Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:10

Ўзбекистонда Хитой сармоялари 2 млрдга етди. Бу кўпми?


21 асрда қайта жонланган Катта ўйиннинг учинчи ўйинчисига айланган Хитойнинг асосий қуроли унинг молиявий имкониятларидир.
21 асрда қайта жонланган Катта ўйиннинг учинчи ўйинчисига айланган Хитойнинг асосий қуроли унинг молиявий имкониятларидир.

Кейинги беш йил ичида Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодига ётқизган сармоялари 2 миллиард АҚШ долларига етди. Бу ҳақда маълум қилган Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳам бугунги кунда 2 миллиард АҚШ долларидан ошганини баён қилди.


Хитой билан Марказий Осиё давлатларининг барчаси ўртасидаги товар айирбошлаш миқдори 2009 йилда қарийб 26 миллиард АҚШ долларини ташкил этгани инобатга олинса, Ўзбекистоннинг бундаги улуши унчалик катта эмаслигини кўриш мумкин. Собиқ иттифоқ қулаганидан кейин бошқа қудратли давлатлар қатори Хитой ҳам Марказий Осиёни ўз гео-стратегик манфаатлари учун муҳим минтақа, деб кўргани учун қайта жонланган Катта ўйиннинг тўлақонли ўйинчисига айланиб бормоқда, дейди таҳлилчилар. Хитойнинг бу ўйиндаги асосий таъсир воситаси эса, минтақа режимларини пул билан сийлашдир.

Хитой Халқ Республикасининг Тошкентдаги элчиси Юй Хунцзюнь ўз мамлакати Ўзбекистон иқтисодига кейинги беш йил ичида ётқизган сармояси икки миллиард АҚШ долларидан ошганини баён қилди.

Регнум агентлиги Хитой элчисидан иқтибос келтириб, беш йил аввал икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 600 миллион долларни ташкил қилган бўлса, бугун бу кўрсаткич икки миллиард АҚШ долларидан ошганини ҳам хабар қилди.

Хитой генерали Лиу Яужоу New York Times газетасига берган интервьюсида Марказий Осиё “Хитой учун Худо юборган тотли таомдир”, деган фикрларни билдирди.

Ҳақиқатан, кейинги 10-15 йил ичида Хитойнинг Марказий Осиёга эътибори сезиларли равишда ошгани ҳақида ортиқча гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ.

Масалан, собиқ иттифоқ қулаганидан кейин, 1992 йилда Хитой билан минтақа давлатлари ўртасидаги умумий товар айирбошлаш миқдори ярим миллиардни ташкил қилган бўлса, 2009 йилда қарийб 26 миллиард АҚШ долларига етди. Ўтган йили бу кўрсаткич 30 миллиард доллардан ошгани тахмин қилинмоқда. Бу даврда Марказий Осиё давлатлари иқтисодларига ётқизилган Хитой сармояси эса унданда кўпроқдир.

Лекин Марказий Осиёнинг беш реуспубликаси билан товар айирбошлашнинг 30 миллиардидан атиги икки миллиарди Ўзбекистонга тўғри келишидан Тошкентнинг Пекин билан иқтисодий ва сиёсий муносабатлари бошқа республикаларга қараганда анча ортда қолаётганини илғаш қийин эмас.

Алишер Илхомов Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси:

- Бу сармоялар икки миллиард АҚШ доллари даражасига кейинги беш йилда чиқди. Беш йиллик давр учун, айниқса, Хитойнинг минтақадаги иқтисодий фаоллигини инобатга олсак, буни жуда катта маблағ, деб айтиш қийин. Бундан ташқари, бу сармоялар қайси соҳаларга ётқизилаётганига ҳам эътибор қаратиш лозим. Уларнинг асосий қисми энегертика соҳасига йўналтирилмоқда. Хитойнинг ўзида энергия воситаларини ишлаб чиқаришнинг чеклангани ва уларга бўлган талабнинг ошиб бораётгани бунинг асосий сабабидир, албатта. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги табиий заҳираларга энг бой мамлакатлардан бир сифатида Хитойни қизиқтиради,- дейди таҳличи.

Лекин, деб давом этади Алишер Илҳомов, минтақанинг бошқа давлатлари, айниқса, Қозоғистон ва Қирғизистонга солиштирганда, хитойлик сармоядорлар Ўзбекистонда бошқа соҳаларда бизнес қилишга ошиқмаётганига бу мамлакатдаги иқтисодий вазият сабабчидир.

- Ўзбекистон билан Қозоғистон ва Қирғизистонни оладиган бўлсак, Ўзбекистон Хитой билан чегарадош эмас ва шунинг учун хитойликларнинг Қозоғистон ва Қирғизистонга қизиқиши кўпроқ, дейиш мумкин. Лекин бошқа томондан, бу икки давлатга сармоя олиб кириб, бизнес қилиш Ўзбекистонга солиштирганда анча осонроқдир. Масалан, бизнес юритиш индекси бўйича Ўзбекистон дунё давлатлари орасида 150 ўринда туради, Қозоғистон ёки Қирғизистон эса, биринчи 50 давлат ичидан ўрин олган. Бундан ташқари, бу икки давлатнинг иқтисодлари Ўзбекистонникидан кўра анча очиқроқдир. Шунинг учун Хитой Ўзбекистонга сармоя олиб кирса ҳам, бу фақатгина давлатлараро келишувлар асосида бўлади. Яъни хусусий тадбиркорлар даражасида ҳамкорлик ўрнатилиши амри маҳолдир, дейди Алишер Илхомов.

2009 йилда Туркманистон-Хитой газ қувури ишга туширилди. Йилига 40 миллиард куб метр газ ўтказиш кучига эга бўлган бу қувурнинг 550 километрлик қисми Ўзбекистон орқали ўтади. Ўтган йилнинг июн ойида Ўзбекистон билан Хитой йилига 10 миллиард куб метр ўзбек газини янги қувур орқали сотиш бўйича дастлабки келишувни имзолади.

Алишер Илхомов фикрича, Хитой ҳозирча газ учун Европа нархларида ҳақ тўламаётган бўлса-да, узоқ муддатда газ экспортининг муқобил йўналишларини тайёрлаш нуқтаи назаридан, Хитойга газ сотиш Ўзбекистон учун манфаатли лойиҳа бўлади.

- Хитой ўз манфаатларига оид узоқ муддатли стратегияга эгадир. Ҳозирча Хитойнинг катта миқдорда газ қабул қилиб оладиган технологиялари йўқ. Лекин Хитой иқтисоди йилига тахминан 10 фоизга ошаётганини инобатга олсак, бундай имконият яқин келажакда пайдо бўлишини башорат қилиш мумкин. Хитойликлар дунёда табиий заҳираларнинг чеки борлиги ва унга бўлган талаб ошиб боришини яхши тушунади. Хитойнинг улкан иқтисодий имкониятлари бор ва табиий заҳираларга талаб ошиб борган сари, улар жаҳон бозоридаги нархларни тўлай бошлашига шубҳа қилмаса бўлади. Шунинг учун ҳозирдан ўз гази экспорт йўналишларини диверсификация қилиш (муқобил йўналишлар топиш) нуқтаин назаридан, нафақат Хитой, балки Россия ва Европа билан ҳам газ битимларини тузишЎзбекистон манфаатидадир,- дейди лондонлик таҳлилчи.

Марказий Осиё 19 асрда Россия ва Британия ўртасида минтақада ҳукмронлик ўрнатишга қаратилган “Катта ўйин” аталмиш кураш майдони бўлган. Кўплаб сиёсатшунослар 21 асрда Катта ўйин қайта бошланди, деган фикрда. Фақат бу сафар ўйинчилар АҚШ, Россия ва Хитойдир. Сўнггисининг бу ўйиндаги асосий воситаси Марказий Осиёда сўнгги 20 йилдан буён ҳукмрон бўлиб келаётган авторитар режимларни молиявий ёрдам билан сийлашдир.

- Шубҳасиз, Хитой Осиёдаги энг қудратли давлатдир. Бугун Хитой ўзининг улкан потенциали билан Ғарбнинг етакчи давлатлари, жумладан Қўшма Штатларни ҳам қувиб етмоқда. Хитой улкан иқсодий ва молиявий капиталга эгадир, бу эса хитойликларга Марказий Осиёдаги таъсир доирасини ошириш устида бораётган курашда, яъни нафақат иқтисодий, балки гео-стратегик манфаатларини ҳам илгарилатишда кенгроқ имконият яратади,- дейди Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илхомов.
XS
SM
MD
LG