Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:38

Бир саволга 5 жавоб: Роғун можаросига ечим борми?


Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматларининг Роғун ГЭСи қурилиши устида кескинлашган муносабатлари халқаро майдонда муҳокама қилинаëтган можарога айланмоқда. Иккала томон кескинликни юмшатиш аломатини кўрсатмаëтган ҳозирги вазиятдан чиқиш йўллари борми?

Ўзбекистон ҳукумати фикрича¸ бу муаммонинг ечими бор ва у халқаро экспертиза ўтказиш ва экспертлар чиқарадиган асосли хулосани қабул қилишдир.

Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро минбарлардан туриб бир неча бор қилган бундай мурожаатидан сўнг ниҳоят Жаҳон банки ўз экспертлари гуруҳини Роғун ГЭСи билан боғлиқ масалаларни объектив ва мустақил тарзда баҳолаш мақсадида Тожикистонга йўллайдиган бўлди.

Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиë бўйича вице-президенти Филип Ле Уэйрунинг Ўзбекистон ҳукумати йўллаган номасида муаммонинг эҳтиëткор ечими ҳам таклиф қилинган.


"Техник-иқтисодий¸ экологик ва ижтимоий экспертиза таклиф қилинаëтган Роғун лойиҳасининг техник ҳолати¸ шунингдек экологик ва ижтимоий рисклар ва келтирадиган фойдасини атрофлича баҳолашга қаратилади.

Жаҳон банки навбатдаги мониторинг ва бораëтган ишларни баҳолаш мақсадида 20-27 апрел кунлари Роғун қурилиш майдончасига юқори даражали техник миссиясини йўллашни режаламоқда. Мазкур техник миссия ўз таркибига Банкнинг тўғонлар бўйича энг юқори малакали эксперти ва гидроиншоотлар бўйича катта мутахассисларини киритади. Шунингдек апрел ойида мен ва Жаҳон банкининг институтционал ҳимоя механизмлари бўйича маслаҳатчиси жаноб Стефан Линтнер билан биргаликда трансчегаравий дарëлар ҳавзасида жойлашган барча давлатларга сафар қилиб¸ тадқиқот ишларида халқаро мустақил экспертлар иштирокини муҳокама қилишни режаламоқдамиз.

Биз Ўзбекистон ва Марказий Осиëдаги бошқа давлатларнинг объектив¸ тарафсиз ва изчил ахборот ва маслаҳат бериш борасидаги талабларини эшитиш ва инобатга олишга аҳд қилганмиз. Жаҳон банкининг бўлажак лойиҳаларни молиялаш ва уларда қатнашишга оид қарори экспертиза хулосасига асосланади¸ дейилади Жаҳон банкининг Ўзбекистон ҳукуматига йўллаган мактубида.

Жаҳон банки расмийси ўз экспертларининг барча томонлар талаблари инобатга олинган ҳолда¸ объектива ва бетараф хулоса чиқариб беражагини кафолатламоқда. Банк экспертлари сафарига бир ойча вақт қолаëтган айни кунларда эса¸ Тошкент ва Душанбе ўртасидаги можаро пасайиш ўрнига¸ кучаймоқда.

Ўзбекистон Роғун учун зарур қурилиш материаллари ортилган Тожикистон темир йўллари ширкатига қарашли 1000 дан ошиқ вагонни феврал ойидан бери ўз ҳудудида ушлаб турибди. БМТ минбаридан туриб Тожикистон Бош вазири бу ҳаракатни Тожикистонни иқтисодий қамал қилиш уриниши дея атади. Гарчи Ўзбекистон 25 мартдан бошлаб бу вагонларни ўтказа бошлаган бўлса-да¸ Душанбе расмийлари айнан Роғунга аталган юкларнинг ҳамон ушлаб турилганини даъво қилмоқда.

Тожикистон Роғунни "қурсак ҳам қурамиз¸ қурмасак ҳам қурамиз!" деб¸ Ўзбекистон томони эса¸ аксинча¸ "қани қуриб кўрчи!" қабилидаги ëндашувини ўзгартирмаëтган бир вазиятда халқаро экспертизанинг ҳам "бир-бирларингиз билан келишиб олинглар" деб маслаҳат бериши эҳтимолга яқиндек.

Хўш¸ Роғун масаласида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматларини муросага келтириш мумкинми? Мумкин бўлса¸ муросага элтувчи йўл қайда?



Ҳомиджон Орипов¸ Катта тўғонлар бўйича Тожикистон миллий комиссияси котиби:

Ҳомиджон Орипов
Бу каби муаммони ҳал қилишнинг минг йиллардан қолган ечими бор – ниманидир келиша олмаяпмизми¸ унда келинглар бир жойга тўпланиб¸ муросаю мадора йўлини излайлик. Бунинг ўрнига Тошкентдан туриб бизга буйруқ беришмоқда¸ халқаро ҳуқуқ нормаларига мутлақ зид равишда Тожикистонга қарши кенг кўламли иқтисодий санкция қўллашмоқда.

Тошкентдагилар нима қилса қилсин¸ биз барибир Роғунни қурамиз. Бизга на Ўзбекистоннинг ва на бошқаларнинг пули керак эмас. Биз Роғунни халқимиз ва давлатимиз пули ҳисобига қурамиз. Бугун Ўзбекистон халқаро экспертиза ўтказилиши ва халқаро экспертларнинг узил-кесил ўз хулосасини беришини талаб қилмоқда. Марҳамат¸ халқаро экспертлар келиб иш бошлайди¸ аммо уларнинг хулосаси қандай бўлади?

Дейлик¸ экспертиза Роғун қурилса Ўзбекистон экологиясига қандайдир зиëн етиши мумкин¸деган хулосага келади. Аммо бугунги Ўзбекистон ҳукумати мамлакат экологияси¸ қолаверса халқига шу қадар кўп зиëн еткиздики¸ ундан ошириб зиëн еткизишнинг имкони йўқ. Ўзбекистон пахтачилигида сувнинг қанчалик исроф бўлаëтгани¸ бу пахтачиликдан халққа қанчалик иқтисодий зиëн етаëтгани¸ халқнинг соғлиғидан ажраëтганини ҳамма кўриб-билиб турибдику! Ўзбекистон тепасидагиларнинг хўжасизлигидан мамлакат ва халққа етган бу зиëнга Тожикистоннинг алоқаси йўқку! Шундай ҳолдаги мамлакатга биз яна қандай зиëн еткизишимиз мумкин? Халқаро экспертлар Роғундан қандайдир зиëн етиши мумкин¸ дер экан бу ҳали Роғун қурилмасин дегани эмас. Улар бундай хулосага келган тақдирда¸ яна бизга ана шу зиëнни камайтириб қуриш йўлларини биргаликда изланг¸ дейишади. Дунëдаги бирор куч мустақил Тожикистонга Роғун қуришни тақиқлай олмайди. Агар бундан Ўзбекистонга зарар етса¸ биз товон пули тўлашимиз керак бўлади¸ холос.

Агар Ўзбекистон томони муроса деганда бизнинг Роғунни қуришдан бутунлай воз кечишимизни тушунаëтган бўлса¸ биздан бунақа муросани кутмасин. Аммо қандайдир зиëнлар¸ хавотирлар ҳақида сўз борар экан¸ марҳамат¸ Тожикистон Бош вазири ўз ҳамкасбининг хатига жавобан¸ масалани муҳокама қилиш учун экспертлар гуруҳини Душанбега таклиф қилди. Ҳеч ким келмадику Тошкентдан. Бугун тошкентдагилар учун Роғун сиëсий масала ва улар буни мен сендан кучлиман¸ менинг айтганим бўлади¸ қабилида ўз фойдасига ҳал қилмоқчи. Аммо замонавий дунëда бунақаси кетмайди.



Санобар Шерматова¸ мустақил таҳлилчи:

Санобар Шерматова
Иккала томоннинг ҳам ўз позициясидан чекиниш нияти йўқ – Тожикистон Роғунни қуриш қароридан қайтмоқчи эмас¸ Ўзбекистон эса¸ унга қаршилигини юмшатмоқчи эмас. Бундай вазиятда бетараф халқаро арбитр¸ ҳакамга эҳтиëж бор. На Россия¸ на АҚШ ва ЕИ ва на Хитой¸ минтақадаги манфаатлари боис¸ бу ролни ўйнай олмайди. Шу боис¸ Тожикистонда тўғонининг баландлиги 335 метрлик Роғун каби улкан гидроиншоотни Ўзбекистон каби қўшнилар халқ хўжалиги¸ қолаверса умуман атроф-муҳитга зарар еткизмай туриб қуриш мумкинми¸ деган саволга Жаҳон банки каби халқаро молия ташкилотлари узил-кесил жавоб беришлари лозим бўлади.

Агар келаси ой Тожикистонга келиб¸ муаммони атрофлича ўрганишга киришадиган Жаҳон банки экспертлари хулосаси кутилаëтган каби узил-кесил бўлмас экан¸ мен Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дипломатик можаронинг узоққа чўзилишини тахмин қиламан. Ўзбекистон Тожикистонни иқтисодий қамал қилишни давом эттиради¸ Роғун учун зарур қурилиш маҳсулотлари Ўзбекистон қуруқлик ва ҳаво ҳудудидан ўтказилмаса¸ тожиклар Роғунни қуролмайди. Ўзаро дипломатик жанг янги босқичга киради¸ унга бошқа давлатлар аралаша бошлайди¸ томонларга муросага келиш борасидаги босимлар кучаяди.

Аслида можаронинг ечими бор. Бу Қозоғистон ва Ўзбекистон таклиф қилаëтган минтақавий сув концорциумини тузиш. Аслида Ўзбекистонни Роғун тўғони эмас¸ балки минтақа сув заҳираларини тақсимлаш жараëнидаги ўз ролининг заифлашиш эҳтимоли чўчитмоқда. Тошкент Тожикистон Роғунни қургач¸ ўз бўйнига солинган сиртмоқнинг тортилишини¸ яъни ўзига тегаëтган сув миқдори камайишини истамайди. Ўзбекистон сув концорциумига кириш ва минтақавий сув лойиҳаларига сармоя ëтқизишга қарши эмас. Аммо Тожикистон Роғунни бошқалардан пул олган ҳолда¸ аммо унинг акцияларини бошқаларга бермаган ҳолда қурмоқчи ва ҳеч кимни Роғун билан бўлишишликка яқин ҳам йўлатмоқчи эмас – Раҳмон Роғуннинг 100 фоиз Тожикистонники бўладиган қилиб қурмоқчи. Тошкент ва Душанбе ўртасидаги "уруш"нинг асл манбаи ана шунда! Агар Роғун ëки Қамбарота ГЭСлари минтақавий лойиҳага айлантирилса¸ Ўзбекистон шартлари инобатга олинса¸ иккаласининг қурилиши имкони кучаяди.

Аммо қўшнилар бу масалада бир муросага келгунга қадар ҳали анча сувлар оқади. Имомали Раҳмон, ҳатто Роғун учун зарур икки миллиард пулни топган тақдирда ҳам¸ Ўзбекистон ҳозиргидек қаршилик қилиб турса ва ўзини иқтисодий қамал қилиб турса¸ Роғунни қура олмаслигини англаб етиши лозим. Ислом Каримов эса¸ ўзининг ҳамма ерда ва ҳамма учун ҳам айтгани айтган¸ дегани деган эмаслиги ¸ Тожикистоннинг мустақил ва суверен давлат экани ва уни Роғундан воз кечтириш учун ўз қўлида ричаглари йўқлигини тан олиши керак. Иккаласи ҳозиргидек икки оëғини бир этикка тиқиб туришда давом этса¸ вазият айни бугунги боши берк кўчада қолаверади ва томонлардан бирортасининг қўли баланд келмайди.


Фарҳод Толипов¸ ўзбекистонлик сиëсатшунос ва таҳлилчи:

Фарҳод Толипов фикрлари Ўзбекистон ҳукумати позициясига монанд.
Жаҳон банкининг экспертлари Тожикистонга ташриф буюрар экан¸ демак мана шу тадбир охиригача олиб борилиши керак. Натижаларини барибир кутишимиз керак. Агарда ҳозир халқаро ташкилот томонидан қандайдир реакция бўлмаганда эди¸ бошқача фикр билдирса бўларди. Мана шу даражагача етиб келибди. Халқаро ташкилот аралашуви муқаррар экан. Экспертлар гуруҳи келар экан. Шу гуруҳ олиб борадиган ҳамма тадбирларни кузатишимиз керак. Қани қандай якун топаркан. Жаҳон банкининг вакилларига Тожикистоннинг ўзи рухсат берибди. Экспертларнинг баҳоларини олишга Тожикистоннинг ўзи ҳам рози бўлибди. Ҳеч ким у ерга экспертларни мажбурлаб юбормаяптику. Демак Тожикистон ҳам бунга рози. Биз экспертларнинг қандай хулосага келишлигини кутишимиз керак.

Ўйлайманки¸ бу тадбир иккала томон учун ҳам фойдали бўлади. Сабоқ бўлади¸ десак ҳам бўлади. Экспертлар қандайдир ечимга етиб келади. Қандайдир ечимни таклиф қилади.

Агарда “ўзларингиз келишиб олинглар” деган хулосага келса¸ биз халқаро банк экспертларининг малакаси ҳақида шубҳа билан гапиришимиз мумкин бўлади. Агарда шундай бир нуфузли делегация келиб айнан специалист сифатида қандайдир конкрет хулосага келмаган экан¸ унда халқаро ташкилотдан ҳам биз шубҳаланишимиз мумкин экан. Бундай хулосани ҳар қанақа одам ҳам айта олади. Биз халқаро ҳамжамиятга¸ халқаро ташкилотга мурожаат қилаëтган эканмиз¸ улардан малакали¸ профессионал хулоса қилишини кутишга ҳақлимиз. Акс ҳолда бундан буëн биз улардан ҳам шубҳаланамиз ва анча-мунча танқидий гаплар уларга ҳам қаратиб айтилади. Шуни улар яхши билиши керак. Бу битта хулоса. Агар ҳақиқатан ҳам жиддий гап айта олишмаса¸ уларнинг позициясини масъулиятсизлик деб билган бўлардик. Чунки улар бу ерга жиддий масалани ўргангани келади. “Минтақавий экологик вазиятга таъсир қиладими ëки йўқми? Маҳаллий аҳолининг яшашига таъсир қиладими ëки йўқми? Иқтисодларга таъсир қиладими ëки йўқми? Салбий ëки ижобий оқибатлари қандай бўлади?” деган масалани ўрганиш учун келади. Бу жуда жиддий савол. Агар шу саволни ҳам уддаламаса ва бу юзасидан конкрет фикрга кела олмаса¸ масъулиятсизлик бўларди. Экологик масала тўғрисида гап кетаяпти. Биз улардан жиддий хулосаларни кутишга ҳақлимиз. Ўзбекча айтганда¸ улардан олиб қочарликни кутаëтганимиз йўқ.


Дуйшан Маматқанов¸ Қирғизистон Сув муаммолари, гидроэнергетика ва экология институти директори¸ профессор:

Профессор Дуйшан Маматқанов
Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳозир юзага келган можаро хусусида халқаро ҳуқуқ нормалари нима дейди¸ деган саволга жавоб изласак¸ халқаро қонунлар¸ агар Роғун атроф-муҳитга жиддий зиëн еткизмаса¸ унинг қурилишига тўсқинлик қилмайди. Бундай тақдирда¸ Тожикистон ўз ҳудудида нимани қуришни ўзи ҳал қилиши керак. Бугун Ўзбекистон Роғун қурилса¸ сув режимига таъсир қилишини айтмоқда. Албатта¸ бундай катта гидроиншоот қурилса¸ у сув режимини ўзгартиради. Бундай вазиятда¸ ë контррегуляция ëки дарëлар қуйи қисмидаги ҳудудларга етадиган зиëн миқдорини ҳисоблаш чиқиш керак бўлади. Аммо Ўзбекистон бундай ҳисоб-китобли гапни истамаëтир¸ бунинг ўрнига халқаро экспертиза ўтказилишини талаб қилмоқда. Бундай экспертиза ўтказилган тақдирда ҳам¸ агар Тожикистонни иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш учун Роғун зарур бўладиган экан¸ тожиклар буни¸ эртами-кечми барибир қуришга мажбур.

Бу можаро ечимини мен шундай тушунаман – бу масалада олим ва мутахассислардан иборат давлатлараро ишчи комиссияси тузиш керак ва улар лозим ҳисоб-китобни қилишлари керак. Ахир бугун Тожикистон ва Қирғизистоннинг дарëлар бошида ўтириб¸ йил узун электр энергияси йўқлигидан азият чекиши бориб турган адолатсизликку! Нега дарëлар қуйисида жойлашган давлатлар сув оқимини истаганларича ўзгартира оладилару¸ тепадагилар буни қилмасликлари керак? Агар Ўзбекистон Тожикистоннинг Роғун¸ Қирғизистоннинг эса Қамбарота ГЭСини қуришга ҳаққи борлигини тан олиб¸ муросага бормай тураверса¸ кўп нарса йўқотади. Бу гидроиншоотлар барибир қурилади ва улар қурилгач¸ Ўзбекистон¸ бугун муроса орқали эришиши мумкин имтиëзларни ҳам йўқотиб¸ қуруқ қўл билан қолади.


Азиз муштарий¸Сиз нима дейсиз:

Роғун масаласида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматларини муросага келтириш мумкинми? Мумкин бўлса¸ муросага элтувчи йўл қайда?

Алоқадор

XS
SM
MD
LG