Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:07

Тожикистонлик олим миллий низодан огоҳлантирди


Тарихчи олим Нурмуҳаммад Амиршоҳий фикрича, ўзбеклар ва тожикларнинг геосиёсий манфаатлар қурбони бўлиш хавфи тобора кучайиб бормоқда.
Тарихчи олим Нурмуҳаммад Амиршоҳий фикрича, ўзбеклар ва тожикларнинг геосиёсий манфаатлар қурбони бўлиш хавфи тобора кучайиб бормоқда.

Тарихчи олим Нурмуҳаммад Амиршоҳий Ўзбекистон ва Тожикистон президентларига очиқ хат ёзди.

Унда олим Амиршоҳий икки давлат раҳбарларини ўзбеклар ва тожиклар ўртасида миллий низо чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

“Бугун биз маданий масалалар, иқтисодий ва ижтимоий ҳамда сиёсий алоқаларимизни тиклаб, аввал йўл қўйган хатоларимизни тузатишга жон-жаҳдимиз билан ҳаракат қилишимиз вақти етди. Ҳеч кимга сир эмас, бугун Тожикистон ўзбеклар кўпчиликни ташкил қиладиган минтақадаги ягона давлат саналади. Шунингдек, этник тожиклар ҳам минтақадаги бошқа давлатлардагидан кўпроқ Ўзбекистонда яшаб, фаолият қилади. Бироқ сўнгги пайтлар ўзбеклар ва тожиклар дунёдаги йирик давлатларнинг геосиёсий манфаатлари қурбони бўлиш мумкинлиги хавфи кун сайин кучаймоқда. Агар бугун хушёрликни қўлдан берсак, бир-бирига қон-қардош икки биродар халқ ўртасида ўзаро миллий низолар чиқиб кетиши ҳеч гап эмас”, дейилади тожикистонлик таниқли тарихчи Нурмуҳаммад Амиршоҳийнинг Ислом Каримов ва Имомали Раҳмон номига битилган очиқ мактубида.

Амиршоҳий жаноблари мулоҳазасича, гарчи ўзбеклар ва тожиклар ўртасидаги жарликнинг кенгаяётгани ичкаридан сезилмаса-да, бу бегоналашиш жараёни икки қўшни муносабатларини кўпдан буён кузатиб келаётган ташқи кучларга аниқ сезилиб қолмоқда.

Тожикистон Фанлар академияси масъул ходими Нурмуҳаммад Амиршоҳий Ўзбекистон ва Тожикистон давлат раҳбарларини бугун гина-адоватларни бир ёққа қўйиб, қўлни қўлга беришга чақирар экан, “акс ҳолда, ўзбеклар ва тожиклар ўртасида учинчи кучлар манфаати учун фойдали бўлган миллий низо бошланиб кетиши мумкин”лигидан огоҳлантиради.

Бироқ Тожикистон президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар маркази масъули Сайфулло Сафаров тарихчи олим фикрларига мутлақо қўшилмайди.

- Масалан, Ўзбекистонда яшаётган тожиклар билан ўзбеклар бир-бирига шунчалик қовушиб кетганки, улар орасида зиддият деярли йўқ. Шунингдек, Тожикистонда яшаётган ўзбеклар билан тожиклар орасида ҳам интеграцион жараён жуда кучли бўлгани учун уларни бир-бирига қарши қайраш мутлақо мумкин эмас, деб биламан,- дейди тожик расмийси Сайфулло Сафаров.

Тожикистонлик зиёли Нўъмонжон Фахриддинов эса икки халқ ўртасида душманлик бўлмаса-да, бир кун келиб иғвогарлар ўз мақсадларига эришиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмайди.

- Халқ орасида душманлик йўқ. Лекин иғвогарлик йўли билан хоҳлаган ишни қилиб берадиган одамлар топилади. “Бу нарса бўлмаган нарса, биз минг асрлик дўстмиз”, деб ишониб қолиш ярамайди. Ҳар қайси давлат раҳбари бундай масалаларда энг аввало вазиятга қараб, ҳушёрликни қўлдан бермаслиги керак,- дейди Нўъмонжон Фахриддинов.

Мустақил таҳлилчилар Ўзбекистон ва Тожикистон алоқаларидаги йироқлик ва бегоналашишни ичкаридан излаш, деган фикрдалар.

Таҳлилчиларга кўра, хусусан, сўнгги икки йил давомида Роғун ГЭСи лойиҳаси атрофидаги даҳанаки жанглар ўзбеклар ва тожиклар ўртасида миллий низо чиқиши мумкинлигига оид тахминларни янада кучайтирди.

Мустақил таҳлилчи Мақсуджон Жўраев фикрича, президентларга миллий низоларнинг олдини олиш бўйича қилинган мурожаатлардан жўяли бир натижа чиқиши душвор.

- Менинг назаримда, бундан бир нарса чиқмайди. Чунки Тожикистоннинг товоғига тупуриб чиқиб кетган Маҳмуд Худойбердиев Хўжандга кирганида (1998 йил ноябрида полковник Маҳмуд Худойбердиевнинг Сўғд вилоятига ҳужуми назарда тутилаяпти - таҳр.) Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидан, Жиззах вилоятидан келгани айтилганди. Бу, ўз навбатида, икки мамлакат раҳбарлари орасига совуқчилик туширган, - дер экан мустақил таҳлилчи Мақсуд Жўраев айнан шу совуқчилик ташқи кучларнинг икки халқни бир-бирига қарши қайрашда қўл келиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Тожикистон Фанлар академияси масъули Нурмуҳаммад Амиршоҳийнинг Ўзбекистон ва Тожикистон президентларини ўзбеклар ва тожиклар орасида миллий низолар чиқиши мумкинлигидан огоҳлантириши Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг Ашхобод музокараларига йиғилаётган бир вақтига тўғри келди.

Turkmenistan.ru сайтининг ёзишича, 31 май куни Ашхободда тўпланадиган минтақа ташқи ишлар вазирлари минтақавий ҳамкорлик масалалари доирасида Марказий Осиё барқарорлигига таҳдидларни бартараф қилиш йўллари атрофида ҳам фикр алмашадилар.
XS
SM
MD
LG