Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:27

Тожикистонда соқолли талабанинг калтакланиши норозилик уйғотди


Ваҳдат шаҳар касалхонасининг реанимация бўлимида ётган Умар Бобожоновни милиция ходимлари калтаклагани иддао қилинмоқда.
Ваҳдат шаҳар касалхонасининг реанимация бўлимида ётган Умар Бобожоновни милиция ходимлари калтаклагани иддао қилинмоқда.

Тожикистоннинг Ваҳдат шаҳрида соқолли йигитнинг калтакланишига оид ҳодиса жамият орасида шов-шувга сабаб бўлди. Калтакланган талабанинг яқинлари унинг соқоллиларга қарши кампания қурбони бўлганини даъво қилмоқдалар.

Тожикистоннинг Ваҳдат шаҳрида яшовчи 23 ёшли Умар Бобожонов, яқинларининг иддаосича, соқол қўйгани учун милиция ходимлари томонидан аёвсиз калтакланган. Бобожоновнинг яқинлари Россия олийгоҳларидан бирида ўқийдиган ва ёзда уйига таътилга келган бу йигит 28 август куни калтакланганини айтмоқда.

Ҳозир Бобожонов Ваҳдат касалхонасида ётибди. Касалхона шифокорлари Озодликнинг тожик хизматига йигит оғир аҳволда реанимация бўлимида сақланаётганини айтганлар.

31 август куни Ваҳдат шаҳрида яшовчи бир гуруҳ шаҳар касалхонаси олдида тўпланиб, Умар Бобожоновнинг калтакланишига алоқадор шахсларнинг жазога тортилишини талаб қилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари норозилардан тарқалишни сўраган, улар касалхона ҳовлисини тарк этиши билан эса тиббий муассаса чор-атрофини назоратга олганлар.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги бу ҳодиса юзасидан текширув бошланганини, ҳозирда бу бўйича ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода топшириғига кўра вазир ўринбосари бошчилигида махсус тезкор-тергов гуруҳи тузилганини билдирди.

“Хизмат текшируви чоғида содир бўлган воқеа сабаб ва ҳолатлари аниқланади, айбдорлар эса жавобгарликка тортилади. Текширув натижалари ҳақида қўшимча маълумот берилади”, дейилади Тожикистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган хабарномада.

Сешанба куни ички ишлар вазирининг ўринбосари Искандар Солеҳзода ва Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг террорчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи Амирбек Бекназаров касалхонада ётган Бобожоновни бориб кўрган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг Ваҳдат шаҳри бўйича бўлими бошлиқ ўринбосари Алишер Абдурасулов Озодликка Умар Бобожоновга тан жароҳати етказилиши ҳодисаси бўйича жиноий иш қўзғатилганини айтди.

Жорий йил бошида Тожикистонда соқол қўйиб юрган фуқароларга нисбатан яширин кампания бошланганди. Бу борада Озодликка шу кунгача ўнлаб одам шикоят қилган. Шикоятчиларнинг айтишича, уларни соқолини қириб ташлашга мажбурлаганлар, айримларига эса, агар ўз ихтиёри билан соқолини олиб ташламасалар, 150 сомоний (тақрибан 25 АҚШ доллари – таҳр.) жарима солиш билан таҳдид қилганлар.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги бу кампанияга алоқаси йўқлигини, раҳбариятдан бундай топшириқ бўлмаганини билдирган.

Шу йил апрель ойи охирида Тожикистон ички ишлар вазирининг ўринбосари Икром Умарзода фуқароларни соқол қиришга мажбур қилишга алоқадор кўрилмиш икки милиционерга жазо берилганини маълум қилган. У милиция ходимлари аҳолидан тушган шикоятлар асосида жазоланганини қайд этган.

Тожикистонлик таҳлилчиларга кўра, расмийларнинг бу хатти-ҳаракатлари уларнинг жамиятда экстремистик кайфиятларнинг кучайиши, ёшларнинг экстремистик гуруҳларга қўшилиши ва террорчилик хавфи ошишидан хавотирланаётганидан дарак беради.

Айни пайтда ҳуқуқ фаоллари расмийларнинг соқолни мажбуран қирдириш ва “ёт либос”га қарши курашиш бўйича хатти-ҳаракатларини фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашиш ўлароқ баҳоламоқдалар.

XS
SM
MD
LG