Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:42

Тожикистонда электр чеклови бекор қилинди


Тожикистонда бу йил электр чеклови ўтган йилга нисбатан 40 кун олдин бекор қилинди.
Тожикистонда бу йил электр чеклови ўтган йилга нисбатан 40 кун олдин бекор қилинди.

Наврўз байрами муносабати билан шундай қарорга келган Тожикистон расмийлари аҳоли ва корхоналардан электрдан унумли фойдаланиш ҳамда вақти-вақти билан фойдаланилган электр пулини тўлаб туришни сўрамоқда.

“Барқи тожик” очиқ ҳиссадорлик ширкати матбуот котиби Нозиржон Ёдгорийнинг маълум қилишича, аҳолини доимий электр билан таъминлашга оид қарорга президент Имомали Раҳмон Наврўз арафасида имзо чеккан.

Мазкур ҳужжатга биноан, мана, тўрт кундирки, Тожикистон барча ҳудудларида, электр нималигини унутиб қўяёзган чекка қишлоқлардаги қора халқнинг чироғи туну кун ёниб турибди.

- Бу йил эрта берди, анча яхши бўлди. Айни баҳорда ҳамма нарса узиладиган вақт, ўтин, озиқ-овқат масаласини назарда тутаяпман.
Энди чироқнинг доимий берилиши, айни экин - тикин маҳал деҳқон одамларга қулайлик олиб келди. Шошилиб келганда бир чойини қайнатиб ичади, иссиққина овқат ейди, дейди суҳбатдошларимиздан бири Олмахон Раҳимова.

“Барқи тожик” ширкати расмийси Ёдгорийга кўра бу йил Тожикистонда электрга чеклов аввалги йилларга нисбатан 40 кун эртароқ бекор қилинган.

- Аммо бизнинг аҳоли ва корхоналардан талабимиз, электрдан унумли фойдаланиб, пулини вақти-вақти билан тўлаб туришсин, деди ширкат расмийси Ёдгорий.

2009 давомида Тожикистон ҳукумати томонидан электрга икки марта янги нарх белгиланди. Сўнгги марта электр қувватига белгиланган нархномага кўра, тожикистонликлар ҳар минг кВт/соат электр энергияси учун 90 сомоний ёки 20 АҚШ доллари тўлаши лозим.

Ўртача иш ҳаққи 160 сомоний ( тахминан 36 АҚШ доллари - таҳр,.) этиб белгиланган бу мамлакатда аҳолига, хусусан электр энергияси ва табиий газ пулини тўлашнинг оғирлик қилаётгани кузатилади.

“Барқи тожик” ширкатидан олинган маълумотларга кўра, республика аҳолисининг тахминан 54 фоизи фойдаланилган электр пулидан қарздор.

“Улар орасида уч-тўрт ойлаб қарзларини узолмай қолаётган оилалар талайгина”, дейди тожик энергетиклари.

Кузатувчиларга кўра, электр қуввати истеъмолчилари орасидаги қарздорларнинг аксариятини қашшоқ оилалар ва нафақахўрлар ташкил қилади.

- Тефал, яна у бу ишлатамиз, счетчик кўп ишлаб кетибди. Албатта, қийин-да тўлашимиз бу пулни, деҳқон одам бўлсак, қаердан оламиз. Қишлоғимизда бундай оилалар кўп. Биров ишлайди, биров ишламайди, қаердан топамиз унча пулни. Бир хилги оилаларнинг шу кунларда егани нарсаси йўқ, улар қандай қилсин, -дея зорланади электрдан қарздор бўлиб қолганлардан бири Ваҳдат туманилик Гулизор Мениқулова.

Шу ўринда айтиш лозимки, Тожикистонда бу йил электр энергиясига чеклов олдинги йилларга нисбатан анча юмшатилди.

Бунинг сабабларини расмийлар Норак сув омборида бу йил сув сатҳининг камаймагани билан изоҳлашмоқда. Таҳлилчилар эса Ўзбекистон ўтган йил декабр ойида Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиб кетганидан сўнг, “Барқи тожик” ширкат мулозимлари электрни ноқонуний сотиш имконини қўлдан бергани ва бу ўз навбатида мамлакатда энергетика бўҳронининг барҳам топишига сабаб бўлганини урғулашмоқда.
XS
SM
MD
LG