Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:33

Ўзбек чегарачилари ўғирликда айбланмоқда


Кейинги пайтларда Ўзбекистон ва Тожикистон чегарачилари бир-бирини мол ўғирлашда айблаши кучайган.
Кейинги пайтларда Ўзбекистон ва Тожикистон чегарачилари бир-бирини мол ўғирлашда айблаши кучайган.

Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси маълумотига кўра, Ўзбекистон чегарачилари тожикистонлик чўпонни ва у боқиб юрган молларни ўғирлаб кетишган. Мазкур воқеа 19 октябр куни Сўғд вилоятидаги Панжакент туманида рўй бергани айтилмоқда.

Панжакент туман чегараларни қўриқлаш бўлими зобити Суҳроб Шариповнинг сўзларига кўра, Сўғд вилоятининг Панжакент туманига қарашли Шинди қишлоғида истиқомат қилувчи Абдушукур Пиримқулов одатдагидек қорамолларни қишлоқ ёнидаги адирларда боқиб юрган.

- Шу пайт бехосдан Ўзбекистон чегарачилари пайдо бўлиб, уни ва қорамолларни юк машинасига ортиб, ўзлари билан олиб кетишган. Панжакентнинг Шинди қишлоғи Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти билан чегарадош. Туман ҳукумати ва чегара бўлими раҳбарияти томонидан Ўзбекистон расмийларига бу борада жўнатилган мактуб жавобсиз қолмоқда, дейди Суҳроб Шарипов.

Унинг сўзларига кўра, ўзбек чегарачилари 500 метрли масофагача юк машинасида Тожикистон ҳудудига ноқонуний ўтишган.

Панжакент туманида истиқомат қилувчи Гулмирза Қораевнинг айтишича, бу каби ҳолатлар чегараолди қишлоқларида энди кузатилаётгани йўқ.

- Панжакент туманидаги чегараолди қишлоқларидан молларни ҳайдаб кетиш ҳоллари тез-тез такрорланиб туради. Бунда биргина Ўзбекистон чегарачилари эмас, тожик чегарачилари ҳам, одамлари ҳам молларни ўғирлашади. Айтмоқчиманки, чегаралардаги бундай воқеалар янгилик эмас, дейди Гулмирза Қораев.

Тожикистон томонининг иддаосига кўра, Ўзбекистон чегарачилари Тожикистон чегарасини доимий тарзда бузиб турибди. Жумладан, Адрасмон, Мастчоҳ ва Ашт туманларида ҳам худди шандай воқеалар юз берган.

Сўнгги бир йил давомида биргина Панжакент туманида ўзбек чегарачилари бир неча бор чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, қорамол ва қўй-қўзиларни ўғирлаб кетишган.

Жумладан, бир муддат олдин Самарқанд вилояти Ургут туманида истикомат килувчи Сайфиддин Ёқубов ва Шариф Ғайбуллаевлар ўзбек чегарачилари ёрдамида Панжакент туманидаги Сароб қишлоғига қарашли 26 бош қорамолни ўғирлашган. Ўзбекистонликлар иккинчи марта Тожикистон ҳудудига ўтганда ҳибсга олинган. 14 сентябр куни туманга қарашли Фаро қишлоғида истиқомат қилувчи Абдураҳмон Мажидовни ва 18 бош қорамолни ўзбек чегарачилари ўзлари билан олиб кетишган. Қарийб 20 кунлик музокаралар натижасида Тожикистон фуқароси ва моллар қайтириб берилган.

Айни пайтда Ўзбекистон томони ҳам тожик чегарачиларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари ҳақида тез-тез хабар бериб турибди. Жумладан, Ўзбекистон чегара хизмати вакилларининг иддаоларига кўра, Тожикистоннинг Зафаробод, Мастчоҳ, Спитамен туманлари чегарачилари Ўзбекистоннинг Жиззах, Бекобод, Пскент чегараолди туманларидаги қишлоқларга ўтиб, озиқ-овқат, қўй-қўзиларни ўғирлашмоқда.

Центразия, Фергана.Ру, Press-uz.info интернет сайтларида “Оч ночор тожик чегарачилари Ўзбекистонга ўғирликка ўтишмоқда”, “Ўзбекистонда тожик мардикор аскарлари”, “Қашшоқ тожик чегарачиларини Ўзбекистон боқмоқда” каби мақолалар босилаяпти.

Кузатувчиларнинг айтишларича, бу расмий Тошкент билан Душанбе ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашиб ва таранглашиб бораётганининг натижасидир.
XS
SM
MD
LG