Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2019, Тошкент вақти: 02:14

ХМТ: Ўзбекистон пахта теримида болалар меҳнатидан воз кечган


Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда ўтказган кузатувлари асосида ҳукумат пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатди, деган хулосага келган. ХМТ 2 феврал куни эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишни бартараф қилиш бўйича мажбуриятлари ва чора-тадбирларинининг тадбиқ этилишини мониторинг қилгани ва Жаҳон Банки томонидан қўллаб-қувватланадиган қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги ва таълим соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳаларда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари аниқланмаганлигини” маълум қилди.

“Болалар меҳнатидан фойдаланиш номаъқул эканини жамиятнинг барча қатламлари: ҳукумат, ўқитувчилар, мутахассислар, фермерлар, ота-оналар ва болаларнинг ўзлари эътироф этмоқда. Ўзбекистон уюштирилган болалар меҳнатидан босқичма-босқич воз кечди”, - дейилади Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоботида.

Мазкур ҳисобот 2016 йил сентябр-октябр ойларида Ўзбекистондаги пахта йиғим-терим мавсумида ташкилот ўтказган мониторингга асосланади.

ХМТ ҳисоботида таъкидланишича, айрим тоифадаги кишилар, хусусан талабалар, таълим ва тиббиёт муассасалари ходимлари ҳамда давлат ташкилотлари ходимлари учун мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатлари хавфи сақланиб қолмоқда.

Мониторинг, хусусан, катталар орасида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш хавфини бартараф қилиш учун қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилиши керак деган хулосага келди ва бу каби хавф борлигини Ўзбекистон ҳукумати эътироф этганини таъкидлади.

Уюштирилган болалар меҳнатидан фойдаланиш амалда тугатилган бўлсада, Жаҳон Банки ва Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш, айниқса 16-17 ёшдаги талабалар ўртасида, ҳолатларини олдини олиш чора-тадбирларининг доимий амал қилишини таъминлаш учун ҳушёрлик даражасини оширишни тавсия қилишади.

Озодликка гапирган маҳаллий кузатувчиларга кўра, 2016 йилги пахта мавсумида Ўзбекистон ҳукумати 18 ёшга етмаган талабаларни пахта йиғим-теримига жалб қилмаган эса-да, уларнинг ўрнига юз минглаб бюджет ходимлари далаларга олиб чиқилган.

Хьюман райтс уотч ташкилоти Ўзбекистонда ҳар йили бир миллиондан ортиқ одам пахта теримига мажбуран олиб чиқилиши, врачлар ва ҳамширалар шифохоналардан, талабалар олийгоҳлардан олиб кетилиши ҳоллари Ўзбекистонда ҳар йили такрорланишини айтиб келади.

Дунёдаги юздан зиёд кийим-кечак ишлаб чиқарувчи ширкат Ўзбекистонда мажбурий меҳнатдан фойдаланилиши сабаб бу давлат пахтасини сотиб олишдан воз кечганини билдирган.

XS
SM
MD
LG