Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:10

Тожикистонда собиқ генерал яқинлари БМТга шикоят йўллашди


Ғаффор Мирзоев бир умрлик қамоққа ҳукм қилинган эди.
Ғаффор Мирзоев бир умрлик қамоққа ҳукм қилинган эди.

Тожикистон ҳукуматининг собиқ амалдорларидан бири, айни пайтда республика қамоқхоналарининг бирида жазо муддатини ўтаётган собиқ генерал Ғаффор Мирзоевнинг оқловчилари ва яқинлари БМТнинг Женевадаги инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш қўмитасига шикоят йўллади.

Ойша Мирзоева бир умрлик қамоқ жазосини олган акаси Ғаффор Мирзоевнинг иши қайта кўриб чиқилишини сўраб, бир неча марта Тожикистон ҳукумати ва тегишли идораларга қилган мурожаатлари кутилган натижа бермагач, БМТнинг Женевадаги инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш қўмитасига шикоят билан чиқишга мажбур бўлганларини билдирди.

Ғаффор Мирзоевнинг оқловчиларидан бири Бузургмеҳр Ёров собиқ генералга ўқилган суд ҳукми адолатсиз эканини таъкидлар экан, унинг иши юзасидан Женевага мурожат жорий қонунлари доирасида амалга оширилганини билдирди.

- Тожикистон қонунчилигида ҳукмдан норози шахс республика ҳуқуқ идораларининг барча зиналаридан ўтгач, тағин ҳам суд ҳукмидан қониқмаса, БМТнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш қўмитасига бевосита мурожаат қилиш имкониятига эга. Биз ана шу қонун белгилаб берган процедурага амал қилган ҳолда БМТга шикоят ёздик, - деди собиқ генерал Мирзоевнинг оқловчиси Ёров.

Ёров жаноблари БМТдан шикоят аризаси қабул қилингани ҳақида маълумотнома келганини ҳам билдирди.

Бироқ маълумотномада ёзилишича, мазкур қўмитада атиги 18 ходим фаолият қилаётгани ва шу мазмундаги шикоятлар анчагина бўлгани сабабли Ғаффор Мирзоев иши билан боғлиқ шикоят келгуси 2 ёки 3 йил ичида кўриб чиқилади.

Тожикистон ҳуқуқ идораларидаги ўз номини айтмаган масъул шахслардан бири ўзаро суҳбат чоғида БМТнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш қўмитаси биронта шикоят юзасидан Тожикистонга ҳукуматига босим ёки таъсир ўтказиш ҳуқуқига эга эмаслигини, шикоятлар юзасидан фақат таклиф ва тавсиялар билан чекланиши мумкинлигини билдирди.

Аснода Тожикистон Омбудсмени муовини Зулфиқор Замонов Тожикистонда БМТнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш қўмитаси тавсияларини бажариш механизми ҳозиргача жорий қилинмаганини маълум қилди.

Замоновнинг айтишича, инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш халқаро ташкилоти масъуллари Тожикистон Олий судига мурожат қилиб, Мирзоев иши қайтадан шаффоф ва жорий қонунлар талаби доирасида кўриб чиқилишини таклиф қилиши мумкин.

Бироқ Тожикистон Олий суди масъуллари эса Ғаффор Мирзоев ишини қайта кўриб чиқиш учун илгари сурилаётган далиллар кифоя эмаслигини даъво қилишмоқда.

Тожикистонда конституциявий тузум барпо қилишда хизмати сингани айтилаётган собиқ генерал Ғаффор Мирзоев 2006 йил Тожикистон Олий суди ҳукми билан бир умрлик қамоқ жазоси олган эди.

Унга наркотиклар ва қурол-аслаҳа ноқонуний савдоси, давлат чегараларини ноқонуний кесиб ўтганлик, қотиллик каби қатор айбловлар қўйилган эди.

Айни пайтда тожикистонлик бир гуруҳ мустақил кузатувчилар собиқ генерал Ғаффор Мирзоевнинг қамалиши сиёсий мотивга эгалигини ва унинг ўзи эса республика қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбуслардан бири эканини урғуламоқдалар.

Шу ўринда айтиб ўтсак, ўтган йил сўнгида WikiLeaks сайтида АҚШнинг Тожикистондаги собиқ элчиси Ричард Ҳугланднинг собиқ генерал Ғаффор Мирзоев ҳақидаги махфий номаси ҳам ошкор қилинган эди.

Собиқ элчи ўз махфий хатида “Америка Қўшма Штатлари Президент Раҳмондан Наркотикларни назорат қилиш агентлиги раиси Ғаффор Мирзоевни ишдан бўшатишни сўради ва у бу таклифни бажарди”, дея ёзади.

“Зеро,- дейилади, мазкур номада, - Ғаффор Мирзоев Имомали Раҳмон ҳукуматининг парчаланиб кетишига хавф туғдираётган эди”.

Шунингдек, АҚШ расмийси Ричард Ҳугланднинг WikiLeaks сайтида эълон қилинган макбутининг бошқа бир қисмида “Имомали Раҳмон Москва Ғаффор Мирзоев ёрдамида ўз чегара қўшинларини бу мамлакатда давлат тўнтариш уюштиршга ҳозирлаётганидан огоҳлантирди”, дея ёзилган.

Ҳугланд жанобларидаги маълумотларга кўра, “Раҳмон жанобларининг билдиришича, Россия томонида ўз чегара қўшинларини Тожикистон ҳудудидан олиб чиқиш истаги бўлмаганини ва Ғаффор Мирзоев бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилингач, Владимир Путин ноилож давлат тўнтариш режасидан қайтиб, рус чегарачиларини Тожикистон жанубидан олиб чиқишга розилик берган ” .

Бироқ ўтган йил декабр ойи ўрталарида расмий Душанбе WikiLeaks сайтида Тожикистонга борасида эълон қилинган махфий ёзишмаларни “асоссиз” ва “беъмани” дея баҳолаган эди.

Тожик расмийларининг иддаосига кўра, “Америка томонининг махфий дипломатик ёзишмаларини қандайдир кучлар тўқиб чиқарган”.
XS
SM
MD
LG