Линклар

Шошилинч хабар
08 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:05

Ўзбекистон давлат статистикаси: коса тагидаги нимкоса


Россия раҳбарларининг Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун чўзилган қўлига Тошкент раҳбари қўл учида жавоб бермоқда.
Россия раҳбарларининг Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун чўзилган қўлига Тошкент раҳбари қўл учида жавоб бермоқда.

Ўзбекистон раҳбарлари ўз сиëсатини бутун дунëга иқтисодий бўҳронга чап бериш намунаси¸ дея тақдим этаëтган бўлса-да¸ давлат статистикаси хориж давлатлари билан олди-берди кўламининг торайганини тан олди.


Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасига кўра, 2010 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкори бўлиб қолаётган Россия билан товар айрибошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 фоизга қисқарган. Ўтган йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон ташқи товар айрибошлаш ҳажмининг 22,1 фоизи Россияга тўғри келган, жорий йилда эса бу кўрсаткич 19,1 фоизни ташкил қилган.

Савдо ҳамкорлари орасида иккинчи ўринда турадиган Хитой ҳиссасига ўтган йили олди-сотдининг 14,2 фоизи тўғри келган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 9,4 фоизга тушган. Учинчи ўринда қолаётган Швейцария билан ҳам товар айрибошлаш ҳажми 2010 йилда 5 фоиздан ортиқроққа қисқарган.

Бу маълумотлар, расмийларнинг Ўзбекистон иқтисоди изчил ўсишда давом этмоқда, қабилидаги баёнотлари мантиғидан келиб чиқиб қанчалик ҳақиқатга мос, деган савол билан Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасига мурожаат қилдик.

- Бизлар телефон орқали маълумот бермаймиз ака. Хафа бўлмайсиз. Ë расмий хат билан мурожаат этишингиз керак ëки сайт бор¸ дейди ўзини таништирмаган суҳбатдошимиз.

Ўзини таништирмаган суҳбатдошимиз маслаҳат қилган www.stat.uz веб саҳифасини очишнинг иложи бўлмади.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ амалдори¸ ҳозирда Олмаотадаги Евроосиё институтининг иқтисодиёт факультети декани Сапарбой Жубаев Давлат статистика қўмитасининг товар айрибошлаш ҳажми камайганига оид маълумотларини шубҳа остига олмасада¸ айни ҳолат Ўзбекистон расмийларининг иқтисодий бўҳрон бизни айланиб ўтди, қабилидаги иддаоларини инкор қилади, дейди.

- Товар айрибошлаш камаяди¸ чунки биз ҳали кризис давридан чиқиб кетганимиз йўқ. Жуда кўп Ўзбекистонда чиқадиган маҳсулотларга баҳо ҳали арзон. Кризисгача бўлган даврдаги баҳоларга ҳали етиб бормади. Қайсидир масалаларда¸ масалан¸ Швейцария дедингизку¸ Швейцариянинг Дедаман деган фирмаси асосан пахталарни олади. У битта Швейцария учун эмас бутун Европадаги давлатлар учун сотиб олади. Лекин пахта баҳоси олдинги баҳога етиб боргани йўқ. Балки ҳажми бўйича бир хил бўлиши мумкин. Лекин баҳоси паст бўлгани учун 3-10 фоиз пастроқ бўлади.

Иккинчи масала¸ Ислом Каримовнинг ўзи ҳам “Ўзбекистонга кризис таъсир қилди” деб айтди. Энди таъсир қилганда жуда бошқа давлатларникига ўхшаб¸ Россиянинг ялпи ички маҳсулоти¸масалан 8 фоиз тушиб кетди¸ Қозоғистон ҳар йили 8-9 фоизга ўсаëтган эди¸ энди атиги 1 фоизга ўсди¸ Ўзбекистон 8 фоиз ўсган эди¸ ҳалигача 8 фоиз ўсаяпти. Энди унинг қанчалик ростлигига¸ бир Оллоҳ билади¸ дейдию. Лекин Ўзбекистонга таъсир қилгани айтилган¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Иқтисод бўйича халқаро экспертларнинг баъзилари Ўзбекистонда кейинги йилларда ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши 1-2 фоиздан кўп бўлмаганини тахмин қилади.

Айнан жаҳон молиявий инқирози, бошқа давлатлар каби Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга бўлган эҳтиёжни камайтирди, дейди Ўзбекистон молия вазирлигининг собиқ амалдори.

Тошкентлик мустақил иқтисодчи Сайфиддин ака Ўзбекистон статистикаси “ёлғоннинг уч тури бор: бўлар ёлғон, ғирт ёлғон ва статистика”, деган фикрнинг ёрқин мисолидир, дейди. Ўзбекистон расмийлари бир томондан иқтисодий йўналишлардан бирининг қисқариши, бошқа томондан иқтисод изчил ўсиб бораётгани ва халқ равнақи ошаётганини таъкидлаши бунга далилдир.

- Ҳозир “Ўзбекистоннинг иқтисоди ҳақиқатан кўтарилаяптими?” деган саволингизга кўтарилаëтгани ҳақ бу. Кўтарилишига сабаб¸ бойларни йўқотиш компаниясининг бошлангани Ўзбекистон халқи эмас¸ давлат бойишига¸ ҳақиқатан¸ фойдаси тегаяпти. Банклар¸ масалан¸ Халқ банки¸ Миллий банкларнинг ўсишига Асака банкининг пулини олиб қўйишди¸ масалан. Ҳаммасини олиб давлат иқтисодига киргазиб юборишди. Ëки Алп Жамол банки. Унинг ҳам ҳамма пуллари давлатга ўтиб кетди. Билишимча¸ у ерда жуда катта суммалар бўлган. Бундан ташқари жуда катта тижоратчилар¸ бизнесменларнинг пулларини олиб қўшиб юборишди. Шунинг учун давлатнинг ҳаракатига ҳақиқатан давлат хазинаси бойияпти. Лекин халқ бойиëтгани йўқ¸ дейди мустақил иқтисодчи.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг Швейцарияни Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари орасида учинчи ўринга қўйгани ҳам диққатга сазовордир. Чунки шу пайтгача Ўзбекистон билан Швейцария ўртасида жиддий товар айрибошлаш бўлгани ҳақида маълумотлар эълон қилинмаган.

Лекин буни Швейцарияда қайддан ўтган ва президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова назорат қилиши айтиладиган “Зеромакс” ширкатининг Ўзбекистонда муаммоларга учраши билан тушунтириш мумкин.

Айнан Швейцарияда қайддан ўтказилган “Зеромакс” ширкати ўзбек гази ва нефти, олтини ва пахтаси экспортини назорат қилиб келгани айтилади.

Тошкентлик мустақил иқтисодчи Сайфиддин аканинг фикрича, Давлат статистика қўмитасининг Швейцария билан товар айрибошлаш қисқарганини эълон қилиши ҳам “Зеромакс” муаммолари билан боғлиқ бўлиши мумкин.

- Беш фоизга камайишининг ҳозир Зеромаксга ҳам жуда катта тааллуқли жойи бор. Чунки Швейцарияда қизига тааллуқли бўлган жуда кўп катта-катта офислар жойлашган. Основной Швейцарияда ҳам иш бўлади. Қизи Швейцарияда элчихонада ишлаяпти биласиз. Нима иш қилади¸ Худо билади. Ҳозир шуни оқлаш мақсадида нисбата камайтирилган бўлиши факт, дейди мустақил иқтисодчи.

Ўзбекистон молия вазирлигининг собиқ амалдори Сапарбой Жубаев, Швейцария Ўзбекистондан пахта сотиб олганини айтар экан, бу олди-сотдида “Зеромакс” ширкати воситачилик қилганини эҳтимолдан соқит қилмайди.

- Бу ерда бир қизиқ нарса борда. Швейцариянинг Донавант деган фирмаси Ўзбекистоннинг пахтасини оладида¸ уни Европага олиб сотмайди. Европада ҳиндларнинг¸ бошқаларнинг пахтаси етади. Улар шу пахтани Шарқий Европа ва Россияга сотади. Нима учун биз пахтамизни Швейцария орқали сотамиз? Россиянинг корхонаси билан шартнома тузсак¸ улар “Олдин пахтангни бер. Биз маҳсулот чиқарамиз. Кейин пулингни берамиз” дейди. Бизга пулни олдиндан бериши керак. Шунинг учун Швейцария ўртада туради. “Биз сизларга пул берамиз. Сизлар пахтани Россияга юборасизлар” дейди. Кейин Россия билан ўзлари ҳисоблашаверади. Ўзбекистонда пахтани чиқарадиган¸ шартнома тузадиган "Зеромакс" бўлиши мумкин. Швейцарияда Донавант бўлса¸ Ўзбекистонда "Зеромакс"¸ "Ўзсаноатпахтасотиш" бўлиши мумкин¸ дейди Сапарбой Жубаев.

“Зеромакс” ширкати устида қора булутлар пайдо бўлгани расмий статистикада Ўзбекистон билан Швейцария ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмида қисқариш сифатида акс этган бўлиши мумкин, дея қўшимча қилади иқтисодчи.

- Бўлиши мумкин. Чунки "Зеромакс" Швейцарияда рўйхатдан ўтган¸ очилган. Чунки асосий савдо халққа келадиган товарларни улар қўярдию. У келмай қолгани учун бўлиши мумкин, дейди Олмаотадаги Евроосиё институтининг иқтисодиёт факультети декани ва Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ амалдори Сапарбой Жубаев.
XS
SM
MD
LG