мурожаат қилган. Аммо унинг илтимоси қаноатлантирилмаган.

Бундан хабар топган Asiyan Milk Best ширкати раҳбари Қ.Т., тадбиркордан Қуйи Чирчиқ туманидаги 360 гектар суғориладиган ерни ва ҳозирда норасмий фойдаланиб келаётган туман захирасидаги 100 гектар ерни унинг номига ўтказиб беришини айтиб, эвазига 3,7 миллион АҚШ доллари сўраган.

Хабарда айтилишича, бу ҳолат “давлат томонидан ажратиб берилган ерни ноқонуний сотиш” сифатида кўрилади.

Қ.Т., ерни расмийлаштириб бериш учун 3,7 миллион доллардан ташқари яна Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимлигидаги мансабдор шахсга пора сифатида 20 минг доллар берилиши шартлигини айтган.

Расман билдирилишича, Қ.Т., тадбиркордан жами 3 миллион 720 минг доллар олаётган пайтда қўлга тушган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168 -ва 211-моддалари (фирибгарлик, пора бериш) асосида жиноят иши қўзғатилган.

Кун янгиликлари

ССВ коронавирусга чалиниш бўйича янги аксилрекордни қайд этди, қурбонлар сони 845 нафарга етди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 26 июль ҳолатига кўра, 125 минг 784 нафарни ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, душанба куни мамлакатнинг истисносиз барча ҳудудлари бўйлаб 789 киши коронавирусга чалинган. Бу пандемия бошидан бери кунлик касалланиш бўйича кузатилган энг юқори кўрсаткичдир. Ўтган кеча-кундузда яна 521 нафар кишида пневмония аниқланган.

Расмий маълумотларга кўра, кеча мамлакат бўйлаб 871 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 120 минг 320 нафарга етган.

Вазирлик 26 июль куни коронавирусга чалинган беморлардан яна 6 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 845 нафарга етганини қўшимча қилган.

Давстатқўм биринчи ярим йилликда Ўзбекистонда олинган ўртача ойлик миқдорини очиқлади

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда ўртача ойлик миқдори 2 миллион 971 минг 100 сўмни ташкил қилган. Бу маълумот Давлат статистика қўмитасининг куни кеча эълон қилинган ҳисоботида акс этган.

Ҳисоботда қайд этилишича, ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори даражаси молиявий ва суғурта фаолиятида кузатилган. Бу соҳада ишлайдиганлар ўтган олти ой ичида ўртача 7 миллион 111 минг сўмдан маош олишган, бу республика кўрсаткичидан 2,4 баробар юқоридир. Энг кам ўртача ойликни эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳаси вакиллари олишган. Биринчи ярим йилликда уларнинг ўртача маоши 2 миллион 49 минг сўмни ташкил этган, бу эса республикадаги ўртача ойлик иш ҳақидан 69 фоизга камдир.

Ҳисоботда саноат соҳасида ишлаганлар 3 миллион 734 минг 600 сўм, қурилиш соҳасидагилар 3 миллион 690 минг 700 сўм: савдо-cотиқ соҳасида ишлаганлар 2 миллион 977 минг 300 сўм, ташиш ва сақлаш соҳасидагилар 3 миллион 712 минг 600 сўм, ахборот ва алоқа соҳасида ишлаганлар 5 миллион 138 минг 400 сўм, таълим соҳасидагилар 2 миллион 250 минг сўм, бошқа соҳаларда ишлаганлар эса 3 миллион 125 минг 900 сўм миқдорида ўртача маош олишган.

Ўртача маошнинг энг юқори миқдори Тошкент шаҳрида (4 миллион 549 минг 100 сўм), энг паст миқдори эса Наманган вилоятида (2 миллион 216 минг 300 сўм) кузатилгани очиқланган.

Тошкентдаги “Чимир ота” масжиди ёнида рўй берган ёнғин 2 соат ичида ўчирилди

Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани Фаробий кўчасида жойлашган “Чимир ота” масжиди яқинидаги подстанцияда 26 июль куни соат 20:53 да ёнғин содир бўлди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ўт ўчирувчилар воқеа жойига соат 20:57 да етиб боришган. Ёнғинни ўчиришга 4 та экипаж жалб этилган.

Қайд этилишича, подстанция электр манбаидан узилиши билан ёнғин қуршаб олинган ва соат 22:42 да батамом ўчирилган.

Вазирлик ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаганини билдирган.

Аввалроқ Озодлик якшанба куни Тошкентнинг Миробод туманида жойлашган кўп қаватли уйда ёнғин чиққани ҳақида хабар қилган.

Сенат жума куни ўтказилган галдаги ялпи мажлис кун тартибини эълон қилди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати биноси

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси шу йил 30 июлида чақирилади. Бу ҳақда юқори палатанинг 26 июль куни бўлиб ўтган йиғилишида билдирилган.

Сенат ахборот хизмати маълумотига кўра, жума кунига белгиланган галдаги ялпи мажлис видеоконференцалоқа тарзида ўтказилади. Унда “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолияти такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Зайтун мойи ва зайтун меваси тўғрисидаги халқаро битимга (Женева, 2015 йил 9 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонунлар муҳокама қилиниши режаланган.

Мажлисда шу йил 15-16 июль кунлари Тошкентда ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция якунларидан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисидаги масаланинг ҳам кўриб чиқилиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, мажлисда 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи, Ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилишига доир ахборотлари эшитилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича парламент назоратини кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилиниши режаланган.

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламентини ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш, Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг 2020 йилдаги ва 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ва бошқа масалалар ҳам галдаги мажлис кун тартибидан ўрин олган.

Юқори палатанинг бундан аввалги ялпи мажлиси шу йил 25 июнида ўтказилган эди.

Ўзбекистонда Хитойнинг WeChat мессенжери фаолияти ҳам чекланди

Ўзбекистонда фаолияти чекланган ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар қаторига WeChat мессенжери ҳам қўшилган.

Аввалроқ мамлакатда Тwitter, ТiкТок, ВКонтакте тармоқлари ҳамда Skype мессенжери фаолияти чеклангани ҳақида хабар қилинганди. Эндиликда шу йил 2 июлидан фаолияти чекланган бу сервислар қаторига WeChat ҳам қўшилгани маълум бўлган.

Маҳаллий нашрлар WeChat мессенжери "Ўзкомназорат" томонидан шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига киритилганига эътибор қаратишган. Реестрга шахсий маълумотларга ишлов беришда уларни сақловчи серверлари жисмонан Ўзбекистон ҳудудида бўлишига оид талабни бузган ширкатлар киритилган.

Шу йил 16 апрелидан бошлаб Ўзбекистонда “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга янги қўшилган 27-1 модда кучга кирганди. Бу моддага мувофиқ, Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотлар жисмонан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган серверларда сақланиши талаб қилинган.

Қонун кучга киргач, “Ўзкомназорат” Ўзбекистонда оммабоп бўлган интернет-сервислар маъмуриятларига огоҳлантириш хатлари юборган.

Расмийларга кўра, олиб келиниши талаб қилинаётган шахсий маълумотлар сирасига фуқаролар тармоқда рўйхатдан ўтиш учун ишлатадиган исм-фамилия, телефон рақами ва паспорт маълумотлари кабилар киради.

Ирригация институти ректори, Бош вазир ўринбосарининг отаси Ўктам Умрзоқов вафот этди

Ўктам Умрзоқов 1974 йилдан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институтида иш бошлаган.

Ирригация институти ректори Ўктам Умрзоқов 69 ёшида вафот этгани тўғрисида ўз манбаларига таянган ҳолда маҳаллий матбуот хабар берди.

“Газета.uz”нинг ёзишича, Ўктам Умрзоқов ректорликдан ташқари Республика олий таълим кенгаши раиси ҳам бўлган. У Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаковнинг отаси.

Kun.uz нашрининг ўз манбасига таяниб билдиришича, профессор Москвада жигар циррози ва коронавирус туфайли юзага келган пневмониядан даволанаётган бўлган.

1952 йилнинг 20 август куни туғилган Ўктам Умрзоқов 1974 йилдан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институтида иш бошлаган.

У 2017 йил 26 майдан шу кунгача Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг ректори лавозимида ишлаб келаётган эди.

Токио-2020: Ўзбек спортчиси Олимпиада рекордини янгилади, лекин медаль ололмади

Муаттар Набиева силтаб кўтаришнинг биринчи машқда 98 килоли штангани кўтарди.

Токио Олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси вакили Муаттар Набиева аёллар ўртасидаги оғир атлетика мусобақасида Олимпия рекордини янгилади.

Андижонлик спортчи силтаб кўтаришнинг биринчи машқда 98 килоли штангани кўтарди. Аввалги Олимпия ўйинларидаги рекорд 97 кило бўлган эди. Аммо у мусобақа якунида умумий ҳисобда 212 кило натижага эришган ва тўртинчи ўринни эгаллаган.

Таэквондо мусобақасида Никита Рафалович бронза медал учун беллашувда хорватиялик Тони Канаетуга мағлуб бўлди.

Бокс бўйича мусобақаларда Бразилияда 2016 йилда ўтган Олимпиада чемпиони Шаҳобиддин Зоиров ва Фанат Қаҳрамонов ўз рақибларини енгиб, кейинги босқичга чиқди.

Зайнаб Дайибекова эса қиличбозлик мусобақасининг чоракфиналида ютқазди.

Ўзбекистон айни пайтда битта олтин медал билан Олимпия жадвалининг 19-поғонасини эгаллаб турибди.

Олтин медални 25 июлдаги мусобақаларда таэквондочи Улуғбек Рашитов қўлга киритган эди.

Икки ўзбекистонлик келишилган мусобақалардаги иштироки учун теннисдан четлатилди

Иллюстратив сурат.

Теннис спортидаги ҳалолликни таъминлаш халқаро агентлиги – ITIA ўзбекистонлик Темур Исмоилов ва Амал Султонбековни теннисдан четлатди. Бунга 2019 йилда мазкур икки спортчи аввалдан келишилган мусобақаларда иштирок этгани тасдиқлангани сабаб бўлди.

ITIA Темур Исмоиловни 2021 йилнинг 21 июлидан бошлаб теннисдан умрбод четлатди ва унга 14 минг доллар миқдорида жарима белгилади.

Амал Султонбеков беш йилга – 2021 йилнинг 21 июлидан 2026 йилнинг 21 июлигача теннисдан четлатилди ва у 8 минг доллар миқдорида жаримага тортилди.

Улар теннис мусобақаларида иштирок этишдан ташқари, мусобақаларда томошабин сифатида қатнашиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилди.

Аввалроқ Халқаро сузиш федерацияси – FINA ўзбекистонлик сузувчилар Одилбек Юсупбоев, Элдор Усмонов ва Алексей Тарасенконинг натижалари сохталаштирилганини аниқлаган эди. Бунинг ортидан уларнинг Токио олимпиадасига лицензиялари бекор қилинган.

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан августда учрашиши айтилди

Президент Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти август ойининг бошида бўлиб ўтади. Бироқ ҳозирча учрашувнинг аниқ куни маълум эмас. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов 26 июль куни бўлган брифингда маълум қилди.

Асадов тадбиркорлардан таклиф ва мурожаатлар 31 июлгача қабул қилинишини таъкидлади ва маҳаллий журналистларни бу жараённи фаолроқ ёритишга чақирди.

Савдо-саноат палатаси 20 июлда яқин кунларда президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказишни режалаштиргани ҳақида маълумот берган эди.

Палата тадбиркорлар 20 июлдан 31 июлгача ўз бизнесини кенгайтириш ва ривожлантиришга туртки берадиган ғоя ва таклифлар билан тўғридан-тўғри Ўзбекистон президентига мурожаат қилиши мумкинлигини ҳам иддао қилган.

Бироқ тадбиркорлардан ўз таклиф ва мурожаатларини “тўғридан-тўғри президентга эмас”, балки ҳар бир тумандаги тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ёки Штаб “Call-маркази”га жўнатиш сўралган.

Статистика қўмитаси бозорлардаги озиқ-овқат нархларини эълон қилди

10 дона тухум 5000 – 14000 сўмдан сотилмоқда.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси мамлакат бозорларида асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг минимал-максимал нархини эълон қилди.

Қўмитанинг билдиришича, нархлар марказий деҳқон бозорларида ўтказилган кузатув натижалари бўйича қайд этилган.

Қўмита маълумотида таъкидланишича, айни пайтда 1 кило суякли мол гўшти 45000 – 68000 сўмдан, қўй гўшти 52000 – 80000 сўмдан сотилмоқда.

1 кило картоша 1500 – 5000 сўм, пиёз 800 – 3000 сўм, сабзи 2500 – 10500 сўм, гуруч 5000 – 18000 сўм, шакар 7500 – 9000 сўм бўлмоқда.

10 дона тухум 5000 – 14000 сўмдан, 1 литр ўсимлик ёғи 14000 – 24000 сўмдан сотилмоқда.

Тошкентда 38 ёшли судья коронавирусга чалингани ортидан вафот этди

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси Акмал Эргашов 26 июль куни 38 ёшида вафот этди.

Qalampir.uz нашрининг Олий суддан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, А. Эргашов аввал коронавирусга, кейин эса пневмонияга чалинишини ортидан вафот этган.

Марҳумнинг 2007-2015 йилларда Олий судда фаолият юритгани, 2015 йилдан бери эса жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси лавозимида ишлаб келгани айтилган.

Коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 125 мингга етди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 25 июль ҳолатига кўра, 124 минг 995 нафарни ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, якшанба куни мамлакатнинг барча ҳудудларида 705 нафар киши коронавирусга чалинган, 482 нафар кишида эса пневмония аниқланган.

Ўтган кеча-кундузда Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 811 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 119 минг 449 нафарга етган.

Вазирлик ўтган 25 июль куни коронавирусга чалинган беморлардан яна 7 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 839 нафарга етганини қўшимча қилган.

Испаниядан Ўзбекистонга тезюрар поезднинг янги таркиби олиб келинди

Ўзбекистонга аввалроқ келтирилган "Афросиёб" поездларидан бири

Испаниянинг Patentes Talgo S.L.U. ширкати томонидан ишлаб чиқарилган ва июль ойи бошида Ўзбекистонга йўлланган тезюрар поезднинг янги таркиби 24 июль оқшомида Тошкентга етиб келган.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ маълумотига кўра, “Афросиёб”нинг янги таркиби Испаниядан Ўзбекистонгача 8200 километр масофани босиб ўтган. Янги таркибнинг 11 та вагон ва 2 та локомотивдан иборатлиги айтилмоқда.

Қайд этилишича, бу Испаниядан олиб келинган ушбу русумдаги поездларнинг бешинчисидир.

“Жорий йил якунига қадар яна битта шу турдаги юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд келтирилади”, дейилган хабарномада.

Янги таркиб Тошкент-Самарқанд, Тошкент-Бухоро ва Тошкент-Қарши йўналишлари бўйлаб, йил охиригача олиб келинадиган поезд эса Тошкент-Хива йўналиши бўйлаб ҳаракатланиши кутилмоқда.

Тошкентдаги кўп қаватли уйнинг том қисмида ёнғин содир бўлди

Тошкент шаҳри Миробод тумани Тарас Шевченко кўчасидаги кўп қаватли уйнинг том қисмида 25 июль куни ёнғин чиққан.

ФВВ маълумотига кўра, ҳодиса якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 13:48 да содир бўлган.

Офатни бартараф этишга 5 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган.

Ўт ўчирувчилар воқеа жойига соат 14:12 да етиб боришган ва ёнғин соат 14:29 да ўчирилган. Натижада томнинг 620 квадрат метр майдони ёнғиндан сақлаб қолинган.

Вазирлик ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланганлар йўқлиги, айни пайтда ёнғин сабаби ва кўрилган моддий зарар миқдори аниқланаётганини билдирган.

Ишга кирмоқчи бўлган фуқаролардан кейинги йилдан диплом маълумотлари талаб қилинмайди

Ўзбекистонда 2022 йил 1 январидан эътиборан ишга кирмоқчи бўлган кишилардан диплом маълумотлари талаб қилинмайди. Бу ҳақда мамлакат президенти томонидан ўтган ҳафта якунида имзоланган “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда қайд этилган.

Фармонга мувофиқ, кейинги йил бошидан давлат органлари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан қуйидаги фактларни тасдиқловчи маълумотлар ҳам талаб қилинмайди:

  • тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома маълумотлари;
  • лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқнома мавжудлиги бўйича маълумотлар;
  • давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланганлиги тўғрисида маълумотлар;
  • қимматли қоғозлар, қимматли қоғозлар билан амалга оширилган операциялар, дивидендлар олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
  • кам таъминланган оила ёки оила аъзоси сифатида рўйхатга олинганлиги тўғрисида маълумотлар;
  • жисмоний шахслар томонидан тўланган ва олинган алиментлар тўғрисида маълумотлар;
  • жисмоний шахс ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақида маълумотлар;
  • жисмоний шахс умумий ўрта таълим (11-синф негизида) муассасасини тугатганлиги ҳақида маълумотлар;
  • фуқаро “Ёшлар дафтари” ёки “Аёллар дафтари”да мавжудлиги тўғрисида маълумотлар;
  • ўзини ўзи банд қилган шахслар тўғрисида маълумотлар;
  • олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат тўғрисида маълумотлар.

Шу билан бирга, аҳолидан молиявий ҳисоботлар нусхалари, жисмоний шахсларнинг охирги 12 ойдаги иш ҳақини тасдиқловчи маълумотномалар, ижтимоий нафақа ва пенсиялар тўланганлиги тўғрисидаги маълумотномаларни талаб қилиш ҳам бекор қилинади.

Ҳужжатда қайд этилишича, давлат идоралари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда юқоридаги ҳужжат ва маълумотларни белгиланган масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.

Токио-2020: Улуғбек Рашитов Ўзбекистонга биринчи олтин медални тақдим қилди

Улуғбек Рашитов амалдаги жаҳон чемпиони британиялик Бредли Синденга қарши даянга чиқди ва уни мағлуб этди.

Улуғбек Рашитов Ўзбекистон тарихида таэквондо бўйича биринчи Олимпиада чемпионига айланди. Улуғбек Рашитов амалдаги жаҳон чемпиони британиялик Бредли Синденга қарши даянга чиқди ва уни мағлуб этди.

34:29 ҳисобида якунланган беллашувдан сўнг Рашитов олтин медалга сазовор бўлди.

Бунга қадар Ўзбекистон тарихида таэквондо бўйича ҳеч ким Олимпия чемпиони бўлмаган эди.

Бундан аввал 2015 йилда Дмитрий Шокин Ўзбекистон тарихида таэквандо бўйича илк Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. У 2016 йилда Филиппиннинг Манила шаҳрида ўтган Осиё чемпионатида Осиё чемпиони бўлган эди.

Токио Олимпиадасидаги сўнгги чиқишидан сўнг Оксана Чусовитина катта спорт билан хайрлашди

46 ёшли Оксана Чусовитина жаҳон тарихидаги “афсонавий гимнастикачи” ҳисобланади.

Ўзбек спортининг фахри Оксана Чусовитина Токио Олимпиадасида сўнгги чиқишини амалга оширди ва катта спорт билан хайрлашди. Уни Олимпиада иштирокчилари қарсаклар билан кузатиб қолди.

Токиодаги “Ariake Gymnastics” аренасидаги гимнастика мусобақаларида иштирок этаётган Чусовитина 14.166 балл олди. Бу балл унинг финалга чиқиши учун камлик қилди.

46 ёшли Оксана Чусовитина жаҳон тарихидаги “афсонавий гимнастикачи” ҳисобланади. У қаторасига еттита ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган ер юзидаги ягона аёл гимнастикачи сифатида Гиннеснинг рекордлари китобига киритилган.

Токиода у саккизинчи марта Олимпиада ўйинларида иштирок этади ва Гиннес китобидаги рекордини янгилайди.

Оксана Чусовитина Барселонада 1992 йилда ўтган Олимпия ўйинлари чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби. Оксана Чусовитина Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонларига эга.

Тошкентда 13 киши ўлдирилган “16 февраль” воқеаларида айбланганлардан 5 нафари оқланди

Одил судлов рамзи бўлган Фемида.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди 24 июль куни 1999 йил 16 февраль воқеаларига алоқадорликда айбланиб судланган 5 нафар собиқ божхоначини оқлади.

1999 йилда чиқарилган суд ҳукмидан норози бўлган собиқ божхоначилар орадан 22 йил ўтиб Тошкент вилояти судига аппеляция шикояти билан мурожаат қилган эди.

1999 йилда улар Жиноят кодексининг 208-моддаси (давлат органи мансабдор шахсининг ўз хизмат вазифаси юзасидан бажариши лозим ёки мумкин бўлган ҳаракатларни қасддан бажармаслик) бўйича айблов қўйилган эди.

Ўшанда уларнинг барчаси суд ҳукми билан 3 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бироқ амнистияга тушган ва тайинланган жазони ўташдан озод қилинганди.

1999 йил 16 февралда Тошкентдаги Мустақиллик майдони яқинида портлашлар содир этилган. Портлашларда расман 13 киши ҳалок бўлгани, юздан ортиқ одам жароҳатлангани билдирилган.

Ўшанда президент Ислом Каримов портлашларни диний экстремистлар томонидан уюштирилган террор ҳаракати деб баҳолаганди.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, Тошкентдаги 1999 йил 16 февраль воқеаларига алоқадорликда айбланиб, юзлаб кишилар озодликдан маҳрум этилган.

Кўплаб инсон ҳуқуқлари фаоллари феврал портлашлари аслида ҳукуматнинг сиёсий мухолифларини йўқ қилишига қўл келганини таъкидлашади.

Тошкент вилоятининг 8 минг гектарга яқин ҳудуди пойтахт таркибига ўтказилди

Тошкент вилояти харитаси.

Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир ва Мирзо Улуғбек туманлари Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай, Юқори Чирчиқ ва Ўртачирчиқ туманлари ҳисобига 7,8 минг гектардан кўпроққа кенгайтирилди.

“Газета уз”нинг билдиришича, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши бу борада 23 июль куни қарори қабул қилган.

Қарорга асосан Сергели туманига Зангиота туманидан 1827,1 гектар, Бектемир туманига Юқори Чирчиқдан 490 гектар, Ўрта Чирчиқ туманидан 1134,2 гектар, Мирзо Улуғбек туманига Қибрай туманидан 2294,6 гектар, Яшнобод туманига Қибрай туманидан 2107,4 гектар ер ўтказилди.

Айни пайтда Сергели туманидан 33,8 гектар ер Зангиота туманига, Бектемир туманидан 137,5 гектар ер Юқори Чирчиқ тумани таркибига ўтказилди. Тошкент вилоятига Тошкент шаҳридан жами 171,3 гектар ер ўтказиб берилди.

Ўзбекистонда стратегик ривожланиш билан махсус агентлик шуғулланадиган бўлди

Агентлик Кенгашига президентнинг ўзи раислик қилади.

Тармоқлар ва ҳудудлар кесимида инвестицияларни жалб этиш ва лойиҳаларни амалга оширишнинг стратегик масалаларини ўрганиш, инвестиция фаолиятининг истиқболли тармоқлари ва йўналишларини аниқлаш мақсадида Стратегик ривожланиш агентлиги ташкил этилди.

Адлия вазирлигининг билдиришича, президент бу борада “Ўзбекистон Республикаси Стратегик ривожланиш агентлигини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Агентлик президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бош директор томонидан бошқарилади.

Агентлик Кенгашига эса президентнинг ўзи раислик қилади. Шунингдек, Агентлик ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган бюджетдан ташқари Стратегик ривожланиш агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳам ташкил этилади.

Ўзбекистонда бир ҳафтада коронавирусдан 27 киши ўлди

Душанба кунигача жами ўлганлар сони 805 киши эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 24 июль куни вирусга чалинганлардан яна 6 нафари вафот этди. Бу билан Ўзбекистонда сўнгги бир ҳафта ичида коронавирусдан ўлган беморлар сони 27 кишига етди.

Коронавирус пандемияси бошланганидан то 19 июль, душанба кунигача жами ўлганлар сони 805 киши эди. Ҳафта охири- шанба, 24 июльга келиб уларнинг сони 832 кишини ташкил қилди.

24 июль куни 731 кишида коронавирус, 494 кишида зотилжам аниқланди. Бу билан коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 124 290 кишига етди.

Тошкент шаҳрида 119, Жиззах вилоятида 91, Тошкент вилоятида 88, Сурхондарё вилоятида 79, Самарқанд вилоятида 73, Фарғона вилоятида 72 кишида касаллик аниқланди.

Бундан ташқари Қорақалпоғистонда 63, Наманган вилоятида 31, Хоразм вилоятида 28, Сирдарё вилоятида 23, Андижон вилоятида 20, Қашқадарё вилоятида 16, Бухоро вилоятида 15, Навоий вилоятида 13 бемор қайд этилди.

Касалликдан соғайганлар жами 118638 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.

Тошкент ИИББ Жаҳонгир Отажонов устидан очилган ишни судга оширди

Жаҳонгир Отажонов

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси хонанда Жаҳонгир Отажонов ишини судга оширди. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.

“Ж.Атажановнинг қилмишида Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41-моддаси (“Ҳақорат қилиш”)да кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги сабабли тўпланган ҳужжатлар 23.07.2021 йилда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судига тақдим этилди”, дейилган хабарда.

ИИББ Жаҳонгир Отажоновни ижтимоий тармоқда Ички ишлар вазирлиги тизими ходимларини ҳақорат қилган видеомурожаатини жойлаштирганликда, ходимларнинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан тахқирлаганганликда айбламоқда..

ИИББ матбуот хизмати хабарида айтилишича, ”Ж.Атажанов қилган ишидан пушаймонлигини билдирган”.

Жаҳонгир Отажоновнинг ўзидан ҳозирча изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Мухолифатдаги "Эрк" партияси Ўзбекистонда яқинлашиб келаётган президент сайловига номзод этиб кўрсатган Жаҳонгир Отажонов шу ойда сиёсатдан вақтинча чекиниши ва қўшиқчилик фаолиятини давом эттириши тўғрисида баёнот берган эди.

Қарор: Камбағаллар оладиган ипотека кредити учун кафолатни ҳокимликлар беради

Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги "Ипотека банки" бўлими олдида навбат. 29 Июнь, 2020 йил.

Вазирлар Маҳкамаси 24 июлда қабул қилган “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга биноан
2022 йил 1 августигача тажриба тариқасида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича маҳаллий ҳокимликларнинг кафилликларини бериш ва муддати ўтказиб юборилган қарздорликларни қоплаш тартиби жорий қилинади.

Бу ҳақда Ҳуқуқий ахборот канали хабар қилди.

Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, кафиллик рўйхатдаги қарз олувчиларга банклар томонидан ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича берилади.

Кафиллик берилганлиги учун ҳокимликлар томонидан тўлов (мукофот пули) ундирилмайди.

Кафиллик ҳокимликлар томонидан “Халқпарвар” комиссияларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирдагина берилади.

Ушбу тартиб 2022 йил 1 августга қадар амалда бўлиши хабар қилинди.

Президент: АҚШдан 3 млн доза вакцина келади

Ўзбекистон президенти мамлакат аҳолисини огоҳликка, бефарқ бўлмасликка ва фаолроқ эмланишга чақирди. Бу ҳақда, президент 23 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида гапиргани тўғрисида матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

Gazeta.uz нашрининг хабар қилишича, Шавкат Мирзиёев: «Жуда катта машаққатлар билан вакциналарни олиб келяпмиз. 4 август куни яна 3 млн доза вакцина Америкадан келади. Ҳозир ҳам вакцина бор, лекин одамлар ишонмаяпти» деган.

Нашрнинг эслатишича, 20 ва 21 июль кунлари Ўзбекистонга жами 2 млн доза вакцина олиб келинган. Жами вакцина захираси 21 июль ҳолатига кўра, 9 млн 580 минг дозани ташкил қилмоқда. Улардан 370 минг дозаси «Спутник V», 710 минг дозаси AstraZeneca, 8,5 млн дозаси ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидир.

Аввалроқ, Республика махсус комиссиясининг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда 21 млн аҳолини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилгани ҳақида хабар берилган эди.

COVID-19: Янги аксилрекорд қайд этилди

23 июлда Ўзбекистонда 773 киши коронавирус инфекциясига чалингани қайд этилди, вирус ҳаммаси бўлиб шу кунгача 123 559 кишига юққан. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар қилди.

ССВга кўра, 23 июлда қайд этилган кўрсаткич янги аксилрекорддир.

Бундан ташқари, кеча кун давомида 507 нафар кишида пневмония аниқлангани маълум қилинди.

23 июль куни 659 нафар бемор касалликдан соғайиб, соғайганлар жами 117 962 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, 7 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 826 нафарни ташкил қилди.

Маълумот учун, бундан аввалги антирекорд 22 июль куни қайд этилган бўлиб, унда 738 киши коронавирус юқтириб олгани қайд этилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG