Линклар

Шошилинч хабар
17 май 2024, Тошкент вақти: 10:12

Сирдарёлик уста: "Ниқоб тақмаганим учун ИИБ полковниги уриб қовурғамни синдирди"


Uzbek banner - Open-microphone
Uzbek banner - Open-microphone

Сирдарёнинг Гулистон шаҳрида яшовчи 41 ёшли Ўткир Бобораҳимов шаҳар Ички ишлар бўлими зобити уни дўппослаганидан сўнг шифохонага тушиб қолганини OzodMikrofonга арз қилди.

Пайвандчи уста Бобораҳимов иддаосича, Гулистон шаҳрининг 4-мавзесида полковник унвонидаги милиция зобити уни 2 июнь куни йўлда ниқобсиз сигарет чекиб кетаётгани учун тўхтатиб калтаклаган.

Калтакланиш оқибатида Бобораҳимовнинг икки қовурғаси синган. У қовурғаси синганини тасдиқловчи тиббий ҳужжатларни Озодликка тақдим этди.

Ўткир Бобораҳимовнинг OzodMikrofonга айтишича, 2 июнь куни у ишдан уйига қайтаётганида полковник унвонидаги милиция зобити йўлда тўхтатиб, "ниқобсиз юрганлик"да айблаб, дўппослаган.

- Мен сваршикман. Ўша куни шаҳарнинг 4-мавзесидаги нафақахўр аёлнинг уйида ишлаб, сигарет чекиб қайтаётгандим. Маскам бор, лекин пастга туширилган эди. Полковник унвонидаги милиция офицери, "тўхта, нега сигарет чекасан, нима қилиб юрибсан маскасиз", деб қўлида қаттиқ жисм билан урди. Кастет бўлса керак. Кейин участка нозирига телефон қилди-да "мана бу болани ёпиб қўй" деди. Кейин участковой келди. Мени отделга олиб кетди. Сал вақт ўтиб, мени ишлатган аёлнинг қизи, полковникка телефон қилди. Кейин қўйворишди, - дейди Бобораҳимов.

Эртаси куни баданидаги оғриққа чидай олмаган Ўткир Бобораҳимов, айтишича, Гулистон шаҳридаги вилоят шифохонасига борган.

- У ерда аҳволимга қараб, "заявление ёзсанг қабул қиламиз" деди. Кейин ариза ёздим. Шу пайт больницага ҳалиги полковник келди. "Бошингга папка билан урганга ҳам ариза ёздингми" деди. Кейин полковник врачлар билан гаплашди. Менга йиртиқ қозғозга маз рецептини ёзиб берди. "Мана шуни суртиб турсанг яхши бўлиб кетади", деб чиқарворди. Яхши бўлмади. Кейин онам билан Гулистондаги "Шифобахш" ҳусусий клиникасига бордик. У ерда икки қовурғам синганини аниқлашди. Шундан сўнг вилоят прокуратурасига калтакланганим, оқибатида икки қовурғам сингани ҳақида шикоят киритдим, - дейди Бобораҳимов.

Калтакланиш оқибатда икки қовурғаси синганини тасдиқловчи тиббий ҳужжатларни Бобораҳимов Озодликка тақдим этди.

Шифобахш" ҳусусий клиникаси врачлари берган хулосада Ўткир Бобораҳимовнинг кўкрак қафасида жароҳат белгилари борлиги, иккита қовурғаси уст қопламасидан чиқиб кетмаган холда сингани айтилган.

Гулистон шаҳридаги "Шифобахш" клиникасида Ўткир Бобораҳимовнинг кўкрак қафаси текширувдан ўтказилганида, икки қовурғаси сингани аниқланган.
Гулистон шаҳридаги "Шифобахш" клиникасида Ўткир Бобораҳимовнинг кўкрак қафаси текширувдан ўтказилганида, икки қовурғаси сингани аниқланган.

Ўткир Бобораҳимов калтаклангани ҳақида шаҳар прокуратурасига сўроққа чақиртирилганини ҳам айтди.

- "Ўзингдан айб ўтгандирда" деди мени сўроқ қилган терговчи. Қоғозга қўл қўйдириб олди. Кейин "участка нозиридан қарор олиб кел" деди. Участка нозирига борсам "шуни келишайлик, дори-дармонинг билан ёрдам берамиз, бости-бости қилайлик, аризангни қайтиб ол", деб мендан илтимос қилди. "Сизлар нега мендан буни сўраяпсизлар, сизлар мени урмагансизларку", десам "Шу полковник илтимос қилди шуни биз орқали", деди. Онам кўнмади. "Бугун менинг боламни урса эртага бошқани боласини уради", деб ҳамма ҳужжатларни шаҳар прокуратурасига олиб бориб бердик. Ҳозирча жим-жит, - дейди Ўткир Бобораҳимов.

Озодлик Бобораҳимов иддаоси юзасидан Сирдарё вилоят Ички ишлар бошқармасига телефон қилди.

Милиция навбатчиси Озодлик мухбири саволини эшитгач, бошлиғи билан қисқа маслаҳатлашувдан сўнг телефонни қўйиб қўйди.

Сирдарё вилояти прокуратурасига қилинган Озодлик қўнғироқлари ҳам бесамар бўлди.

ИИБ ходимлари карантин қоидаларини бузган фуқароларга куч қўллаши билан боғлиқ холатлар фақат шу эмас.

Жорий ҳафта бошида сурхондарёлик тадбиркор Довар Жўрақулов Озодлик карантин қоидаларини назорат қилиб юрган Миллий гвардия ҳарбийлари уни бўғиб, хушидан кеткизишгани ҳақида айтган эди.

Гулистондаги бу холат Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг вазирлик тизимдаги зўравонликка барҳам беролмаётгани ҳақида норозиликлар кучайган пайтда ўртага чиқмоқда.

Ўтган ҳафта Андижонда ИИБ ходимлари 33 ёшли фуқарога куч қўллагани ва оқибатда 11 кун беҳуш, кома ҳолатда ётиб, сўнгра 11 июнь куни ҳаётдан кўз юмгани ижтимоий тармоқларни ларзага солганди.

Ижтимоий тармоқларда Пўлат Бобожонов истеъфоси ва вазирликни қайтадан ташкил қилиш талаб қилинмоқда.

Олий мажлис депутати Расул Кушербаев ҳам Ички ишлар вазири Бобожоновнинг истеъфосини талаб қилди, кейин "Адолат" партиясидан депутат Гулруҳ Агзамова Ички ишлар вазирлигини тугатиш таклифини билдирди.

2018 йил октябрь ойида Озодлик радиоси Бухорода милиция зобити мардикорни уриб қовурғасини синдиргани ҳақда хабар берганди.

Мазкур холат бўйича Бухоро тумани жамоат тартибини сақлаш батальони сафдори Жамшид Рамазоновга нисбатан 2018 йил, 29 октябр куни Ўзбекистон ЖКнинг 206-моддаси 1-қисми ("Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш") билан жиноят иши қўзғатилганди.

XS
SM
MD
LG