Линклар

Шошилинч хабар
17 май 2024, Тошкент вақти: 14:44

Пилла режасини бажармаган фермерларга ерини тортиб олиш билан таҳдид қилиняпти


Жорий йилда тут барги тақчиллиги боис айрим фермерлар пилла режасини бажара олмади. Фарғона, Жиззах, Наманган вилоятларида ишлаётган фермерларнинг Озодликка айтишича, туман ҳокимлари режани бажармаган фермерлардан топширилмаган пилла ўрнига пул талаб қилмоқда, акс ҳолда ерини тортиб олиш билан таҳдид қилаяпти.

“Ипак қурти очликдан ўлди”

Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги фермер йигит 40 грамм ипак қурти олган ва 120 кило пилла топшириши лозим эди.

Бироқ фермернинг айтишича, ипак қуртлари очликдан ўлиб қолгани боис атиги 15 кило пилла топширган холос:

“Бу йил тут барги бўлмади. Қуртларимиз очлликдан ўлиб қолди. Тумандаги кўпчилик фермернинг қурти барг йўқлиги боис очликдан ўлиб қолди. Туман ҳокими ва пиллахона мудири фермерларга топширилмаган пилланинг килоси учун 20 минг сўмдан пул беришга мажбурлашди. Ҳоким “Пул бермаганнинг ерини оламан” деб дўқ қилди. Қўрққанидан ҳамма фермер пул бераяпти. Мен ўзим 2 миллион 80 минг сўм пул бердим”, деди фарғоналик фермер.

“Пилланинг килосига 40 минг сўмдан пул талаб қилишди”

Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида яшовчи фермер йигитнинг Озодликка айтишича, 25 грамм ипак қурти олган ва 99 кило пилла топшириши лозим эди.

Бироқ фермер йигитга кўра, тут барги тақчиллиги муаммоси боис ипак қуртлари ўлиб қолган ва белгиланган режани бажара олмаган:

“Ҳокимликдаги йиғилишда пилла режасини бажармаган фермерлардан килосига 40 минг сўмдан пул талаб қилишди. Пул бермаганларнинг ери олиб қўйилишини айтишди. Қўрққанимдан пул бердим. 4 миллион сўм пул бердим”, дейди жиззахлик фермер йигит.

Жиззахнинг Зафаробод туманидаги пилла қабул қилиш жойи
Жиззахнинг Зафаробод туманидаги пилла қабул қилиш жойи

“Пилла режасини бажармаганларни уришаяпти”

Наманган вилояти Чортоқ туманида жорий йилда 135 тонна пилла етиштирилишии лозим. Туман расмийларидан олинган маълумотга кўра, ҳозирча фақат 67 тонна пилла топширилган.

Чортоқлик фермерга кўра, туман ҳокими пилла режасини бажармаган фермерларга босим қилаяпти:

“Ҳар куни пилла планини бажармаган фермерларни йиғилишга чақириб, кечаси билан тик тургизиб, сўкиб, планни бажаришга мажбурлаяпти. “Бажара олмайман” деган фермерларни куч ишлатиб уряпти. “Бажармасанг, ёз аризангни” деб куракда турмайдиган ёмон гаплар билан ҳақарот қилаяпти. Аёл фермерлар қочишга жой тополмайди. Ҳоким фермерларни хоҳлаганича ҳақорат қилиши адолатданми?, деди чортоқлик фермер.

Озодлик юқоридаги туманлар ҳокимликлари билан боғланганида фермерлардан пилла режасини бажариш талаб қилинаётганини тасдиқлашди.

Жумладан, Чортоқ тумани ҳокимлиги расмийси пилла режасини бажармаган фермерларга ерини тортиб олиш билан таҳдид қилинганини ҳам тасдиқлади.

Тут барги муаммоси

Йиллар давомида табиий газ тақчиллиги боис мамлакатдаги тут дарахтлари ўтинга айлангани ва бугунги кунда тут барги етишмовчилиги кузатилаётгани маълум.

Фермерлар қўшни туманлар, ҳатто қўшни мамлакатларга бориб тут барги сотиб олишга мажбур қолишди. Жумладан, Чортоқ тумани ҳокимлиги расмийсидан олинган маълумотга кўра, Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Олабуқа туманидан тут барги олиб келинган.

Озодлик суҳбатлашган фермерларга кўра, жорий йилда ипак қурти аввалги йилларга нисбатан кўпроқ берилгани боис улар тут барги етишмовчилигига дуч келишган:

"Тут баргига яраша қурт бермайдими? Тут баргини Уйчидан, Тўрақўрғондан нақд пулга сотиб олиб келдик. Барг етишмовчилиги боис деярли ҳамма фермерлар пилла режасини бажара олмади”, деди чортоқлик фермер.

Шунингдек, Жиззахнинг Зафаробод туманидаги фермерлар тут барги зарарлангани боис муаммога юз тутишганини айтишди:

"Ғўза ва ғаллага тушадиган ҳашаротларга қарши қандайдир дори сепишган. Шундан тут барглари зарарланган. Биз билмасдан зарарланган баргни қуртларга берганмиз. Ҳаммаси ўлиб қолди. Битта мен эмас жуда кўп фермернинг ипак қурти ўлиб қолди", деди жиззахлик фермер.

Озодлик тут барги излаган фермерлар дуч келган муаммолар ҳақида аввал ҳам ёритган: Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида яшовчи, ипак қурти боқаётган тўрт фермер тут барги етишмовчилиги боис барг излаб Мирзаобод туманига борганида¸ милиция ходимлари томонидан калтакланганди.

Сирдарëда тут барги излаб борган фермерлар милиция бошлиғи томонидан калтакланган куни олинган сурат.
Сирдарëда тут барги излаб борган фермерлар милиция бошлиғи томонидан калтакланган куни олинган сурат.

Пилла етиштиришни ошириш режаси

2017 йилда 12 минг 450 тонна пилла етиштирилди. Бироқ бу рақам Ўзбекистон учун кам экани таъкидланиб, ўтган йили президент Мирзиёев 2021 йилгача Ўзбекистонда пилла етиштириш ҳажмини 50 фоизга кўпайтириш ҳақидаги махсус фармонни имзолади.

Ушбу фармондан келиб чиқиб, жорий йилда уч мавсумда ипак қурти боқиш белгиланган бўлиб, баҳорги мавсумда 18 минг тонна пилла топшириш режаланган.

Озодлик пилла етиштириш бўйича масъул ташкилот – Ўзбекипаксаноат уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Шавкат Очилов билан боғланди.

Очилов мажлисда эканини, бироз кейин қўнғироқ қилишимизни айтди. Бироқ кейинги қўнғироқларимизга умуман жавоб бўлмади.

Расмий маълумотга кўра, дунё бўйича Ўзбекистон ипак толаси ишлаб чиқариш бўйича Хитой ва Ҳиндистондан кейин 3-ўринни эгаллайди, аҳоли жон бошига пилла ишлаб чиқариш бўйича эса дунёда 1-ўринда.

XS
SM
MD
LG