Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:46

Референдумда ғалаба қозонган Эрдўғон янги стратегия тузишни бошлаб юборди


Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 16 апрель куни ўтказилган референдум ортидан қабул олинган ўзгаришларни татбиқ этиш стратегияси тузишни бошлаб юборди. Мухолифат вакиллари эса президент ваколатларини оширган референдум ноқонуний эканлигини айтишмоқда.

Марказий сайлов комиссияси 16 апрель куни кеч сайловчиларнинг 51 фоиздан кўпроғи конституцияга киритилиши таклиф қилинаётган 18 та ўзгартишни қўллаб овоз берганини билдирди.

Мазкур ўзгартишлар ортидан Туркия парламент республикасидан президент бошқарувидаги давлатга айланади ва президент Эрдўғон 2029 йилгача ҳокимиятда қолиш имкониятига эга бўлади.

Марказий сайлов комиссияси овозларнинг 99 фоизи санаб бўлинганидан кейин, 24,9 миллион одам ўзгаришларни қўллаб, 23,6 миллион одам эса қарши овоз бергани маълум бўлганини эълон қилди. Референдум натижалари расман 11-12 кундан сўнг эълон қилиниши кутилмоқда.

16 апрель куни кеч Эрдўғон: “Барча фуқароларимизга – қандай овоз берганалридан қаъти назар – сайлов участкаларига бориб, ўз миллий хоҳишларини ҳимоя қилиш учун овоз берганлари учун раҳмат айтаман. Бутун мамлакат ғалаб қозонди”, деди.

Президент ўзгаришларни ўлим жазосини қайта тиклашдан бошлашини айтди. Бу ҳаракат Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишига автоматик равишда тўсиқ қўяди. Мамлакатда ўлим жазоси 2004 йил бекор қилинган эди.

Ғарб мамлакатлари референдум президентга ҳаддан ташқари кўп ваколат беришини айтиб, хавотир билдирмоқда.

Эрдўғон тарафдорлари бу ўзгаришлар мамлакатда барқарорликни таъминлаш учун муҳим эканлигига ишонадилар. Туркия шарқида курд сепаратчиларининг исёнлари ва қўшни Суриядан минглаб қочқин келгани мамлакатни беқарорлаштирмоқда.

Туркия мухолифатидаги Республика халқ партияси (CHP) овозларнинг 60 фоизини қайта санаб чиқилишини талаб қилаётир. Мухолифатга кўра, сайлов натижалари сохталаштирилган бўлиши мумкин.

Республика халқ партияси сайлов расмийларини қандай бюллетенлар ҳисобга олиниши ҳақидаги қонунни жуда кеч ўзгартиргани учун танқид қилди.

Янқи қонунга кўра, ташқаридан олиб келингани исботланмаса, муҳрланмаган сайлов қоғозлари ҳам ҳисобга олинади. Республика халқ партияси эса бу ўзгариш сайлов натижаларини сохталаштиришга замин яратишини айтмоқда.

Партия етакчиси Камол Қиличдорўғли ўз партияси рефендум натижаларини тан олмаслигини таъкидлаб, “Мазкур референдум ҳақиқатни юзага чиқарди – одамларнинг камида 50 фоизи “йўқ” деб жавоб берди”, деди.

Бу орада Туркиянинг курдларни қўлловчи Халқ демократик партияси (HDP) сайлов қоғозларининг учдан икки қисмини қайта кўриб чиқишга чақиришини билдирди. Партияга кўра, берилган овозларнинг 3-4 фоизи “манипуляция қилинган”.

Европа комиссияси референдум натижалари билан танишганини ҳамда содир бўлгани айтилаётган қонунбузарликлар ҳақида Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчиларининг ҳисиботини кутаётганини билдирди.

Конституцияга киритилиши таклиф қилинган 18 та ўзгариш туфайли Туркия парламенти аксар ваколатларидан айрилиши, ҳозирга мақомдаги бош вазир лавозими тугатилиши, айни пайтда президент Адлия тизими бошқарувида ҳам асосий ваколатларга эга бўлиши мумкин.

Референдумдан олдин Туркиянинг Европа билан муносабатлари Германия ва Нидерландия каби давлатларда яшовчи туркларга референдум юзасидан ташвиқот митинглари ўтказишга рухсат берилмагани туфайли ёмонлашган эди.

XS
SM
MD
LG