Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:31

Адвокат Суюмбаева: “Ўшлик милиционерлар ноқонуний ҳаракат қилган”


Қирғизистон жанубида милиция ходимларининг фуқаролар уйига санкциясиз бостириб кириш ҳолатлари кузатилмоқда.

Шу йилнинг 1 октябр куни Ўш вилоят Қорасув шаҳар Комсомол кўчасида жойлашган 3-уйнинг 8-хонадонига қуролланган ва ниқобли милиция ходимлари бостириб кирган. Бу ҳақда Озодликка мазкур милиционерлар томонидан тутиб кетилган ва кейинчалик қўйиб юборилган қорасувлик Мирзоҳид Отахонов маълум қилди.

Қорасувга икки кун аввал Бишкекдан келган ва 30 сентябр куни отаси олиб қўйган ижара уйга кирган суҳбатдошимиз тонг отар-отмас хаёлига келмаган воқеалар билан тўқнашганини айтади.

- Соат тўрт-тўрт ярим атрофида биров чироқни ёқди. Қарасам, биттаси тўппонча тақаб турибди: “Қимирласанг, отиб ташлайман” деб. Қарасам, спецназ экан, ҳаммаси маскачан. “Қимирлама”, деди, биз ётдик. Уйда аёллар бор эди, “чиқиб туринглар, кийиниб олайлик” дейишига қарамасдан, уларга ҳам: “Қимирласанг, отиб ташлайман”, деди. Кейин мен айтгандим, спецназлар чиқиб туришди, аёллар кийиниб олди. Аёлларнинг ҳаммаси қўрқиб кетишди. Россиядан келган ва Россия фуқароси бўлган синглим ҳам бор эди. У ҳомиладор эди. Унинг ҳам ҳозир ҳомиласи тушиш хавфи борлигини айтишаяпти. Қўрқиб, анча юрагини олдириб қўйишган-да, - дейди Мирзоҳид Отахонов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, улар уч хонали ижара уйнинг икки хонасини эгаллаганлар, битта хонада эса уй эгасининг ашёлари турган.

Отахонов хонадонда тинтув ўтказган милиция ходимлари уй эгасининг нарсалари турган хонадан “Ҳизбут-Таҳрир” партиясига оид адабиётлар, рафиқасининг сумкасидан эса Тошкентдаги “Маворауннаҳр” нашриётида чоп этилган “Саодат асри қиссалари” китобини топганини, шундан сўнг уни Ўшдаги Ҳудудлараро бошқармага олиб кетганларини айтади.

Ўзининг “Ҳизбут-Таҳрир”га мутлақо алоқаси йўқлигини таъкидлаган Мирзоҳид Отахоновга кўра, Ҳудудлараро бошқармада уни қўллари кишанланган ҳолда 10 соатча тик оёқда ушлаб турганлар.

- У ерда ҳам итга қилгандек муомала қилишиб, бизни анча хўрлашиб, тепиб-уришди.

Озодлик: Уришдими сизни?

- Уришди. Спецназлардан бири – кимлигини билмайман, ҳаммасининг юзида маскаси бор эди – тиззамнинг пастидаги суягимга тепди, ўзимни бошқара олмай йиқилиб, думғазам билан тушдим, думғазам ҳалигача оғрияпти.

Озодлик: Қаерда бўлди бу иш?

- МРУнинг (Ҳудудлараро бошқарманинг демоқчи – таҳр.) биносида бўлди. Мен: “Нега мени ураяпсан?” десам, “саволимга жавоб бер”, деди. “Мен терговчи савол берса, жавоб бераман, сенинг саволингга эса жавоб бермайман” десам, “Сен қийин (бу ўринда “қийин” қирғизча “зўр” маъносида – таҳр.) экансан” деб, оёғимга тепди, - дейди Мирзоҳид Отахонов.

Унинг айтишича, шу куни соат 16 ларда уни Ўшдаги қабул-тақсимот пунктига юборганлар, уйдагилар ҳужжатларини олиб келганларидан кейин эса Мирзоҳидни уйга қўйиб юборганлар.

Эртасига Мирзоҳид Отахоновнинг отаси Мирзамаҳмуд акани терговчи чақирган.

- Эртаси куни чақириб, менинг олдимга тушиб: “Ўғлингизни икки йўли бор, соучастник (“Ҳизбут-Таҳрир”га аъзоликда айбланган уй эгасига шерик демоқчи – таҳр.) қилиб юборсак ҳам бўлади, свидетель (гувоҳ – таҳр.) қаторида қўйиб юборсак ҳам бўлади, қайсинисини қилайлик”, деб бир нарса таъма қилгандек бўлувди, мен: “Ўғлимнинг ҳеч қанақа айби йўқ бу ерда” десам, “Мен бўйнига илиб юбораман”, деди. “Бўйнига илиб юборсанг, олиб кириб, отиб юбор” деб келавердим.

Озодлик: Ким айтаяпти бу нарса?

- Терговчи Тўқўев Бақит.

Озодлик: Қаерда терговчи экан бу киши?

- МРУда терговчи экан Ўшда. Межрегиональное управлениеда “по делам религии”да терговчи экан, - дер экан Мирзамаҳмуд ака эндиликда милиция ходимлари устидан тегишли ташкилотларга арзланиш нияти борлигини айтади.

Мирзамаҳмуд ака ёллаган адвокат Назгул Суюмбаеванинг айтишича, бунинг учун етарли асослар бор.

- Мен милиция ходимларининг хатти-ҳаракатини ноқонуний деб ҳисоблайман, чунки уларнинг қўлларида фуқароларнинг уйига кириш ва тинтув ўтказиш учун ҳеч қанақа рухсатнома бўлмаган, - дер экан адвокат Суюмбаева Мирзоҳид Отахонов турган ижара уйга кириш баробарида милиция ходимлари унинг қўшниси бўлган Тўлқин Юнусовнинг уйига ҳам кирганини ва у ердан “Ҳизбут-Таҳрир”га оид адабиётлар билан биргаликда ўқлар топганини иддао қилаётганларини айтади.

Тўлқин Юнусовни ҳам ҳимоя қилаётган адвокат Суюмбаевага кўра, бу икки ҳодиса юзасидан улар ҳозир милиция ходимлари хатти-ҳаракатига баҳо бериш учун прокуратурага шикоятнома тайёрлаяптилар.

- Чунки улар бу уйларга бостириб кирганларида у ерда махсус топшириқ бажарувчи автоматли ходимлар бўлган. Улар отиб ташлаш таҳдиди билан уйдагиларнинг жойидан қимирлашига имкон бермаганлар. Айни пайтда милиция ходимлари хоналарни бемалол айланиб юрганлар ва бу хонадонлардан топилган нарсаларни уларнинг ўзлари ташлаб қўйган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас, - дейди адвокат Назгул Суюмбаева.

Воқеа юзасидан изоҳ олиш мақсадида Ўшдаги Ҳудудлараро бошқармага ҳам кун бўйи қўнғироқ қилдик, аммо у ерда телефон гўшагини ҳеч ким кўтаргани йўқ.
XS
SM
MD
LG