Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:20

Шахсий машинада вилоятлараро қатновга 1 сентябргача рухсат берилмайди


Махсус комиссиянинг 30 май куни эълон қилинган қарори билан 1 сентябргача шахсий автотранспорт воситаларининг вилоятлараро ҳаракатланишига рухсат берилмайдиган бўлди.

Бунда Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқиш мустасно қилинди.

Махсус комиссиянинг Ўзбекистонда карантин муддатини 15 июнга қадар узайтириш ҳамда айрим ҳудудларда карантин чораларини кучайтириш қарори шу йилнинг 26 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишидан сўнг қабул қилинди.

Ушбу йиғилишда президент Ш. Мирзиёев кейинги кунларда аксарият ҳудуд ва корхона раҳбарлари, фуқаролар карантин чораларининг юмшатилганини “касаллик тугади” деб, нотўғри қабул қилаётгани ҳақида гапирди.

Президент, айниқса, бозорлар, савдо комплекслари, банкларда ижтимоий масофага амал қилмаслик, кўча-кўйда тиббий ниқоб тақмаслик ҳолатлари кўпаяётгани ҳамда бундай салбий ҳолатлар касалликни аниқлаш, олдини олиш ва даволаш учун қилинаётган барча ҳаракатларни йўққа чиқариши мумкин, деб танқид қилганди.

Сўнгги бир ҳафта ичида коронавирусга чалинган янги шахсларнинг аҳоли орасидан аниқланиш ҳоллари кўпаймоқда.

Расмий баёнотлардан маълум бўлишича, вирус Самарқанд, Навоий, Бухоро, Наманган ва Тошкент шаҳарларида аҳоли орасидан аниқланмоқда.

31 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда инфекцияга чалинганлар сони 3584, тузалганлар 3 минг кишига яқин, 14 бемор вафот этди.

Ўзбекистонда карантин муддати 15 июнгача узайтирилди. Мамлакат бўйлаб ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш, дезинфекция мажбурий бўлиб қолмоқда.

Дунёда эса вирус юқтирганлар расмий сони 6 миллион 80 мингдан ошди, ўлганлар сони эса 369 мингдан ошиқ, тузалганлар 2 миллион 575 мингдан ошиқ.

XS
SM
MD
LG