Линклар

ЕИ Эрон ва Сурияга янги санкциялар жорий қилди


ЕИнинг Ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон. Люксембург, 2012 йил 15 октябр.

ЕИ Ташқи ишлар вазирлари уранни бойитиш дастурини тўхтатишдан бош тортиб келаётган Эрон ва халқ исёнини зўравонлик билан бостираётган Сурия режимига қарши янги жазо чораларини жорий қилди.



Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари 15 октябр куни Эронга нисбатан жорий қилган иқтисодий жазо чоралари Эрондан газ импорт қилишни тўхтатишни назарда тутган.

Ғарб давлатлари Эрон ўз ядровий дастуридан атом қуроли яратишда фойдаланиши мумкинлигидан хавотирда. Бироқ Эрон ўз ядровий дастури тинч мақсадга қаратилганини таъкидлаб келади.

Люксембургда ўтаётган ЕИ ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этаётган иттифоқ ташқи сиёсати бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон журналистларга Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ муаммони музокаралар орқали ҳал қилиш имконияти ҳали ҳам сақланиб қолаётганини урғулади.

Бироқ Эштон хоним Европа Иттифоқи Теҳронга босимни кучайтиришда давом этишини айтди.

Германия Ташқи ишлар вазири Гуидо Вестервелле музокаралар кутилган натижани бермагани боис янги санкциялар қўллаш эҳтиёжи пайдо бўлганини баён қилди.

- Афсуски, Эронга нисбатан санкцияларни кучайтириш лозим. Музокарларда сезиларли муваффақиятга эришилмади. Албатта, Эрон атом қувватидан тинч мақсадда фойдаланиш ҳуқуқига эга. Айни пайтда, Эрон ядровий қуроллар яратиш йўлидаги ҳар қандай уринишдан воз кечиши лозим,- деди Германия Ташқи ишлар вазири.

Озодлик радиосининг Брюсселдаги мухбирига кўра, Эронга қарши янги санкциялар 34 ташкилот ва бир шахсга тегишли мулкларни музлатиш ва виза чекловини жорий қилишни назарда тутган.

Мухбирга кўра, янги жазо чоралари сирасига Эронга халқаро пул ўтказмаларини тақиқлаш ҳам киради.

Мазкур чеклов гуманитар ёрдам, озиқ-овқат, дори-дармон учун тўланадиган пул ўтказмаларига тааллуқли эмас.

Айни пайтда, Европа Иттифоқи ширкатларининг Эронга кемасозлик, нефт сақлаш ва нефт танкерларига техник хизмат кўрсатишда қўлланиладиган технологиялар, шунингдек, метал ва графитлар етказиб бериши тақиқланади.

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирларининг Люксембург шаҳридаги йиғилишида оммавий исёнларни куч билан бостираётган Сурия режимига қарши янги санкциялар қўллашга ҳам келишиб олинди.

Жазо чоралари Сурия режимига тегишли мулкларни музлатиш, икки ширкат ва 28 шахснинг Европа Иттифоқи давлатларига киришини таъқиқлашни ўз ичига олади.

Бу билан Европа Иттифоқининг қора рўйхатига киритилган сурияликлар 181 кишига ва ширкатлар сони 54 тага етди.

Сурияга нисбатан жорий қилинган янги санкциялар оммавий исёнларни зўравонлик билан бостираётган Сурия режимига алоқадор шахсларга ва ширкатларга қарши қаратилган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG