Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2020, Тошкент вақти: 03:42

Президент томорқа ерлари ҳақида қарор чиқарди. Танқидчилар уни "янги монополистнинг туғилиши" деб атади


Ҳукуматнинг апрель ойидаги қароридан сўнг аҳоли томорқа ерларига қачон¸ нима экишни назорат қилиш солиқ ва ИИБ ходимларига юклатилди.

1 июль куни президент Шавкат Мирзиëев “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланган қарор чиқарди.

Қарор¸ мамлакатдаги 4¸5 миллиондан ортиқ деҳқон ва томорқа ер эгалари фаолиятини хусусий корхоналарнинг ягона тармоғи - “Томорқа хизмати” МЧЖларига бириктиришни кўзда тутади.

Президент қарори билан ажратиладиган имтиëзли кредит олиш ва бошқа субсидиялардан фойдаланмоқчи бўлган томорқа хўжаликлари айнан “Томорқа хўжалиги” МЧЖси билан ишлаши лозим бўлади.

Бу қарор ижроси учун масъул этиб тайинланган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассиси¸ ундан мақсад аҳолининг ўз томорқа еридан самарали фойдаланишига имкон бериш орқали камбағалликни камайтириш эканини иддао қилди.

Озодлик гаплашган деҳқон ва фермерлар эса¸ бу қарорнинг томорқа ерлари устидан монополия ўрнатиш¸ қишлоқ хўжалигининг ҳозирча давлат тўлиқ назоратидан четда қолиб келган қисмини ҳам “советча колхозлаштириш” тизимига қайтариш уриниши сифатида баҳолади.

Қарор нима ҳақда?

Шавкат Мирзиëевнинг 1 июль куни имзоланган қарори¸ номининг иддао қилишича¸ аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишни мақсад қилган.

Мирзиëев ҳокимиятга келгандан бери Тошкент ҳукумати айнан томорқа ерлари самарадорлиги ошириш ҳақида ҳозирга қадар бир неча марта қарор чиқарган.

Янги қарорнинг олдингиларидан асосий фарқи¸ унда хусусий “Томорқа хўжалиги” МЧЖларига бериб келинаëтган имтиëзларнинг янадада кенгайганидир.

Қарор бошидаëқ унинг “Томорқа хизмати” МЧЖ моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, фаолиятини янада кенгайтириш ва аҳоли томорқаларини хизматлари билан қамраб олиш даражасини ошириш, шунингдек, маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятларини янада кўпайтириш мақсадида” қабул қилингани айтилган.

Шу мақсадда¸ ҳокимликлар “Томорқа хўжалиги” МЧЖларига “иссиқхона, совутгичли омборхоналар, чорвачилик мажмуалари қуриш учун асосланган ҳисоб-китобларга (бу ҳисоб-китобнинг қандай асосланишига ойдинлик киритилмаган – таҳр.) мувофиқ ер майдонлари ажратади.

Марказий деҳқон бозорларида бу МЧЖлар учун алоҳида жойлар¸ Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан имтиëзли кредит¸ Инқирозга қарши курашиш жамғармаси томонидан эса¸ субсидиялар ажратилади.

Бундай қарорга қандай эҳтиëж бор?

Аҳоли томорқа ерларидан самарали фойдаланиш ҳақида жорий йил апрелида Бош вазир Абдулла Арипов ҳам қарор чиқарган эди.

Бу қарордан сўнг¸ Ўзбекистон бўйлаб аҳоли томорқа ерларига нима экиш¸ қачон экиш устидан назорат солиқ ва ички ишлар тизимига топширилди. Озодликка келган хабарларга кўра¸ қарор муносабати билан жойларда маҳалла фаоллари ва ўқитувчилар уйма-уй юриб¸ одамларга нимани¸ қачон ва қандай экишни ўргатишга киришди.

Орадан икки ой ўтиб¸ айни мақсадда президент қарори чиқаришга нима эҳтиëж бор¸ деган саволларга жавоб олиш мақсадида Озодлик қарор ижроси учун масъул этилган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассиси билан суҳбатлашди.

“Томорқа хизмати” МЧЖлари фаолиятини ташкил этишга масъуллардан бири шахсини очиқламасдан Озодлик саволларига жавоб берди.

Мулозимга кўра¸ ҳозиргача чиққан қарорларга қарамай¸ аҳоли қўлидаги томорқа ерларидан фойдаланиш самараси ошмаган ва янги қарор бу самарадорликни ошириш учун кенг тармоқли тизим жорий қилишни кўзда тутади.

Ўзбекистонда 15-20 сотихлик томорқасини ўт босиб ëтган хўжаликлар кўп (мулозим улар аниқ ҳажмига оид рақам келтиришни истамади – таҳр.). Дейлик¸ жуда кўп оилаларда эркаклар Россияга кетиб қолган¸ аëллар эса¸ боласи¸ рўзғоридан ортиб¸ ерга қарамай қўйган. Президент қароридан кейин ана шундай оилаларга 2 миллион сўм имтиëзли кредит берилади¸ жойлардаги “Томорқа хўжалиги” МЧЖлари уларга уруғлик ва ниҳолларни етказиб беради¸ парваришлашга керак ўғит ва маслаҳатларни беради¸ ҳосил тайëр бўлганда¸ уни сотиб олиб¸ пулини беради. Шу йўл билан ҳам одамлар томорқа ерида иш билан таъминланади¸ ҳам қўлига пул тушади ва камбағаллик камаяди. Айни пайтда¸ озиқ-овқат хавфсизлиги ва экспорт масалалари ҳам ҳал этилади”¸ деди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассиси.

Расмий маълумотга кўра¸ Ўзбекистонда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари сони 4¸5 миллиондан ортиқ. 2020 йилга келиб¸ улар қўлида жами 434 минг гектар экин ери бор. Бу йил ҳукумат ана шу ерлардан 10¸5 миллион тонна ҳосил олишни режалаган. Бундай режанинг ўзи¸ кузатувчилар таъкидича¸ томорқа ерлари устидан ҳукумат назорати ўрнатилаëтгани тасдиғидир.

Президент қарори билан мамлакат бўйлаб томорқа ерларига хизмат кўрсатувчи деярли ягона тизимга айланган “Томорқа хизмати” МЧЖсининг жойлардаги корхоналари 2020 йил 1 июлига қадар 314 тага етган.

Ҳар битта “Томорқа хизмати” МЧЖсига 14 331 та томорқа эгаси ëки 1382 гектар ер майдони тўғри келмоқда. Бу етмайди. Қарордан кейин¸ бундай корхоналар сони кўпаяди”¸ деди фермерлар кенгаши мулозими.

Президент қарорига изоҳ берган маҳаллий матбуотга кўра¸ “Томорқа хизмати” корхоналари негизида 25 та томорқа кластери тузилади¸ улар 165 миллиард сўмлик (маблағ давлат томонидан ажратилади -таҳр) лойиҳани амалга оширилади¸ уларга 240 минг хонадон бириктирилади¸ 800 та иш ўрни яратилади¸ йилига 12 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади. Расмийларга кўра¸ айнан қайси МЧЖларнинг томорқа кластерига айланиши¸ ҳокимликлар томонидан танлаб бўлинган.

Қарор танқидчилари нима дейди?

Озодлик президентнинг томорқа ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида “Томорқа хўжалиги” МЧЖлари фаолиятини давлат маблағи эвазига кенгайтиришга оид президент қарорига муносабат билдиришни сўраб ўзбекистонлик икки фермер-мутахассисга мурожаат қилди.

Қарор билан танишиб чиққан андижонлик тадбиркор ва фермер Рустам Усмонов¸ уни қишлоқ хўжалигини маъмурий-буйруқбозлик бошқарувидан чиқариш эмас¸ аксинча¸ бу бошқарувни янада кучайтириш уриниши сифатида баҳолади.

- Ўзбекистонда¸ айтилаëтган гаплар ва ваъдаларга қарамай¸ қишлоқ хўжалиги устидан давлат назорати камаймаяпти¸ аксинча. Кейинги пайтларда¸ самарадорликни оширамиз¸ ишлаб чиқариш ва экспортни кенгайтирамиз¸ деган иддаолар билан давлат назорати янада кучайди. Фермерлар ичида даромад кўриб¸ бойиëтгани жуда кам¸ кўпчилиги зўрға кун кўряпти. Чунки мустақиллик йўқ. Нима экиш¸ қанча ҳосил етказиш¸ уни кимга¸ қанчага сотиш¸ ҳаммасини ҳокимлик¸ ҳукумат ҳал қиляпти. Қишлоқ хўжалигида ислоҳот бўлишга халал берадиган ниҳоятда кўп сонли ва кучли ўрта бўғин ўтирипти. Бу ниҳоятда коррупциялашган бошқарув. Ерни кимга беришдан¸ кимга қанча режа белгилашгача ҳаммасига пора аралашган. Президентнинг янги қарори ижро давомида ана шу коррупциялашган бўғинга яна бир кормушкага айланади. Томорқа кластерини қўллаб-қувватлаш баҳонасида президент қарорини ушлаб олиб¸ энг яхши¸ ҳосилдор ерларни деҳқондан тортиб олиб¸ ë ўзларига олишади¸ ëки уни сотишади¸ дейди Рустам Усмонов.

Бухоролик фермер Шуҳрат Раззоқов ҳам томорқа ерлари самарадорлигини ошириш ҳақида президент чиқарган қарор¸ унда ëзилган мақсаднинг яхшилигига қарамай¸ амалда оддий халқ қўлида қолган сўнгги тирикчилик манбаи – томорқа ерларини “томорқа кластерлари”га айланаëтган “Томорқа хўжалиги” МЖЧига олиб бериш воситасига айланишидан хавотир билдирди.

- Бу қарор томорқа ерларини назоратига оладиган яна бир қудратли монопилист туғилишига хизмат қилади. Сабаби оддий. Томорқа ер эгасига гўë имтиëзли кредит берилади¸ уруғлик учун¸ минерал ўғит ва бошқалар учун. Лекин бу кредитдан фақат “Томорқа химати” МЧЖси орқали фойдаланиш мумкин. Бу МЧЖ эса уруғлик ва ўғитни қиммат-қиëматга ўтказади¸ эртага ҳосил тайëр бўлса¸ уни ë олмайди¸ ëки бозордан бир неча баравар арзонга олади.

"Томорқа хизмати" МЧЖси Бош вазир Абдулла Ариповнинг 2018 йил 7 июнь кунги қарори билан таъсис этилган.

Бу қарорда ëзилишича¸ бу МЧЖ Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағи ҳисобига тузилган.

"Мустақил юридик шахс" бўлган жамғарма маблағи эса¸ Озодлик гаплашган мутахассисларга кўра¸ фермер ва деҳқон хўжаликлари йиллик даромадидан олинадиган 0¸8 фоизлик бадал ҳисобига шаклланади.

Озодлик гаплашган Фермерлар кенгаши мулозими¸ "Томорқа хўжалиги" МЧЖсининг давлат улуши бўлмаган "хусусий тадбиркорлик субъекти" эканини таъкидлади.

Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик фермерлар¸ ҳукумат ва президент махсус қарорлари билан ниҳоятда улкан маблағ ва имтиëз берилаëтган бу МЧЖлар тизимининг ҳокимият тепасидаги гуруҳлар манфаати учун тузилгани ва хизмат қилаëтганини иддао қилди.

Фермер ва деҳқонга нима керак?

Озодлик билан суҳбатда иккала фермер алоҳида олинган МЧЖ ва кластерларга давлат ҳисобидан улкан маблағ ва кредитлар ажратиш билан умумиятла қишлоқ хўжалиги¸ хусусан эса¸ томорқа хўжаликлари самарадорлигини ошириб бўлмаслигини таъкидлади.

Рустам Усмонов¸ қишлоқ хўжалигини эркинлаштириш¸ фермер ва деҳқонга эркинлик бериш энг долзарб вазифа эканини айтса¸ Шуҳрат Раззоқов¸ қишлоқ хўжалигида бозор муносабатлари шаклланиши учун эркин кредит сиëсатини йўлга қўйиш лозимлигини таъкидлади.

- Эркин кредит сиëсати бўлиши керак. Чегараларни очиш керак. Монополистларга барҳам бериш керак. Ўзбекистонда помидорни ким Европага сотади¸ гилосни ким сотади¸ ҳаммаси монополия. Оддий деҳқон ëки фермерда бу монополистлар билан рақобат қилишга на молиявий куч¸ на имтиëз бор. Президентнинг томорқачилик кластерлари яратиш ҳақидаги қарори¸ томорқачиликда ҳам монополист туғилишига олиб келади. “Томорқа хўжалиги” МЧЖлари томорқачи монополистга айланади. Монополиядан эса ҳеч қачон оддий аҳоли бойимайди¸ аксинча. Ўзбекистондаги томорқа ерлари бу МЧЖлар орқасида турган 15-20 та олигархнинг назоратига¸ томорқа егалари эса¸ улар қўлидаги сувтекин хизматкорга айланади. Оғир меҳнатни оддий халқ қилиб¸ даромадни монополистлар кўради. Бу яна советча колхозлаштириш сиëсатини бошқа номда жорий қилиш бўлади.

Томорқа ерларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган ҳукумат чора-тадбирлари¸ хусусан¸ томорқа еридан яхши фойдаланмаганларни кескин жазолаш таклифлари жамоатчилик муҳокамасига қўйилганда¸ у жиддий танқид ва эътирозларга учраган эди.

Бу муҳокамаларда фаол қатнашган айрим мулозим ва депутатлар ҳам¸ бундай қарорларнинг қишлоқ хўжалиги бошқарувини эркинлаштириш эмас¸ тескари йўналишга бураëтганидан хавотир билдирган эди.

Хусусан¸ Адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқулов 25 май куни Facebook саҳифасида қолдирган постини “қишлоқ хўжалигига оид муҳим қонун лойиҳаларини бугунги муҳокамасида ерга бўлган мулкий ҳуқуқларни мустаҳкамлаш борасидаги либерал ғояларни ўтказа олмадик»¸ деб бошлай туриб:

- Қишлоқ хўжалигида буйруқбозлик эмас - манфаатдорлик, назорат эмас - эркинлик, ерга эгаллик ҳисси деҳқонни самарали меҳнатга ундайди. Бунга эса, ерга бўлган айрим мулкий ҳуқуқларни мустаҳкамламасдан эришиб бўлмайди”¸ деб ëзган эди.

Ўзбекистон Либерал демократик партияси вакили¸ ҳуқуқшунос Нуриддин Муродов эса¸ "томорқадан фойдаланиш аввало, манфаатдорлик, томорқа маданияти ва амалиётини ошириш ҳамда бозор механизмлари асосида шаклланади. Томорқачиликни маъмурий жазо ва қўрқитиш йўли билан зинҳор ривожлантириб бўлмайди"¸деб ëзган эди.

Таниқли депутат Расул Кушербоев эса¸ ҳукуматнинг бу уринишларини "томорқа бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш" деб баҳолаган эди.

XS
SM
MD
LG