Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:32

Петрэус биографи билан ишқий алоқалари сабаб истеъфо берди


АҚШ Марказий разведка хизмати раҳбари Дэвид Петрэус никоҳдан ташқари алоқалари сабаб лавозимидан истеъфо берди. Президент Барак Обама генералнинг бу ҳақдаги илтимосини қондирди.

Дэвид Петрэус АҚШ президенти Барак Обама номига ёзган истеъфо аризасида никоҳдан ташқари алоқалари бўлганини тан олган.

"37 йиллик оилавий ҳаётдан сўнг мен оиламга хиёнат қилиб, жиддий хатога йўл қўйдим. Бундай ахлоқ ҳам турмуш ўртоғи, ҳам бир раҳбар сифатида қабул қилиб бўлмайдиган ҳолдир. Бугун президент менинг истеъфоимни қабул қилди", дейилади Петрэуснинг хатида.

АҚШ матбуотида тарқалган хабарларга кўра, Марказий разведка хизмати раҳбари лавозимидан истеъфо берган генерал Дэвид Петрэус ўз биографи Поло Бродвелл билан ишқий муносабатда бўлган.

Хабарларда айтилишича, Петрэуснинг Бродвелл билан ишқий алоқалари АҚШ Федерал тергов бюроси олиб борган текширув натижасида фош бўлган.

Жума куни генерал Дэвид Петрэус истеъфосини қабул қилган президент Барак Обама уни Қўшма Штатларга узоқ йил содиқ хизмат қилган атоқли зобит деб атади.

"Дэвид Петрэус ҳаётини ҳарбий мақсадга бағишлаб мамлакатни янада кучли ва хавфсиз бўлишига ҳисса қўшди", деган Обама ўз баëнотида.

Ҳозирда Петрэус ўрнига Майкл Морелл Марказий разведка хизматига муваққат раҳбар этиб тайинланган.

Генерал Петрэус АҚШ Марказий разведка хизмати раҳбари лавозимига ўтган йил сентябр ойида тайинланганди.

Унгача Петрэус Афғонистондаги АҚШ ва НАТО кучларига қўмондонлик қилган.
XS
SM
MD
LG