Линклар

Шошилинч хабар
15 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:51

Тунис бош вазири коалицион ҳукумат тузилишини ваъда қилмоқда


Тунис Бош вазири Муҳаммад Ғаннучи душанба куни коалицион ҳукумат таркибини эълон қилишни ваъда қилди. Ғаннучи янги ҳукумат, ўтган жума куни мамлакатни 23 йилдан бери бошқариб келган президент Зайн ул-Абидин бин Али ағдарилганидан кейин, мамлакатни деморатик ўзгаришлар томон етаклашини ваъда қилди.


Тунис Бош вазрии Муҳаммад Ғаннучи мамлакатдаги сиёсий кучлар ва мухолифат етакчилари ўртасида бўлиб ўтган музокаралар натижасида душанба куни коалицион ҳукумат тузиш ҳақида муросага эришилганини баён қилди.

Ғаннучи бу ҳақда якшанба куни, президент Зайн ул-Абидин бин Али ағдарилганидан икки кун ўтиб, Тунис давлат телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

- Озодлик нон каби муҳимдир, чунки озодликсиз ғуруримиз бўлмайди, озодликсиз бунёдкор бўла олмаймиз. Биз музокара қилган томонларнинг барчаси ҳам ана шу фикрда. Биз ҳамкорликда иложи борича тезроқ янги ҳукумат тузиш эҳтиёжи борлиги ҳақида бир тўхтамга келдик. Балки эртага, душанба куни биз янги бирлашган коалицион ҳукумат тузилгани ҳақида эълон қилармиз ва бу тарихимизда янги саҳифанинг бошланиши бўлади. Худо ҳохласа, Тунис бундан кейин бутун дунёга ибрат бўладиган мамлакатга айланади. Биз халқимизнинг яхши ҳаётга бўлган интилиши сўзлар эмас, ҳаракатларга асосланганини намойиш қиламиз,- деди Тунис бош вазири.

Муваққат президент Фуад Мебазза бош вазир Ғаннучига янги коалицион ҳукумат конституцияга келажакда демократик бошқарувни кафолатловчи ўзгартишларни киритиши тўғрисида топшириқ берди.

Ғаннучи кейинги кунлар ичида ўтказган музокараларда мухолифат етакчилари қатнашгани ва улар коалицион ҳукуматга киритилишини айтмоқда.

- Янги коалицион ҳукуматни тузишга оид музокараларда жиддий силжишларга эришилди. Шу сабабдан яқин кунлар ичида сиёсий тизимни яхшилаш ва демократик тизимни жорий этишга оид муайан чораларни кўра оламиз, дейишга асосларимиз бор. Бундан ташқари, тунисликларнинг ҳаётини яхшилаш учун иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш дастурлари тадбиқ этилади,- дея ваъда қилди бош вазир.

Бироқ тўрт ҳафтадан бери давом этаётган тартибсизликлар оқибатида авж олган талон тарожликлар ва бошбошдоқлик ҳамон ташвишларга сабаб бўлмоқда. Ҳокимиятдан ағдарилган бин Али тарафдорларининг кўпчилиги мамлакатда қолаётгани бу ташвишларни янада кучайтирмоқда. Улар якшанба куни президент саройида армияга қарши жанг қилди.

Баъзи хабарларга кўра, бин Алига содиқ хавфсизлик кучлари коалицион ҳукуматнинг тузилишига йўл қўймаслик мақсадида, мамлакатдаги зўравонликларнинг давом этишига ҳисса қўшмоқда.

Шунинг учун тузилажак коалицион ҳукумат бин Алига содиқ бўлган кучларни ўз томонига оғдира оладими, деган савол энг долзарб масала бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG