Линклар

Шошилинч хабар
03 феврал 2023, Тошкент вақти: 17:51

Қрим кўчмас мулк бозори Украинадаги уруш туфайли қулади


Қримдаги Саки соҳили, август, 2022

Украинадаги 11 ойлик уруш сабабли Қримдаги кўчмас мулк нархлари тушиб кетди

2014 йилда Москва Қримни аннексия қилганидан сўнг, кўплаб россияликлар у ердан уй-жой сотиб ола бошлаган эди.

Аннексиядан кейин 800 000 га яқин россиялик Қримга доимий яшаш учун кўчиб ўтди. Маҳаллий мулк бозорининг ўсиб борганини айнан шу омил билан изоҳлаш мумкин.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йил бошига келиб кўчмас мулк нархлари йилига қарийб 60 фоизга қимматлаб келган.

Ўтган ёзда Севастопол маҳаллий ҳокимияти шаҳарни ривожлантиришнинг янги режаси қабул қилинмагунча, қурилиш учун рухсатномалар беришни тўхтатиб қўйди. Натижада шаҳарда бир квадрат метр учун ўртача нарх 2021 йил апрелида 85-95 минг рубльдан (1180-1320 доллар) икки ойдан сўнг эса 120 минг (1670 доллар) рубльгача кўтарилди.

Аммо февраль ойида Россия Украинага бостириб кирганидан кейин кўчмас мулк бозори қулади.

Idem консалтинг компанияси маълумотларига кўра, 2022 йил июнь ойида Қрим кўчмас мулк бозоридаги сотувлар ўтган йилгига нисбатан 72 фоизга камайган.

Қримдаги уйлар нархи 2022 йилда ўртача 10 фоизга пасайган ва Украинадаги урушнинг бориши вазиятни янада оғирлаштирмоқда.

Балаклава, Қрим
Балаклава, Қрим

Октябр ойида Қрим кўпригининг бир қисми вайрон қилингани ва бир ой ўтиб Украинанинг Херсон шаҳри озод этилганидан сўнг, ярим оролда мулк савдоси деярли тўхтаб қолди.

Қримдаги вазият тобора оғир ва ноаниқ бўлиб бораётганлиги сабабли, кўплаб россияликлар маҳаллий кўчмас мулк бозорини тарк этишга интилмоқда.

Риелторлар гильдияси раиси Дмитрий Жиделевнинг айтишича, кўчмас мулклар реклама қилинган нархидан ҳатто 50 фоиз арзонга сотилмоқда.

Россия Украинага бостириб кирганидан бери Қрим пляжлари ҳам ҳувиллаб қолган.
Россия Украинага бостириб кирганидан бери Қрим пляжлари ҳам ҳувиллаб қолган.

“Комплексимиздаги квартираларнинг сотуви йил давомида, кузгача анча яхши бўлди. Аммо, октябр ойидан бошлаб талаб деярли тўхтади”, деди Ялта яқинидаги дам олиш масканининг маркетинг бўйича директори Ирина Романова.

"Жорий йил охиригача уй-жой харид қилмоқчи бўлган кўплаб мижозлар кутишга қарор қилиб, режаларини "Янги йилдан кейин"га ёки баҳорга қолдиришди."

"Бунинг сабаби - сиёсий муҳит ва у билан боғлиқ ноаниқлик, шунингдек, ярим оролга қулай логистиканинг йўқлиги", дея қўшимча қилди у.

Москва Қрим аеропортини ёпиб қўйгани савдоларни янада секинлаштирган.

“Ҳамма ҳам масофадан туриб кўчмас мулк сотиб олишга тайёр эмас, самолётлар учмаётгани сабабли кўчмас мулкни келиб кўриш кўпчилик учун муаммога айланган”, дейди мутахассис.

Кўпчилик россиялик инвесторлар хавотирининг яна бир сабаби шундаки, агар Украина ярим оролни қайтариб олса, уларнинг мулкка эгалик ҳуқуқи хавф остида қолиши мумкин. Киевнинг жанг майдонидаги сўнгги муваффақиятлари ҳисобга олинса, бу хавотирлар ўринли эканини кўриш мумкин.

Украина прокуратурасининг Қрим масалалари бўйича раҳбари Игор Поночевнийга кўра, ярим оролда 2014 йилгача яшаб, ҳудуд босиб олингандан кейин Россия фуқаролигини олган қримликлар Россия фуқаролигини олгани учун жиноий жавобгарликка тортилмайди.

Бироқ Россия қонунчилигига биноан тузилган кўчмас мулкни сотиш бўйича шартномалар бекор қилиниши мумкин, дейди Украина халқаро тараққиёт жамғармаси президенти Николай Волкивский.

“Қарорларни маҳаллий судьялар қабул қилади, улар ҳар бир ишни батафсил кўриб чиқади. Бироқ шу билан бирга иш бўйича умумий тавсиялар берилади”, деди Волковский.

Форум

XS
SM
MD
LG