Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:50

Генерал Раҳимовнинг ҳайкали ҳам сарсон


Ҳайкал жойидан кўчди...
Ҳайкал жойидан кўчди...

Тошкентнинг Чилонзор мавзеидаги боққа генерал Собир Раҳимов ҳайкалини олиб келишди. Ботаëтган қуëш фонида кран тросида осмон билан ер орасида осилиб турган гранит ҳайкал салобатли кўринар эди.

Бу ҳайкал бундан олдин баланд тепалик узра ўрнатилган шоҳсупада 28 йил ғоз турган эди.
6 январ куни бу ҳайкални қўпориб олишди. 6 булдозер бирданига ўз чангалини гранит шоҳсупага урди.

Бу ўзгартишлар енг ичида, худди уят иш қилаëтгандай амалга оширилди.

1981 йилда бу ҳайкал тантанали тарзда, карнай-сурнай билан ўрнатилган эди.

Совет Ўзбекистони солномасига совет ботири сифатида муҳрланган Собир Раҳимов қаҳрамонлиги Алпомиш ва Гўрўғлидан кўра кўпроқ улуғланди.

Собир Раҳимов ҳақида кино суратга олинди.

Собир Раҳимовга атаб достону қўшиқлар ëзилди¸ кўча, мактаб, туман ва совхозлар унинг исми билан аталди.

Қоним оқди Данцигда маним,
Собир Раҳим йиқилган чоғда.
Лекин юртим кезолмас ғаним,
Ўзбекистон аталган боғда.
Сенсан шону шуҳратим маним,
Ўзбекистон ватаним маним.

Абдулла Орипов бу мисраларни ëзганида ҳали Собир Раҳимовнинг ҳайкали тикилмаган эди.

Ҳайкал.
1981 йилда ҳайкалтарош Бобоëн Собир Раҳимов ҳайкалининг шоҳсупасини гранит билан мустаҳкамлар экан, чорак асрдан кейин ҳайкал бу шоҳсупани тарк қилади¸ деб ўйламагандир балки.


Мафкура бутларининг емирилиши


Ҳайкал тикилганидан беш йил ўтиб¸ совет мафкура елканини шиширган шамоллар шашти пасайди. Совет қаҳрамонларининг суратлари тўқилган кашталардан оҳор қочди.

Горбачев ҳуррияти берган сўз эркинлиги боис муаррихлар совет тимсоллари бўлган қахрамонларга "шак" келтира бошлашди.

Аввалига генералнинг биринчи эканига шубҳа билдиришди.

Ëзувчи Набижон Боқий ўзбеклар ичидан генерал рутбасига сазовор бўлган киши сифатида Китоб беги Жўрабек ҳақида ëзди.

Жўрабек чор истилосига қарши туриш имкони бўлмагани учун руслар таклифини қабул қилади. Жўрабек рус армиясининг генерали унвонига ноил бўлади. Кейинчалик уйида пичоқлаб кетилган Жўрабек ҳақидаги эсдаликлар илк ўзбек генерали сифатида улуғланган Собир Раҳимовнинг тарих китобларидаги қиëфасига соя ташлади.

Бундан ташқари Хива хони Исфандиëр, Муҳаммад Раҳимхон, Бухоро амири Олимхонда ҳам генераллик унвони борлиги маълум бўлди.

Чор истилосигача бўлган Туркистондаги қўшинларда "Бошбуғи" деган унвон бўлган. Бу унвон мақом жиҳатдан генералга тенглаштирилади.

Собир Раҳимов биографиясидаги чалкашликлар ҳам у ҳақидаги ҳикоялар шаштини сусайтирди.

Генералнинг исми бир манбада Собир Умар ўғли Раҳимов деб ëзилса, яна бир манбада Собир Умарович Раҳимов деб ëзилади. Генералнинг туғилган куни ҳам икки хил тарзда келтирлади.
(1 январ, 25 январ)

Собир Раҳимовниинг айнан қайси шаҳарда туғилгани ҳам ноаниқ қолмоқда. Совет манбаларида Раҳимов 1902 йил Тошкентда туғилган дейилади. Баъзи бир ҳарбий манбаларда Раҳимовнинг Сирдарëда туғилгани айтилади.

Қозоғистонлик тарихчиларга кўра, Раҳимов Жанубий Қозоғистонинг Чимкент вилояти Қозиқурт тоғларида дунëга келган.

Қозоғистонлик журналист Айгерим Бекмаганбетовага кўра¸ генерал Раҳимов 1900 йилнинг 1 январида Тошкентда туғилган ва ўзбек эмас¸ қозоқ миллатига мансуб.

Генерал Раҳимовнинг рафиқаси ким бўлгани ҳақида ҳам икки хил маълумот бор.

Совет манбаларига кўра генералнинг беваси Раҳимова Амина деб айтилади.


Ўнгидан келган туш


Айни пайтда¸ Қозоғистонда яшаëтган Қуралай опа ҳам ўзини генерал Собир Раҳимовнинг беваси деб билади.

Қозоқ журналисти Айгерим Бекмаганбетова билан суҳбатда Қуралай опа ўз ҳикоясини айтган.

Бу хикояга кўра¸ генерал Раҳимов 1945 йилда Полшанинг Данциг (ҳозир Гданск) шаҳрида Қуралай опа билан бирга бўлган. Ҳарбий врач Қуралай Натуллаева Раҳимов ўлимидан сал олдин туш кўрган. Тушда пишқирган тўфон ичра бир қайиқ ичида Собир Раҳимов билан кетаëтган эдилар. Кейин қайиқ ағдарилиб¸ Раҳимовни тўлқинлар ўз қаърига олиб кетди. Қуралайни эса тўлқинлар соҳилга ирғитди. Бу тушни Қуралай генералга гапириб беради. Бехосият туш, дейди Собир Раҳимов.

Орадан сал ўтиб¸ 1945 йилнинг 26 март куни немислар отган снаряд ўқи генерал Собир Раҳимов ўтирган кузатув пунктига бориб тушади.

Оғир яраланган Раҳимовнинг юраги 8 соатдан кейин уришдан тўхтади.Қуралай Натуллаеванинг айтишича, ўша снаряднинг бир парчаси унга ҳам келиб тушган.

Қуралай яраланиб немислар қўлига асирга тушган. Кейин Освенсим лагери. Сал кейин озодлик. НКВД терговчиларининг сўроғи. Кейин эса Сталин лагерлари.

Ботирлар ҳақида ҳикоялар кўп. Улар ботир бўлгани учун уларга алëрлар айтилади. Биз ҳам ўша ботир билан бирга эдик¸ дегувчилар кўпаяди. Гарсиа Маркеснинг “100 йил танҳоликда” асари қаҳрамони полковник Аурелиано Буэндианинг рафиқасиман¸ деганлар кўп бўлган.

Ботирлар, қаҳрамонлар қисмати бу.


Миллий қаҳрамонми ëки шўро империяси хизматкори
?

Совет генерали Собир Раҳимовни фақат ўзбек миллати учун курашган қаҳрамон, дея оламизми?

Тарихчи олим, профессор Темур Хўжа назарида бу савол жавоби ўзбек тарихчиларига ҳавола.

- Албатта, бу масала ҳам жуда мураккаб. Буюк ватан уруши деб аталаяпти. У иккинчи жаҳон уруши. Баъзи бир қозоқ, туркман, ўзбеклар чиқиб “Бу бизнинг Улуғ ватан урушимиз” деяпти. Иккинчи жаҳон уруши ҳеч қачон туркман, ўзбек, қозоқ халқларининг катта ватан уруши деб ҳисобланиши мумкин эмас. Бу фақат чор мустамлакачи қўшин қисмларида хизмат қилган ўзбек, қозоқ, туркман генераллари ëки аскарлари қатнашган. Демак, бу ҳарбий хизматларнинг на Ўзбекистон, на Қозоғистон ва на Туркамнистон миллий манфаатларига хизмат қилмайдиган бир жиҳати бор. Бу сабабдан биз совет даври қаҳрамонларини ҳозир мустақиллик даврида ўзбек, қозоқ ëки туркман халқларининг миллий генераллари деб аташимиз, тарихий жиҳатдан жуда нотўғри бўлади.

Озодлик: Бу кишини қаҳрамон деб қўшиқлар куйлайликми?

- Совет нуқтаи назаридан Совет Ўзбекистонининг қаҳрамони, деб аталса бўлади. Ўша генераллар Совет мустамлака тузумига хизмат қилган. Ўзбек халқининг миллий манфаатларига хизмат қилган эмас. Янги даврда кўрамиз. Ўзбекистон¸ Туркманистон, Қозоғистондаги ҳозирги генераллар ҳақиқий маънода ўз халқига хизмат қиладиган генераллар бўлиб чиқадими, чиқмайдими буни тарих кўрсатади. Буни келгуси авлодлар, албатта, баҳолайди. Биз бугун фақат совет даврини баҳолашимиз мумкин. Совет давридаги қаҳрамонларни биз ҳақиқий ўзбек, қозоқ, туркман қаҳрамон авлодлари деб аташимиз, жуда катта хато бўлади. Чунки ўша даврда Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон мусткамлака давлатлар эди. Совет империяси остида эзилаëтган мустамлака давлат эди. Биз уларни қандай қаҳрамон дейишимиз мумкин? Бу жуда ҳам нотўғри бўлади. Мустақиллик давридаги ўзбек тарихчиларининг олдида катта бир масала бор. Бу ҳам бўлса Совет даврида совет ҳокимиятига хизмат қилганларни қандай баҳолаш масаласи. Бир ëқда мустамлакачиликка қарши курашган босмачилар, жадидлар, Фитратлар, Мунаввар қорилар, Беҳбудийлар, Чўлпонлар бор, бир ëқда Рашидовлар ва бошқалар бор.

Ҳозир ўзбек тарихчиларининг олдидаги энг катта муаммолардан бири Рашидовни қандай баҳолайдилар? Рашидов ўзбек халқининг бир қаҳрамоними ëки совет мустамлакачилигига хизмат қилган совет расмий кишисими? Албатта, баъзи нарсаларни қилган бўлиши мумкин. Рашидов очиқ-ойдин совет мустамлакачилигига қарши чиқмаган. У даврни баҳолаëтганда мустамлакачилик давридаги таниқли ўзбек сиëсий арбоблари, зиëлилари ëки генералларини бугуян қандай баҳолашимиз керак? Ўзбек тарихчилари бу муаммони ечиши керак. Бу катта бир муаммо.

Бир ëқда босмачилар бор. Улар совет империясига қарши очиқ қуролли уруш олиб борган. Ундан ташқари жадид зиëлилари бор. Улар ҳам очиқ-ойдин кураш олиб борган. Бир ëқдан бўлса очиқ-ойдин айтмаган бўлса ҳам¸ яширин вазиятда ўзбек халқининг манфаати учун ҳаракат қилиб, кейин Сталин томонидан отиб ўлдирилган Файзулла Хўжалар, Акмал Икромлар бор. Ундан кейин етишган Рашидовлар, Усмонхўжаевлар, бошқа совет даври Ўзбекистон компартия раислари бор. Буларни қандай баҳолаш мумкин? Бу тўғрида¸ четдан туриб менинг фикр билдиришим тўғри бўлмайди. Бу муаммони Ўзбекистондаги тарихчилар, зиëлилар ечиши керак, дейди тарихчи олим Темур Хўжа.


Собир Раҳим йиқилган чоғда...

Ўзбек замонавий тарихини КГБ архивларида ўрганган ëзувчи Набижон Боқий назарида Собир Раҳимов ҳам, генерал Жўрабек ҳам, Мадаминбек ва бошқалар ҳам таҳлил қилишга, ўрганишга лойиқ арбоблардир.

- Бугунги ҳукумат қилаëтган ишларни кўриб бир нарсани ўйлайман, ҳудди кўчанинг бир четида ўтирган нимжон бир чолни барзанги келиб тепаëтганга ўхшайди. Ахир генерал жавоб қайтара олмайдику. У киши тириклигида қанақа важоҳатли бўлган. Немисларнинг армияларини қақшатган. Сталин уни темир генерал деб айтган. Шундай одам руҳини қақшатмайлик, дейди Набижон Боқий.

6 январ куни Олмазор туманидаги шоҳсупа устидан генерал Собир Раҳимовнинг ҳайкали олиб ташланди. Тошкент шаҳар маданий ëдгорликлар бошқармаси бошлиғи Зайниддин Муҳиддиновга кўра, генерал Собир Раҳимов ҳайкали Ғафур Ғулом боғига ўрнатилган.

- Ғафур Ғулом боғида Ғафур Ғуломнинг ҳайкали борку, Ғафур Ғулом ҳайкали ўнг томонда. Бу боғнинг чап томонига қўйилиб, зўр қилиб ўйнатиб қўйилди.

Озодлик: Яъни жой алмаштирилди-а?

- Фақат жой алмаштирилди.

Озодлик: Россия ахборот воситаларида “ҳайкал вайрон қилинди” деган информация чиқаяпти.

- Ҳеч ҳам унақа эмас. Кечқурун бориб, тагини бузишиб кўчириб олишиб, юклаб олиб келиб ўрнатишган. Шахсан Бош вазирнинг ўзлари бўлганлар. Чилонзор туманининг Ғафур Ғулом боғига ўрнатилди. Сувнинг олдига чиройли жойга ўрнатиб қўйишди, дейди Тошкент шаҳар маданий ëдгорликлар бошқармаси бошлиғи Зайниддин Муҳиддинов.

Қоним оқди Данцигда маним
Собир Раҳим йиқилган чоғда.
Лекин юртим кезолмас ғаним
Ўзбекистон аталган боғда....
XS
SM
MD
LG