Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:16

Исёнчи тожик генералининг 100 нафар тарафдори ҳибс қилинди


Тожикистон Мудофаа вазирлиги идорасига ва Ваҳдат тумани ички ишлар бўлимига қилинган қуролли ҳужумларга раҳбарликда айбланаётган исёнчи генерал Абдуҳалим Назарзоданинг юздан зиёд тарафдори ҳибс қилинган. Бу ҳақда Тожикистон Ички ишлар вазири баёнот берди.

Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари, генерал Абдуҳалим Назарзодани “давлат ва миллатга хиёнат”да айблади. Вазир бу ҳақда Тожикистон мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган йиғилишда гапирди.

Вазирнинг айтишича, Абдуҳалим Назарзода бошчилигидаги уюшган жиноятчи гуруҳнинг қуролли ҳужуми оқибатида 9 нафар милиция ходим ҳалок бўлган, 12 нафари оғир тан жароҳати олган:

“Бу давлат ва миллатга, озод ва обод ватан тараққиётини истаётган халққа нисбатан хиёнатдир”, деди Рамазон Раҳимзода.

Вазир айни пайтда исёнчи генерални қидириб топиш ва зарарсизлантириш амалиётлари давом этаётганини таъкидлар экан, уларнинг ҳамласини қайтарган тожик милиционерлари мардлигини қайд қилди:

“Қуролли ҳужумга рўбарў келган милиция ходимлари вазиятни зудлик билан қўлга олиб, ўз вақтида зарурий чора-тадбирларни қўллади. Жумладан, прапоршик Фозилжон Маҳмадовнинг бир ўзи қаҳрамонлик кўрсатиб уларнинг уч нафарини зарасизлантирди ва душманларнинг орқага чекинишга мажбур қилди”, деди вазир.

Унинг айтишича, куч ишлатар тизимлари томонидан жангариларнинг 15 нафари ўлдирилган ва тахминан 100 нафари ҳибсга олинган.

Ички ишлар вазири бу ҳужумлар масъулиятини “хорижлик хўжалари” ҳомийлигида Тожикистондаги тинчликни беқарор қилишга ҳаракат қилган ички душманлар бўйнига юклади.

Айни пайтда, Душанбедан 55 километр узоқликда жойлашган Ромит дарасига яширинган исёнчи генерал Абдуҳалим Назарзода гуруҳини қидириб топиш амалиётлари давом этмоқда.

Ромит дараси тоғлар орасида жойлашгани учун ҳам, исёнчилар гуруҳини қидириш ишлар оғир бораётгани айтилади.

Тожикистондаги 1992-97 йиллардаги фуқаролик уруши йилларида Ромит дараси тожик мухолифатининг ҳарбий аслаҳахоналари бор, узоқ йиллар тожик ҳукуматига қаршилик олиб борган минтақаларидан бири бўлган эди.

Ўша йилларда Ромит дарасида жангларда қатнашган собиқ жангариларнинг айтишларича, бу ҳудуддан тоғлар орқали, Афғонистонга, Ўзбекистонга, Қирғизистонга ўтиб кетиш йўллари бор.

Дарада оғир техника билан жанг қилиш имкони йўқ, фуқаролик уруши йилларида ҳам ҳаводан берилган зарбалар кор қилмаган эди.

Тожик генералининг нима учун қўлига қурол олиб исён қилгани ҳақида ҳозиргача аниқ бир маълумот йўқ. Абдуҳалим Назарзоданинг ўзи ҳам ҳозиргача бу ҳақда ҳеч қандай баёнот бермаган.

4 сентябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳри ва Ваҳдат туманида милиция бўлинмаларига қилинган қуролли ҳужумлар оқибатида ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги бу террорчилик ҳаракатлари бошида Мудофаа вазири ўринбосари турганини айтмоқда.​

XS
SM
MD
LG