Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:44

Ўшлик 4 диндор азон айтгани учун қамалди


Ўшлик диндорларнинг масжидда азон айтгани зўравонликка даъват сифатида талқин қилинмоқда.
Ўшлик диндорларнинг масжидда азон айтгани зўравонликка даъват сифатида талқин қилинмоқда.

Қорасув туман суди Ўш қирғини бошланиши арафасида бомдод намози азонини ўз вақтидан илгари айтганликда айбланган тўрт нафар диндорни тўрт йилга озодликдан маҳрум қилди. Бир ҳафта олдин ўқилган ҳукм тафсилотлари оммага энди маълум бўлди.


16 сентябр куни Ўш вилоятининг Қорасув туман суди мазкур туманда яшовчи Жамолиддин Исоқов, Нурмуҳаммад Матраимов, Йўлдошбой Қирғизбоев, Абдумухтор Шукуровни тўрт йилга манзил колонияда жазо ўташга ҳукм қилди.

Суд ҳукмига кўра, бу тўрт шахс 10 июндан 11 июнга ўтар кечаси ўзлари яшайдиган ва Қашқар қишлоқ Нурдор қишлоғи аҳолисини зўравонликларга даъват этиб, азон айтган.

Ўш вилоят прокуратураси терговчиси Алмаз Маллаев Қорасув туманидаги масжидларда бемаҳал азон айтган диндорлар аҳолини зўравонликларга даъват этиш мақсадини кўзлагани суд тергови давомида исботланди, дейди.

- Тўполон бошланганидан кейин масжидларда бемаврид азон айтганларга нисбатан Ўш вилоят прокуратурасида махсус оператив гуруҳ тузилган. Тергов давомида Қорасув тумани Нурдор қишлоғида яшовчи мадраса-масжид сўфиси Жамолиддин Исоқов 2010 йил 10 июнидан 11 июнига ўтар кечаси тунги соат бир ярим билан иккининг оралиғида мадраса-масжид имоми Муҳаммад Хожи келиб, “азон айт”, деб буйруқ берганини ва шундан сўнг у икки марта азон айтганини ўзи тан олди. Терговда айбдорлиги исботланди,- деди Ўш вилоят прокуратураси терговчиси.

Алмаз Малаев теологик экспертиза ҳам тўрт йилган кесилган Жамолиддин Исоқов, Нурмуҳаммад Матраимов, Йўлдошбой Қирғизбоев, Абдумухтор Шукуровларнинг нотўғри ҳатти-ҳаракат қилган, деган хулосани берди, дея давом этади.

- Тергов жараёнида Ўш вилоят қозиятига теологик экспертиза ўтказиш илтимоси билан мурожаат қилганмиз. Улар берган хулосада кечки соат 10 дан тонгги 4 гача азон айтилмаслиги лозимлиги ва ярим тунда азон айтиш ноқонуний эканлиги таъкидланган,- дейди прокуратура вакили.

Қирғизистон жанубидаги таниқли имомлардан бири, қорасувлик Рашод қори Камолов июн воқеалари пайтида ўзбек имомлари аҳолини миллий низога даъват этиш мақсадида азон айтгани ҳақида эшитмаганини айтди. Лекин, дейди Рашод қори, шариатда аҳолини хавфдан огоҳ қилиш учун азон айтишга рухсат берилган.

- Мен ўзим шахсан азон айтилганининг гувоҳи эмасман. Ҳаттоки шундай чақириқ бўлган тақдирда ҳам азон айтганларни жиноятчи сифатида қора курсига ўтқазилишини инсон ҳуқуқининг поймол қилиниши, деб биламан. Чунки бизнинг динимизда бирор бир юртга мусибат келадиган бўлса ёки халқни бирор бир жойга жамлашлик керак бўлса, азон айтишга рухсат берилади,- дейди Рашод қори Камолов.

Айни пайтда ўшлик ўзбеклар ва қирғизлар 10 июндан 11 июнга ўтар кечаси азон айтилгани борасида ягона фикрга эга эмаслар. Уларнинг баъзилари сўфилар аъзон айтган эмас, аҳолини хавфдан огоҳлантириб, ҳушёр бўлишга чақирган, десалар, бошқалари аҳолини тартибсизликка чақириш мақсадида азон айтилган, деган фикрни илгари сурмоқда.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари берган маълумотларга кўра, Қорасув туман судида Ўш қирғини пайтидаги зўравонликларда айбланаётган ўзбеклар устидан суд маҳкамалари ҳар куни бўлиб ўтмоқда.
XS
SM
MD
LG