Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:57

Ўзбекистон элчихоналари Комиловга савол берувчиларни тайёрламоқда


Абдулазиз Комилов
Абдулазиз Комилов

Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги айрим элчихоналари ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан 5 июлда бўладиган илк "жонли мулоқот" чоғида олдиндан келишилган саволларни берадиган одамларни тайёрламоқда. Озодлик ўз суриштирувида Ўзбекистоннинг камида учта - Туркия, Малайзия ва Япония ваколатхоналарида Комиловга савол берадиган талабалар билан "репетиция" ўтказилганини аниқлади.

"..цирк бўларкан"

Японияда ўқийдиган, исми сир қолишини истаган ўзбекистонлик талабанинг Озодликка айтишича, Ўзбекистоннинг Токиодаги элчихонаси шу кунларда Комиловга савол берадиганлар билан суҳбатлар ўтказмоқда.

"Элчихона савол-жавобга одам танлаяпти, цирк бўларкан. Ўртоғим чиқади, Япониядан, эслаб қолинглар, хато бўлса айтасизлар, ОВИР ҳақида савол беради. Элчихонага чақиришибди, саволни ҳам тайёрлаб беришаркан, хуллас Комилов билан мулоқот цирк бўларкан", - деди Японияда таълим олаётган талаба.

Озодлик Ўзбекистоннинг яна камида учта ваколатхонасида Комилов билан бўладиган "жонли мулоқот"да олдиндан тасдиқланган саволларни берадиганлар билан "репетициялар" ўтказилганини аниқлади.

Туркияда яшовчи ўзбекистонликлардан бири шундай суҳбат 20 июн куни Истанбулдаги Ўзбекистон Консулхонасида ўтказилганини айтди.

"Ўша куни Туркия билан прямой линия ташкил қилинар экан. Шунга вазирга берилиши лозим бўлган барча саволлар олдиндан элчихона билан келишилган ҳолда бўлиши керак дейишди. Биздан асосан одам савдоси бўйича саволлар бўлади", - деди исми очиқланмаслигини истаган ўзбекистонлик.

"Очиқ мулоқот"

Лекин, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати мулозими элчихоналар мулоқот учун олдиндан савол тайёрлаб уларни учинчи шахслар орқали вазирга беришга уринаётганини рад этди.

- Бу бўлмаган гап. Мулоқотда ҳамма тўғридан-тўғри савол бериши мумкин. Агар тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконига эга бўлмаса саволни матн шаклида ёки аудио ва видео кўринишда вазирнинг виртуал қабулхонасига, muloqot@tiv.uz расмий электрон манзилига, тўғридан-тўғри жўнатиши мумкин. Вазирликнинг Facebook тармоғидаги саҳифаси ва Telegram тармоғидаги канали орқали ҳам савол беришлари мумкин. Бу ҳамма учун очиқ мулоқот бўлади. Лекин, исм ва манзили нонмаълум бўлган шахсларнинг, одобсизлик мазмунида битилган мантиқсиз ва маъносиз саволлар кўриб чиқилмайди, - деди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Озодлик суҳбатлашган мулозими.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"даги топшириқлари доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 5 июл куни Ўзбекистондаги ва хориждаги ҳамюртлари билан мулоқот ўтказади ва уларнинг саволларига жавоб беради.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари билан илк онлайн мулоқот Тошкент вақти билан соат 14:00 дан 16:00 га қадар ўтказилади.

Видеоконференция шаклида бўлиб ўтадиган тадбирда Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари ва бош консулхоналари раҳбарлари иштирок этади.

Бундан аввал Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов апрел ойида мамлакатда аккредитациядан ўтган хорижий журналистлар иштирокида Тошкентда ўтказилган халқаро пресс клубнинг матбуот йиғинида Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан бирга спикер сифатида иштирок этганди.

XS
SM
MD
LG