Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:09

Ўзбекистон пластик карточкалар муаммосини тан олди


Пластик карточка кўп, лекин уни ишлатиш имкони ўта чекланганини энди расмийлар ҳам тан олмоқда.
Пластик карточка кўп, лекин уни ишлатиш имкони ўта чекланганини энди расмийлар ҳам тан олмоқда.

Жорий йилда Тошкент шаҳридаги 12 та деҳқон бозорида юздан зиёд терминаллар ўрнатилиб, бозорларнинг барчасида пластик карточка билан савдо қилувчи “Элга хизмат” шўъба корхоналари ташкил қилинди. Бироқ мутасаддилар пластик карточкалар билан боғлиқ муаммолар ҳануз ҳал бўлмаганини тан олмоқда.


Жорий йилнинг март ойидан бошлаб Тошкент шаҳри бозорларининг барчасида фақат пластик карточкага савдо қилувчи “Элга хизмат” шўъба корхонаси ўз фаолиятини бошлади.

Тошкентдаги “Олой” бозори маъмуриятининг шахси ошкор қилинмаслиги шарти билан гапирган ходимларидан бирига кўра, бозордаги “Элга хизмат” савдо шоҳобчалари 7 та терминал орқали харидорларга хизмат кўрсатаяпти.

- Ҳозир, Тошкентдаги ҳар битта бозорда "Элга хизмат" корхоналари очилган. Улар фақат терминал билан ишлашади. "Элга хизмат" бу давлатнинг ярмаркасидек бир корхона. Олдин ларëклар бўлардию, шунга ўхшаган нарса бўлаяптида. Бозор ичидаги нархдан уларда арзонроқ. Тем более терминаллар ишлатилаяптида,- деди "Олой" бозори маъмурияти ходими.

“Элга хизмат” корхонаси электрон тўлов терминаллари орқали хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва пластик карточкалар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш мақсадида ташкил қилингани айтилмоқда.

Лекин мутасаддилар пластик карточкалар билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолаётганини инкор этмаяптилар.

Масалан, 7 июн куни “Ўзбекистон” телеканалида эфирга узатилган “Нигоҳ: Ўроқда йўқ, машоқда йўқ” кўрсатувида мамлакатда пластик карточкалар билан боғлиқ муаммолар ҳақида гап борди.

Бу кўрсатувни давлат телевидениеси тайёрлагани инобатга олинса, Ўзбекистон расмийлари пластик карточкалар билан боғлиқ муаммони тан олмоқда, дейиш мумкин.

Солиқ соҳаси мутахасислари билан ҳамкорликда тайёрланган ушбу кўрсатувда қайд қилинишича, мамлакатдаги деҳқон бозорларида пластик карточкаларга савдо қилиш имкони чекланган, савдо шоҳобчаларида ўрнатилган терминаллар ҳам кўнгилдагидай ишламайди, пластик карточкаларга савдо қилиш қиммат, яъни маҳсулотлар нархларида катта тафовут мавжуд.

Бироқ давлат телевидениеси намойиш қилган кўрсатувда пластик карточкадаги пулни маълум фоиз миқдоридаги ҳақ эвазига нақдга айлантириш билан шуғулланувчи “текинтамоқ” гуруҳлар борлиги танқид қилинди, лекин давлат томонидан ўрнатилган банкоматлардан нақд пул ечиб олиш имконсизлиги ҳақида лом-мим дейилмади.

Хусусан, кўрсатувда иштирок этган солиқ ходими: "Ўтказилган назорат тадбирлари жараëнида аниқланган ҳар бир қонун бузилиши ҳолатлари қатъий прокурор назорати ҳужжатларини қўллаш орқали бартараф этилиши таъминланмоқда. Шу кунга қадар олтита ҳолатда 40 миллион сўмдан ортиқ пул маблағлари пластик карточкалардан 15 фоиз эвазига ноқонуний равишда нақдлаштириб олинганлиги аниқланиб, ушбу жиддий қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган ва айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланган", дея таъкидлайди.

Маълумотларга кўра, мамлакатдаги савдо дўконлари, умумий овқатланиш шоҳобчаларининг тахминан 40 фоизида терминал йўқ.

Тошкентдаги “Чорсу” бозори маъмуриятининг исми сир қолишини истаган ходими Озодлик билан суҳбатда пластик карточкалар жорий қилина бошлаганига бир неча йил бўлганига қарамасдан, тадбиркорлар талабига яраша терминаллар ўрнатилганича йўқ, дейди.

- Терминаллар бор, ҳа. Лекин ҳамма дўконларда эмас. 100 фоиз бор, деб бўлмайди. Етмаяпти терминаллар. Банк бериши керак. Банкларда ўзи йўқ. Бор бўлса, йўқ демаяпти тадбиркорлар. Ариза ҳам ташлаб келишган банкка. Бўлиши билан берамиз, дейишади. Бошлашди беришни, аммо ҳали ҳаммада эмас,- дейди "Чорсу" бозори маъмурияти ходими.

Айни пайтда Ўзбекистон Марказий банкига кўра, муомалага чиқарилган пластик карточкалар сони қарайб 8 миллионга етиб қолган, савдо ҳамда хизмат кўрсатиш шоҳобчаларига ўрнатилган банкомат ва терминаллар сони эса 86,1 мингга етган.

Ўтган йили пластик карточкалар орқали амалга оширилган тўловлар ҳажми 5 триллион 700 миллион сўмни ташкил этиб, бу 2009 йилга нисбатан 2,5 баробарга кўп экани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG