Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2019, Тошкент вақти: 01:41

Ню Йорк суди АҚШга киритилмаётган муҳожирлар депортациясини тўхтатди


Иллинойс штатининг О'Ҳара аэропортида тунни ўтказган норозилар

АҚШ Федерал суди амалдаги виза ва қочқинлик мақоми билан борган шахсларни мамлакатга киритмай, депортация қилиш жараёнини вақтинча тўхтатишга қарор қилди. Айни пайтда, АҚШ аэропортларида аҳолиси аксар қисми мусулмон бўлган 7 давлат фуқароларини киритмаслик ҳақида президент фармонидан норозилар намойиши кучаймоқда.

28 январь куни Ню Йорк округ суди судяси Энн Донелли давлат чегарачиларига президент тақиқлаган давлатлардан амалдаги виза, қочқинлик мақоми ва АҚШга киришига рухсат берувчи ҳужжатлар билан борган шахсларни депортация қилишни тақиқлади.

Фуқаролик ҳуқуқлари бўйича АҚШ иттифоқи адвокатлари Ню Йоркдаги Жон Кеннеди аэропортида ироқлик икки шахс қўлга олиниши ортидан судга муротжаат қилгач, шундай қарор қабул қилинди.

Ню Йоркдаги Жон Кеннеди аэропорти
Ню Йоркдаги Жон Кеннеди аэропорти

Бу қарор ортидан АҚШдаги барча аэропортларда қўлга олинган 200га яқин шахснинг қўйиб юборилиши кутилмоқда.

Аммо, 29 январь куни АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги президентнинг фармони ҳозирча амалда қолаётганини билдирди.

"Президент Трампнинг фармони ўз кучида қолади - тақиқланган сайёҳлар тақиқланади ва АҚШ раҳбарияти миллий ҳамда жамоат хавфсизлиги учун зарур ҳолларда визаларни бекор қилиш ҳаққини қўллайди", дейилди агентлик тарқатган баёнотда.

Президент Трамп 7 мамлакат - Эрон, Ироқ, Ливия, Сомали, Сурия, Судан ва Яман фуқароларининг АҚШга киришини 90 кунга тақиқлади ва 3 ой ичида бу давлат фуқароларини мамлакатга киритишга доир янги кескин тартиб-қоида ишлаб чиқилишини айтди.

Президент фармони 28 январдан амалда қўллана бошлаши билан АҚШнинг йирик аэропортларида рўйхатдаги давлатлардан борган шахслар ушланмоқда ва бунга қарши норозилик намойишлари ҳам бошланиб кетди.

Лос-Анжелес халқаро аэропорти
Лос-Анжелес халқаро аэропорти

Жумладан, Ню Йоркдаги Жон Кеннеди, Ню Жерсидаги Нюарк Либерти ҳамда Портланд халқаро аэропортларида хаос юзага келди.

29 январь куни АҚШнинг жами 9 йирик шаҳрида норозилик намойишлари ўтказилиши айтилган.

Президент Трамп эса ўзи жорий қилган тақиқ муваффақиятли тарзда амалда қўлланилаётганини таъкидламоқда.

“Бу қоида жуда яхши ишлаяпти. Сиз буни аэропортларда, ҳамма жойда кўриб турибсиз", деди журналистларга президент.

Бу тақиқ ортидан Жон Кеннеди аэропортида ушланган ва иши Бруклин судигача борган икки ироқликдан бири АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базасида ишлаган, яна бири эса АҚШ собиқ ҳарбийси билан турмуш қурган шахсдир.

Бруклин суди бу икки шахсни АҚШ ҳарбий кучларига алоқадорлиги боис, ҳаёти хавф остида экани ва шунингдек, амал қилиш муддати битмаган визаси борлиги туфайли ҳибсдан озод қилишга қарор қилди.

Эндиликда, АҚШ қонунчилигига биноан, суднинг бу ҳукми прецедент ўлароқ айни вазиятга тушган барча муҳожирларга нисбатан қўлланиши мумкинлиги кутилмоқда. Аммо, ҳозирча ироқлик икки шахснинг ҳибсдан озод қилингани ҳақида маълумот йўқ.

Айни пайтда, Трампнинг бундай ҳаракати дунё давлатлари лидерлари томонидан ҳам танқид қилинмоқда.

Жумладан, Буюк Британия Бош вазири Тереза Мэй идораси 29 январь куни баёнот тарқатиб, вазирнинг бундай чекловларни маъқулламаслиги ва ўз давлати фуқароларига дахл қилган тақдирда АҚШ ҳукуматига норозлигини билдиришини маълум қилди.

Германия канцлери Ангела Меркел матбуот хизмати эса канцлер хонимнинг террорга қарши кураш "алоҳида миллат ва алоҳида динга дахлдор шахсларнинг ҳаммасини умумиятла шубҳа остига олиш амалиётини оқламаслиги"га ишонишини маълум қилди.

Айни пайтда фуқаролари тақиққа тушган Эрон Ташқи ишлар вазирлиги айни амалиётни АҚШ фуқароларига нисбатан қўллаши мумкинлиги, аммо бундан амалдаги визаси бўлган америкаликлар истисно эканини маълум қилди. Вазир Муҳаммад Жавод Зариф 28 январь куни Twitter тармоғида қолдирган баёнотида бу амалиётни "террорчилар учун муҳташам совға" деб қоралади.

Reuters агентлиги хабарига кўра, АҚШ фуқароларига нисбатан айни чекловни қўллаш чақириғи Ироқ парламентида ҳам таклиф қилинган.

XS
SM
MD
LG