Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:18

Аҳмадийнажод парламентга йиллик бюджетни тақдим қилди


24 январ куни Эрон президенти мамлакат парламентига йиллик бюджет лойиҳасини тақдим этди. Маҳмуд Аҳмадийнажод ҳужжатда нефтдан тушган даромадга қарамликни камайтириш масаласига “алоҳида эътибор” қаратилганини таъкидлади.

Эрон иқтисодиёти асосан нефт экспортига асослангани боис нефтдан тушган даромад давлат бюджетининг 40 – 50 фоизини ташкил қилади.

Бюджет қанча эканини ошкор қилмаган Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод янги ҳужжат лойиҳасида ҳеч қандай мураккаблик йўқлигини айтди.

Ҳукумат ишлаб чиққан беш йиллик режага кўра, давлат бюджетида Эрон иқтисодиёти йилига ўртача 8 фоизга ўсиши кўзда тутилган.

- Мен қонун чиқарувчилар, ҳукумат аъзолари, ташкилотлар ва халқ ўртасида мавжуд бўлган мувофиқлаштириш ва қўллаб-қувватлаш билан 8 фоиз ўсишни назарда тутган беш йиллик тараққиёт дастури Эрон иқтисодиётини минтақа ва дунёдаги етакчи иқтисодий қудратга айлантириши мумкин, деб умид қиламан, деди Маҳмуд Аҳмадийнажод.

Расмий маълумотларга кўра, глобал иқтисодий бўҳрон даврида Эрон иқтисодиёти 2009 йилда 2,5 фоизга ўсган.

Эрон президентининг давлат бюджети масалалари бўйича ўринбосари Раҳим Мембини ИРНА ахборот агентлигига бюджет лойиҳасида бир баррел нефт нархи 60 АҚШ доллари ҳисобида сотилиши назарда тутилганини айтган. Ҳозир жаҳон бозорида бир баррел нефт нархи 75 АҚШ доллари атрофида сотилмоқда.

Сўнгги йилларда нефт нархининг кўтарилгани Эрон ҳукуматига катта даромад келтирди. Бироқ танқидчилар ҳукуматни пулни исроф қилганликда айблаган.

Аҳмадийнажод энергия ва асосий озиқ-овқат маҳсулотларига субсидия ажратишни бекор қилиш ҳақидаги Васийлар кенгаши шу ой бошида тасдиқлаган мунозарали дастур келаси ой кучга киришини айтди.

Нефт маҳсулотлари, электр, сув, буғдой, сут, гуруч ва ўғит нархлари устидан назоратни бекор қилиш орқали Эрон ҳукумати уч тўрт йил ичида қарийб 100 миллиард доллар маблағ тежашни режалаган.

Санаб ўтилган ушбу маҳсулотларнинг айримлари ҳозир сунъий равишда паст нархда сотилмоқда. Масалан, ҳозир бир литр бензин эронликларга 10 сентдан сотилади. Бу бензин учун дунёдаги энг арзон нархлардан бири.

Эрон президенти парламент аъзоларига субсидия бериш тўхтатилганидан кейин мамлакатда йиллик инфляция даражаси беш фоизга тушишини айтди. Ҳозир Эронда инфляция даражаси 13 фоизни ташкил қилади. Мустақил иқтисодчилар эса аслида йиллик инфляция даражаси расмий кўрсаткичдан юқори, деган фикрда.

24 январ куни парламентдан ташқари журналистлар билан учрашган Маҳмуд Аҳмадийнажод Эроннинг мунозарали ядровий дастури борасидаги янги маълумотлар келаси ойда эълон қилинишини айтди.

- Биз яқин фурсатда 20 фоиз бойитилган ёнилғи маҳсулоти ҳақида хушхабар оламиз. Бу, шунингдек, мамлакатнинг фан ва технология соҳасидаги сўнгги ютуқлари ҳақидаги янгиликдир. Бу масалалар Эрон ва бошқа мустақил давлатларни хурсанд қилади, деди Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод.

20 фоиз бойитилган уран атом электр станциясида ёнилғи сифатида ишлатилиши мумкин.

Халқаро ҳамжамият Эрон яширинча ядровий қурол тайёрлашга уринаётган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда

Аммо Эрон ўзининг ядровий дастури тинч мақсадни кўзлаганини таъкидлаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG