Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:45

Қаддафий режими мамлакат ҳудудларини қўлдан бой бермоқда


Ливиянинг аксар минтақалари, жумладан пойтахт Триполининг баъзи ҳудудлари исёнчилар қўлига ўтгани хабар қилинмоқда.
Ливиянинг аксар минтақалари, жумладан пойтахт Триполининг баъзи ҳудудлари исёнчилар қўлига ўтгани хабар қилинмоқда.

Ливияда аксилҳукумат намойишлари бутун мамлакат бўйлаб авж олмоқда. Босим остида қолган мамлакат етакчиси Муаммар Қаддафий сешанба куни телевидениеда чиқиш қилиб, ўз тарафдорларини исёнчиларга қарши зарба беришга чақирди.


Аксил-ҳукумат намойишлар бутун Ливия бўйлаб ёйилди. Вужудга келган вазият Муаммар Қаддафий режими қулаш ёқасига келганидан ишоратдир, демоқда кузатувчилар.

Сешанба куни Қаддафий телевидение орқали қилган жўшқин нутқида ўз тарафдорларини “уйма-уй” юриб, Ливияни исёнчилардан “тозалшга” чақирганига қарамасдан, мамалакатнинг аксар ҳудудлари намойишчилар назоратига ўтгани хабар қилинмоқда.

Қаддафий режими шу пайтгача кўчаларда назорат ўрнатиш уринишлари оқибатида камида 300 киши ҳалок бўлганини тан олди. Бироқ Италия Ташқи ишлар вазирлиги чоршанба куни Ливиядаги зўравонликларда мингга яқин одам қурбон бўлганини “ишонч” билан хабар қилди.

Хориж матбуоти Қаддафий режими назоратида қолаётган ҳудудларга кира олгани йўқ. Шу боисдан мамлакат ғарбидаги вазиятга оид аниқ маълумотларни олиш имкони чекланган.

Баъзи хабарларга кўра, Қаддафийга содиқ кучлар хориждан ёлланган жанггарилар ёрдамида пойтахт Триполининг баъзи худудларини ўз назоратида ушлаб турибди.

Бироқ Қаддафий режимидан юз ўгирган Ливиянинг БМТдаги элчиси муовини Иброҳим Даббашийга кўра, Қаддафий армиядаги ўзига содиқ бўлган кучларни оёққа турғизиб, нефтга бой бўлган Ливия ғарбидаги исёнчиларга қарши сафарбар қилишга муваффақ бўлган.

Даббаший сешанба куни БМТнинг Нью Йоркдаги қароргоҳида қилган чиқишида Қаддафийнинг нутқи унинг ночор аҳволда қолгани ва ўз тарафдорларини норозиларни қатлиом қилишга чақираётганидан долалат беради, дея огоҳлантирди.

- Халқнинг қўлида қурол йўқ ва менимча, Ливияда геноцид бошланганига шубҳа қилмаса бўлади. Менимча Қаддафийининг баёноти ўз тарафдорларига қаратилган ва Ливия халқини геноцид қилишга чақирувчи яширин ишорат бўлди, деди Даббаший.

“Quryna” Интернет нашрининг хабар қилишича, чоршанба куни Ливия армияси пойтахтда 80 километр ғарброқда жойлашган Сабратаҳ шаҳарчасига кўп сонли қўшин ташлаган. Бу шаҳарчада норозилар хавфсизлик кучларига тегишли идораларнинг аксарини вайрон қилди.

Айни пайтда, халқаро журналистлар Ливия шарқидан юбораётган хабарлар намойишчиларнинг мамлакат шарқини тўла назорат қилаётганлари ҳақидаги иддаоларини тасдиқламоқда.


Кейинги 24 соат ичида Ливия шарқига кира бошлаган мухбирлар бу ҳудудларда Қаддафийга содиқ полиция ва армия кучларидан дарак йўқлигини хабар қилишмоқда. Бироқ Ливия Ички ишлар вазири Абдул Фаттоҳ Юнус сешанба куни истеъфога кетишини эълон қилиб, ҳарбийларни исёнчилар томонига ўтишга чақирганидан кейин армия ичида парокандалик кузатилмоқда.

Бенғози шаҳридан гапирган Юнус армия иксил-ҳукумат намойишчиларни қўллаб-қувватлаётганини баён қилди.

Чоршанбага ўтар кечаси Тобрук шаҳрида намойишчилар армиядаги парокандалик туфайли исёнчиларга қарши кучлар ортга чекинганини байам қилди.

Ройтерс агентлиги мухбири чоршанба куни Тобрук шаҳрида ҳамон армия формасини кйиган, лекин ўзларини ортиқ Қаддафийга содиқ, деб ҳисобламайдиган армия зобитлари билан гаплашди. Бу ҳарбийлар Ливия шарқи Қаддафий режими назоратидан чиққанини тасдиқлашди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг жорий раиси бразилиялик дипломат Мария Виотти Ливия шарқида намойишчиларга қарши қўшинлар ва ҳаво кучларини сафарбар қилган Қаддафийни қоралади.

- Хавфсизлик кенгаши аъзолари Ливиядаги вазият хусусида чуқур ташвиш билдирди. Улар зўравонлик ва тинч фуқароларга қарши куч қўлланганини қоралаб, юзлаб фуқароларнинг ҳалок бўлганидан чуқур таассуф билдирди. Улар зўравонликларга дарҳол чек қўйилиши ва аҳолининг қонуний талаблари, жумладан миллий мулоқот орқали бажарилиши борасида чоралар кўрилишига чақирди, деди БМТ Хавфсизлик кенгаши раиси.

Бироқ Хавфсизлик кенгашининг сешанба куни ёпиқ эшиклар ортида ўтган мажлисида Қаддафий режимига қарши бевосита чоралар кўриш борасида бирор қарор қабул қилинмади

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ҳам сешанба куни қилган чиқишида Ливия қўшинларининг намойишчиларга қарама-қарши қўйилганини қоралади.

- Қўшма Штатлар Ливиядаги воқеаларни хавотир билан кузатишда давом этмоқда. Ҳаётлари қурбон бўлганлар ва уларнинг яқинларига таъзия билдирамиз ҳамда юзлаб одамларнинг ҳалок бўлгани ва кўплаб кишиларнинг жароҳатланганига оид хабарларни олганимиз боис халқаро ҳамжамиятнинг зўравонликларни қоралаб қилган баёнотларига қўшиламиз, деди Клинтон.

Қаддафий тарафдорларининг сафлари сийраклашишида давом этмоқда. Ливия етакчисининг ўғли Сайф ал Ислом Қаддафийнинг яқин сафдошларидан бири, Ливия ҳукуматида юқори амалга эга бўлган мулозимнинг истеъфога чиққани бунинг яна бир тасдиғи бўлди. У Қаддафий режимида юз ўгирган дипломатлар ва ҳукумат расмийларининг навбатдагиси бўлди.

Италия Ташқи ишлар вазири Франко Фраттини Ливияда Қаддафий режими қулайдиган бўлса 300 минггача одам Италияга қочиб ўтиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Айни пайтда, минглаб хорижлик ишчилар мамлакатни тарк эта олмай Ливия аэропортларида қолмоқда. Қўшма Штатлар ва бошқа мамлакатлар ўз фуқароларини денгиз орқали эвакуация қилишга ҳаракат қилмоқда.

Чоршанба куни Туркия Ливияда ишлаётган 25 мингга яқин фуқаросида уч мингга яқинини Бенғозидаги портда чиққан кемалада олиб чиқишга имуваффақ бўлди. Қўшма Штатлар ўз фуқароларини ҳукумат юборган ва Триполидаги Ас-Саҳаб портига тўхтаган кемада мамлакатни тарк этишга чақирди.

Британия ҳам ўз фуқароларини олиб чиқиш мақсадида "HMS Cumberland" ҳарбий кемасини Ливия соҳилларига юборганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG