Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:27

Ўзбекистонда севиб турмуш қураётганлар кўпаймоқда


Ўзбекистонлик суҳбатдошларимизга кўра, севишганлар кунида гулфурушларнинг бозори чаққон бўлади.
Ўзбекистонлик суҳбатдошларимизга кўра, севишганлар кунида гулфурушларнинг бозори чаққон бўлади.

14 феврал - Валентин куни ёки "севишганлар куни"ни нишонлаш аҳолиси асосан мусулмон бўлган мамлакатлар ёшлари орасида ҳам оммалашиб бормоқда. Ўзбекистонлик ёшлар ҳам севишганлар кунига бир неча кун олдин тайёргарлик кўра бошлайди.

Насронийлар 14 феврал куни нишонлашни удум қилган Авлиё Валентин куни арафасида Ўзбекистон шаҳарларидаги ресторану кафеларда махсус шоу-дастурларга ҳозирлик кўрилмоқда.

Бу куни юмшоқ ўйинчоқлар, атир-упалар ва албатта атиргулларнинг бозори чаққонлашиб қолади, бир дона атиргулг нархи 14 феврал куни икки-уч баробар қимматлайи.

Қашқадарёнинг Қарши шаҳридан бўлган 28 ёшли Юлдуз Жўраева ҳали турмушга чиқмаган. У ҳам "севишганлар куни"да совға сифатида гул олишни маъқул кўради.

- Кўпроқ бир-бирига севги изҳор қилиб, совғалар олишни хоҳлашади. Менимча, гул олишни хоҳлашади. Гулдан яхши совға бўлмаса керак, - дейди Юлдуз Жўраева.

Кумушбиби юрти Марғилондан бўлган Шавкатбек онаси топган қизга уйланган. Унинг фикрича, "Севишганлар куни"ни нишонлаш Ислом динига зиддир.

- Мусулмончиликка тўғри келмайдиган иш. Эркак ҳам, аёл ҳам номаҳрам бўлганидан кейин, балоғатга етганидан кейин барибир тўғри келмайди. Севишиб юрибди. Кофирларни чиқарган ишида бу. Ўша одам ғайридин бўлган. Ўзбекчиликка ҳам тўғри келмайди. Кимдир кимгадир ўхшагиси келгандир-да. Ўша европаликларгами, асосан ўша европаликларга ўхшашга ҳаракат қилишади. Баҳона бўлса керак ўша қизни кўриб олгани, - дейди марғилонлик Шавкатбек.

Қашқадарёлик Машҳурбекнинг ёши 38 да. У уч фарзанднинг отаси. Унинг фикрича, бугун Ўзбекистонда севиб турмуш қураётган ёшлар сони ортиб бормоқда.

- Севишганларнинг кўпи бахтли юрганини биламан. Ҳозир асосан "бола қаерда ўқиган, тагли-туглими, ақллими, безори эмасми" деган нарсаларга эътибор қилинаяпти. Бир хиллари: “шунга бермасанг, ўзимни ўлдираман, менга усиз ҳаёт керак эмас”, дейди. Ота-она эса: “Эртага қизим турмушга чиқса, қизимни бахтли қила оладими, боқа оладими, боқа олмайдими?” деган хаёлда. Ҳамма ота-она ҳам фарзандини бахтли бўлишини хохлайди-ку, - дейди Машҳурбек ака.

Унинг айтишича, бугун кўчаларда байрамона кайфият ҳукмрон.

- Эрталабдан ҳамманинг қўлида гуллар. Жуда хурсанд ҳаётдан ҳаммаси. Чиройли, яхши, нормално бўлаяпти, - дейди Машҳурбек ака.

Машҳурбек ака бугун ўз аёлини гулдаста ва хушбўй атир совға қилиш билан хурсанд қилишини айтади.

Шу тариқа, бундан бир неча йил аввал ўзбекистонликлар учун ёт бўлган байрам - Севишганлар куни, суҳбатдошларимизнинг эътироф этишларича, мамлакатда йил сайин оммалашиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG