ЕИ кенгаши 25 октябр куни Люксембургда Ўзбекистон бўйича эълон қилган хулосалари кейинги бир-икки йилда ЕИ эълон қилган бу каби ҳужжатлардан бироз қатъийроқ оҳанги билан фарқ қилади.
Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Моррел Озодлик билан суҳбатни бу фикрни инкор қилишдан бошлади.
- Менимча, аввалги баёнотларда ҳам сиз айтаётган қатъий оҳангларда Ўзбекистон ҳукуматини ҳамкорликка чақирганмиз. Бу баёнот билан аввалгилари ўртасида фарқ кўрмаяпман. Мен бу ҳар томонланма ва каттагина ҳужжатни келгусида ҳамкорликни давом эттиришга қаратилган восита, деб баҳолаган бўлардим.
Озодлик: Жаноб Морел, Европа Иттифоқи Ўзбекистонда эришилган баъзи ижобий ўзгаришлар, хусусан Снажар Умаровнинг озод этилишини олқишлаган. Умаров озод қилинганига бир йил бўлди, лекин бу давр ичида бир неча журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси қамоққа ташланди.
- Ҳа, биз бу ишларни кузатиб боряпмиз. Ўзбекистон расмийлари билан мулоқотлар чоғида бу масалаларни кўтариб келаяпмиз. Албатта, жаноб Санжар Умаров озод этилганига анча бўлди, лекин ЕИ кенгаши эълон қилган ҳужжатнинг мантиқи бир йил давомидаги вазиятга баҳо беришдан иборатдир. Шунинг учун унда биз кенгроқ хулосаларни берганмиз. Ҳужжатнинг бешинчи параграфида кўрганигиздек, қатор конкрет масалаларни кўтарганмиз ва Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, демократлаштириш ва қонун устуворлигига оид умумий вазиятга баҳо бериб, бу соҳаларда жиддий ўзгаришлар кузатилмаганини алоҳида қайд этганмиз. Лекин биласиз, бу қадамба-қадам амалга ошадиган жараёндир ва Ўзбекистон ҳозирда яхши йўлга қўйилган икки томонлама мулоқот ва ҳамкорликда иштирок этмоқда.
Озодлик: Демак, ЕИ Ўзбекистонда жиддий ўзгаришлар кузтилмаяпти дер экан, қандайдир ижобий силжишлар борлигини хулоса қилмоқда, шундайси?
- Ҳа, буни тўғри илғабсиз. Нафақат тўғри илғабсиз, балки хулоса матнидан ана шу маънони ўқиб олишнгиз мумкин. Сизнинг саволингизда бу маънонинг айни талқинини кўриб турибман.
Озодлик: Лекин, жаноб Морел, бир йил давомида бир киши озод этилиб, бир неча киши қамалган бўлса, бундан ташқари, ўша бешинчи параграфда қайд этилган нодавлат ташкилотларининг фаолиятига рухсат бериш, болалар меҳнатидан фойдаланиш муаммоси, деморкатик сайловларнинг ўтказилишини таъминлаш каби масалалар ечимсиз қолиб келаётган вазиятда қандай ўзгаришлар назарда тутилмоқда?
- Албатта, кўплаб масалаларни кўтаришингиз мумкин. Биз олиб бораётган мулоқот кўп қиррали мулоқотдир ва Ўзбекистон расмийлари билан сўзлашуларимизда жуда кўплаб масалаларни муҳокама қилиб келмоқдамиз. Ҳар бир масала бўйича ишчи гуруҳлар тузилган, муайан дастурлар ишлаб чиқилган. Ҳозир битта интервьюда барча тафсилотларга тўхтала олмаймиз. Лекин баъзи масалаларни алоҳида кўриб чиқадиган бўлсак, хусусан, болалар меҳнати ҳақида гапирадиган бўлсак, Ўзбекистон болалар меҳнатига қарши конвенцияни имзолади ва ҳукумат расмийлари қатор баёнотларни қилди. Албатта, ҳозирча амалда бу конвенция бажарилаётгани ҳақида гапиришга асос бўлмаса-да, конвенцияга аъзо бўлмагандан кўра, унга аъзо бўлган яхшироқ, менимча. ЕИ кенгаши хулосаларида кўрган бўлсангиз, бу каби конвенцияларнинг амалда қўллашга алоҳида урғу берилган ва Ўзбекистон расмийлари билан бу борада иш олиб бормоқдамиз. Масалан, тўртинчи параграфда қайд этилган қийноқлар масаласида Ўзбекистон расмийларида бу муаммони ҳал этишга қизиқиш пайдо бўлаётганини айтишим мумкин. Шунинг учун бу каби ҳужжатга таклиф сифатида қараган бўлардим. Бу ишчи руҳидаги ҳамкорликдир. Ҳужжатнинг олтинчи параграфида ҳам бу ҳақда айтилган, яъни Европа Иттифоқи маълум масалаларда Ўзбекистон ҳукумати билан Европа тажрибасини алмашишга тайёр, дейилган.
Озодлик: Жаноб Морел, Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатиб келаётган ягона ташкилот эмас, хусусан, кўплаб халқаро нодавлат ташкилотлари ҳам бу билан шуғулланиб келади. Масалан, Human Rights Watch ёки Amnesty Intrenational каби ташкилотлар ҳам Ўзбекистондаги вазиятга оид хулосаларини эълон қилиб келади ва ЕИдан фарқли ўлароқ, бу ташкилотлар кейинги бир йил давомида Ўзбекистонда ижобий ўзгаришлар кузатилмагани айтишмоқда.
- Биз бу ташкилотлар билан доимий контактдамиз. Улар Ўзбекистонда ўз фаолиятини тиклай олмасдан, жуда кўплаб қийинчиликларга учраб келмқода. Улар ўз қарашлари, вазиятга баҳо беришда ўз усулларига эга. Бу усуллар мутлақо қонунийдир. Айни пайтда, бизнинг ҳам баҳолаш усулларимиз ва қарашларимиз бор. Биз ўзимизнинг концептуал ёндашувимизни белгилаб олганмиз. Иттифоққа аъзо 27 давлат тўрт йил давомида Ўзбекистон билан олиб бораётган ҳар томонлама мулоқот муайан натижаларни бермоқда, деган фикрдаман. Ва бу мантиқдан келиб чиқиб, мулоқотни давом эттиришимиз лозим, деб ҳисоблайман ва 27 аъзо давлат бу фикрни қўллаб-қувватлашига аминман. Бу бизнинг нуқтаи назаримиз ва айни пайтда нодавлат ташкилотлар нуқтаи назарини ҳам ҳурмат қиламиз.
Озодлик: Айтиб ўтганингиздек, Ўзбекистон билан мулоқот бир неча йилдан бери давом этмоқда. Ўтмишдаги натижалар ва тажрибадан келиб чиқиб, келаси бир йил ичида бу мулоқотдан қандай натижаларни кутяпсиз?
- Ҳозирча биз йўналишларни белгилаб олмоқдамиз ва у ёки бу нарсага эришмоқчимиз, дейиш манманлик бўлади, менимча. Душанба куни эълон қилинган ҳужжатда конкрет масалаларни белгилаб олдик ва кун тартиби анча қизғин, дейишимизга асос бор. Шунинг учун қисқа суҳбат давомида у ёки бу масалада фалон натижага эришмоқчимиз, деган башоратларни беришнинг имкони йўқ. Биз умумий вазият устида иш олиб борамиз. Дарвоқе, истасангиз бир мисол келтиришим мумкин. Келаси йилдаги ўзгаришлардан бири сифатида, Тошкентда тўлақонли Европа Иттифоқи делегацияси ваколатхонасининг иш бошлашига умид қиляпмиз. Албатта, бу жавобим сиз учун саволдан қочиш бўлиб туюлиши мумкин. Лекин Ўзбекистонда бундай ваколатхона очилса, кўплаб масалаларда кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйишимиз мумкин бўлади. Дарвоқе, Ўзбекистоннинг Брюсселда элчихонаси кўп йиллардан бери ишлаб келаётганини инобатга олсак, бу масала аллақочон ҳал бўлиши керак эди.
Озодлик: Мен бир неча журналист ва ҳуқуқ ҳимоячисининг озод этилишини истар эдим, лекин суҳбатни давом эттирсак. Жаноб Морел, яна бир савол. Ҳужжатда Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги бўҳрон пайтида тутган позициясига юқори баҳо берилган. Сизнингча, Ўзбекистон тутган ёндашув ўша вазиятда энг тўғри ёндашув бўлганми?
- Мудҳиш фожиага юз тутган мамлакатга қўшни давлатнинг ҳаракатларига баҳо беришдан тийилган бўлардим. Лекин Ўзбекистон кўрган чоралар ва бу чораларнинг натижаларига баҳо беришимиз мумкин. Ўзбекистоннинг ҳаракатлари Қирғизистон жанубидаги вазиятни янада кескинлашиб кетмаслигига ҳисса қўшди. Ўзбекистон тутган ёндашув бу мудҳиш зўравонликнинг тўрт кун ичида тўхтатилишига ёрдам берди. Иккинчидан, Ўзбекистон 100 мингдан ортиқ кутилмаган қочқинларни қабул қилиб олди ва тегишли шароитларни яратиб берди. Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятни қочқинлар билан боғлиқ бўҳронни ҳал этишда ёрдам беришга чақирди. Ҳозирда Қирғизистон жанубидаги ўзбекларнинг аҳволи аянчли бўлиб қолаётган бўлса-да, улар Ўзбекистоннинг ёрдами билан вазият тинчиганидан кейин ўз жойларига қайта олди.