39 ёшли Холбуви Мирзааҳмедова ўтган асрнинг 90-йилларида Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидан Тожикистоннинг Сўғд вилоят, Истаравшан туманидаги қишлоқларнинг бирига келин бўлиб тушди.
Холбуви ва Абдусаматдан тўртта бола - уч қиз ва бир ўғил дунёга келди.
2000 йил эса Холбувининг турмуш ўртоғи Абдусамат ака кўп қатори Россияга ризқ ахтариб кетди.
Аёл тўрт нафар вояга етмаган бола ва турмуш ташвишлари билан ўзи қолди.
Болаларни боқиш ва уларни оёққа қўйиш Холбувининг зиммасига тушди.
Холбуви Тожикистонда қарийиб 20 йил яшаётганига қарамай, ҳануз Ўзбекистон фуқароси бўлиб қолаётгани ва бир кун келиб қўлидаги ўзбек паспорти ўзига ҳам, болаларига ҳам панд бермаслиги, янги муаммо туғдирмаслиги учун Истаравшан туман “Нофиржон” қишлоқ кенгашига борди.
Маҳаллий ҳукумат масъулларидан ўзига Тожикистон фуқаролиги берилиши ва яна турмуш ўртоғидан қолган уй ўзининг номига расмийлаштирилишини сўради.
- Қишлоқ кенгаши раисига мурожат қилдим. “Ўзбекистон фуқаросиман, менга тожик фуқаролигини беринг”, дедим. Паспортимни янгиланг, деди.
У “Йўқ сен аёл кишисан, кучинг етмайди. ( молиявий жиҳатдан демоқчи. Таҳр,.)Тўртта боланг бор, боқаяпсан. Қачон эринг Россиядан келса, паспорт оласан, уйингни ўзингнинг номингга қилиб берамиз”, деди, -дея бундан етти йил аввалги воқеани эслайди Холбуви.
Орадан йиллар ўтди, неча-неча сувлар оқди.
Кунларнинг бирида Холбувининг қўшниси Икром Ашуров ҳеч бир огоҳлантиришсиз аёлнинг томорқасига ҳаммом ва ошхона учун пойдевор қурди. Аёл қўшни эркакка ёлвориб, бир иморат учун яхши қўшничилик алоқаларини бузмасликни сўради. Қўшни кўнмади.
- Менинг ҳам ҳақ-ҳуқуқим бор, нега бундай қиласиз, менинг тўртта болам бор, бу ер шу болаларимнинг ҳаққи , дедим қўшнимга. Кейин ўғли келиб мени дўппослаб кетди, агар уста бўлмаганда у мени кўп урарди, уста ажратди. Кейин “Сен ким бўлибсан, Ўзбекистон фуқаросисан, бу ерда ҳақ - ҳуқуқинг йўқ, керак бўлса уйингни ҳам тортиб оламиз”, деди. - дейди кўз ёшларини артиб аёл.
Шу билан икки қўшни ўртасидаги кўп йиллар давом этиб келган яхши муносабат, кирди-чиқди ўрнини адоват эгаллади.
Холбуви қўшниси маҳаллий ҳукумат мулозимларидан бўлган қариндошлари ёрдамида ўзини кўп марта таҳқирланганини ва ҳатто зўрланганини куйиниб гапирди.
- Милиция ходимлари мен Ўзбекистон фуқароси эканимни ва депортация бўлганим ҳақида қарор қабул қилинганини айтишди. Ўша қарор ўқиб эшиттирилган 5 апрел тунида Икромнинг қариндоши, хўжалик раиси Мавлон Жумаев уйимга келди. У “Депортация қарорни бекор қиламиз, менинг бир зўр танишим бор, юр уйига борамиз”, деди. Мен танг аҳволда қолганим учун унга ишондим. Ўғлим Абдуманнонни ҳам ўзим билан бирга олдим. Лекин йўлда Мавлон Жумаев ўғлимни ортга ҳайдаб юборди ва менинг оғзимни кафтлари билан ёпиб, ўғли Гулбойникига олиб бориб ўша ерда зўрлади. Икром қўшни ҳам менга тегинди, - дейди ҳақ- ҳуқуқлари маҳаллий мулозим томонидан поймол бўлганидан куйиниб аёл.
Аёл ҳовлисидаги болаларига ҳар эрталаб сут бериб турган соғин сигири ва яна кўпгина қўй, эчкисини сотиб, ўз ҳақ-ҳуқуларини ҳимоялаш мақсадида катта йўлга чиқди.
Лекин унинг арзу шикояти бирор ерда тингланмагани ва сабаби эса шу кунгача Ўзбекистон паспорти билан Тожикистон ҳудудида яшаб қолаётганида деб билади.
Албатта аёл арзу шикоятларидан сўнг Истарашван туманига ҳам қўнғироқ қилиб у томон фикрларини ҳам сўрашга уриндик. Аммо бундан ҳеч қандай натижа чиқмади. Шунинг учун идорамизга шикоят билан келган аёл гапириб берганлари ҳаммаси ҳақиқат деган даъвомиз йўқ.
Бироқ кундалик ҳаётимизда учратиб турганимиз - хоҳ у тожикистонлик бўлсин ва хоҳ ўзбекистонлик - икки давлат чегараларидан ўтаётиб давлат мулозимлари, чегара хизматчилари томонидан ҳақ - ҳуқуқлари оёқ ости қилинаётганидан шикоят қилаётганлар сони талайгина.
Таҳлилчиларга кўра, сўнгги йиллар Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларининг тобора кескинлашаётгани ва давлат раҳбарларининг муаммолар ечимида бир битимга келиша олмаётгани оддийлар турмуш тарзига кўпроқ салбий таъсир кўрсатмоқда.