Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2021, Тошкент вақти: 20:27

Ўзбекистон хабарлари

Томорқа ер эгалари иссиқхона ўрнатиш учун 6,7 млн сўмгача субсидия олишлари мумкин

Ўзбекистонда томорқа ер эгаларига иссиқхоналар ўрнатиш, суғориш воситалари харид қилиш ҳамда уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун субсидиялар ажратилади. Бу, “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, Ўзбекистон президентининг 18 май куни имзоланган “Томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.

Қарорга мувофиқ, жорий йил 20 майидан бошлаб Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, етказиб берувчи ташкилотлар ва томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида қуйидаги миқдорда субсидиялар ажратилади:

• енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун – БҲМнинг 30 бараваригача;
• суғориш воситалари харид қилиш учун – БҲМнинг 10 бараваригача;
• уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун – БҲМнинг 3 бараваригача;

Айни пайтда қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиши учун БҲМнинг 10 бараваригача субсидия ажратилиши айтилмоқда.

Ўзбекистонда айни пайтда базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) 223 000 сўм қилиб белгиланган.

Кун янгиликлари

"Спутник V" вакцинасининг илк партияси Ўзбекистонга келтирилди

Жорий йилнинг 23 апрель куни Ўзбекистонга Россияда ишлаб чиқарилган “Спутник V” вакцинасининг биринчи партияси келтирилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, вакцинанинг Ўзбекистонга етказиб берилишида Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси амалий кўмак кўрсатган. Айни пайтда ССВ илк партияда Тошкентга қанча доза вакцина олиб келинганини очиқлаган эмас.

Вазирлик Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология илмий-тадқиқот маркази ишлаб чиққан “Спутник V” вакцинаси Ўзбекистонда оммавий фойдаланиш учун ўзбек расмийлари томонидан шу йил феврал ойида сертификатлагани ва тасдиқлаганини қайд этган.

“Ушбу вакцинани сертификатлаш жараёни ишлаб чиқувчилардан керакли ҳужжатлар, хусусан, вакцина клиник синовларининг учинчи босқичи натижаларини олгандан кейингина бошланди”, дея урғуланган вазирлик хабарномасида.

Унда Ўзбекистонга аҳолини эмлаш учун олиб келинадиган “Спутник V” вакцинасининг ярми асли ўзбекистонлик тадбиркор Aлишер Усмонов томонидан молиялаштирилгани қўшимча қилинган.

Шу кунда Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш учун Британиянинг AstraZeneca ҳамда Хитойнинг Ўзбекистон билан ҳаммуаллифликда ишлаб чиқарган ZF-UZ-VAС2001 вакцинаси вакциналаридан фойдаланилмоқда.

Маълумотларга кўра, жорий йил иккинчи чорагида Ўзбекистонда 4 миллионга яқин фуқарони COVID-19 га қарши эмлаш режаланган. 2021 йил охирига бориб бу кўрсаткич 7 миллионга ўсиши мумкинлиги айтилмоқда.

ССВ қайдича, шу кунда Ўзбекистонга ZF-UZ-VAС2001 ва AstraZeneca вакциналарининг қўшимча дозаларини олиб келиш бўйича ҳам ишлар олиб бориляпти.

Коронавирусга чалинганлар сони 88 мингдан ошди, вирус юқиши барча вилоятларда қайд этилди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 22 апрель ҳолатига кўра, 88 минг 280 нафарни ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, ўтган кеча-кундузда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида, қисқаси республиканинг барча ҳудудларида жами 345 киши коронавирус юқтириб олган.

Айни пайтда пайшанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 225 нафар бемор соғайиб, тузалганларнинг жами 85 минг 232 нафарга етган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса 2407 нафарни ташкил этиб, улардан 238 нафарининг аҳволи оғир, 113 нафарининг эса аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда.

ССВ кеча коронавирусга чалинган беморлардан яна бири вафот этгани, шу тариқа хасталикдан вафот этганларнинг умумий сони 641 нафарга етганини билдирган.

Мирзиёев “жуда катта коррупцияга берилиб кетган” раҳбарларни огоҳлантирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “кўп жойларда вилоят ва туман ҳокимлари, мутасадди ташкилот раҳбарлари йўл, сув, қурилиш, тиббиёт, мактабгача таълим соҳасида жуда катта коррупцияга берилиб кетган”идан баҳс этди. Бу эътироф Ш. Мирзиёев тилидан ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаси йўналишларини ривожлантириш масалалари бўйича 22 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши чоғида янгради.

Пешона теримиз билан мана шундай оғир, шиддатли, таҳликали замонда коронавирусга учраб, иқтисодиётимизни барқарор қилиш ва бир сўм пулни топиб, халқимизга етказиш бўйича жуда катта ҳаракатлар қилаяпмиз. Энди қонун устувор, жазо муқаррар бўлади. Халқимизнинг олдида узр сўраб, сизларни охирги марта огоҳлантираман”, деган президент видеоселектор йиғилишида.

Ш. Мирзиёев ўз сўзида Самарқанд ва Андижон вилоятлари мисолида айрим коррупция ҳолатларига тўхталган.

Йиғилишда ҳар бир вилоятда ҳокимлар ўз ҳудудида ўтказган селектор мажлисларида турли соҳалардаги вазият ҳамда жойлардаги мансабдор шахсларнинг вазифаларини муҳокама қилгани, бунинг натижасида 27 нафар раҳбар лавозимидан озод этилиб, 54 нафари интизомий жазо олгани қайд этилган.

Президент бирор иш бўйича жойлардаги амалдорларга топшириқ беришдан аввал шароит яратилаётгани, зарур маблағ ажратилаётганини урғулаган.

Биргина хизматлар соҳасига 500 миллион доллар беряпмиз. Буни агар ҳалол-пок ишлатсак, неча минг ишчи жой пайдо бўлади. Ҳар бир вазир ватанпарвар бўлиб, “ўзининг аравасини ўзи тортиб”, берилган бир сўм пулни қадрлаб, жойига етказса, одамлар ишонади”, деган Шавкат Мирзиёев.

UNESCO ижроия кенгаши Берунийнинг 1050 йиллигини нишонлашга оид қарор қабул қилди

Абу Райҳон Беруний

БМТнинг маориф, фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи UNESCO ташкилоти ижроия кенгаши 211-сессиясида буюк олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги мазкур халқаро ташкилот шафелигида 2022-2023 йилларда кенг нишонланиши бўйича қарор қабул қилинган.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, мазкур юбилей санасини UNESCO раҳнамолигида нишонлаш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси томонидан ишлаб чиқилган ва Бош қароргоҳга тақдим этилган номзодлик ҳужжати Эрон, Тожикистон ва Туркия томонидан дастакланган.

Қайд этилишича, ушбу қарор 2021 йил ноябрь ойида Парижда бўлиб ўтадиган UNESCO Бош анжуманининг 41-сессиясида тасдиқланиши кутилмоқда.

Хоразмнинг Кат (баъзи манбаларда Қиёт) шаҳрида (ҳозирги Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний шаҳри) 973 йил 4 сентябрида туғилган Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний йирик олим ўлароқ астрономия, математика, фалсафа, география, этнография, антропология, геология, тарих, ботаника, фармакология ва бошқа соҳаларда 152 та асар ëзгани айтилади. Айни кунгача қомусий олимнинг бу асарларидан 30 тасигина етиб келган, холос.

75 йил умр кўрган олим, замондошлари қайдича, 1048 йилнинг 11 декабрида ҳозирги Афғонистон тупроқларида вафот этган. Унинг қабри Афғонистоннинг Ғазна вилоятига қарашли Болоҳисор мавзеси Баҳлул боғидадир.

ХТВ мулозимаси: 163 та мактабда ўқиш онлайн тизимга ўтказилди

Жорий йил 22 апрелидаги ҳолатга кўра, Ўзбекистон бўйича жами 10008 та мактабдан 163 таси (1,6 фоиз) масофавий таълим шаклига ўтказилган. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова пайшанба куни АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилган.

ХТВ мулозимасига кўра, мазкур рақам Санитария-эпидемиологик хизмат марказларининг талабномаларидан келиб чиқиб, ўзгариб бориши мумкин.

Л. Рустамова мактабларда ўқитувчи ва ўқувчилар орасида коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари аниқланган тақдирда, Санитария-эпидемиологик хизмат марказлари туман (шаҳар) халқ таълими бўлими ва туман (шаҳар) ҳокимлигига таклиф киритиб, Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари ёки ҳудудий комиссия қарорлари билан айрим мактабларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилиб, 2 ҳафтага карантинга олинаётгани, бу вақт мобайнида мазкур мактаблар онлайн тартибида фаолият юритишини билдирган.

Мулозима 2020-2021 ўқув йили учун “Онлайн мактаб” рукнида жами 17 298 та телевизион дарс ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида тасвирга олинган ва улардан 15 минг 362 таси эфирга узатилганини қўшимча қилган.

Аввалроқ Озодлик ўқитувчи ва талабалар орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқлангани ортидан Тошкент ва Самарқандда жойлашган қатор олий таълим муассасалари карантинга ёпилиб, ўқиш масофавий таълим тизимига ўтказилгани ҳақида хабар қилган эди.

Марказий банк асосий фоиз ставкасини олтинчи бор 14 фоиз даражасида қолдиришга қарор қилди

Тошкентдаги Марказий банк биноси

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви жорий йилнинг 22 апрель куни асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

МБ қайдича, мазкур қарор инфляция даражасини пасайтириш ва иқтисодиётнинг тикланиб бориши шароитида иқтисодий фаолликни кўллаб-қувватлаш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш, ташқи бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши бўйича хатарлар фонида инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасаювчи динамикасини сақлаб қолиш мақсадида қабул қилинган.

Регулятор ташқи бозорлар ва асосий озиқ-овқатлар таклифидаги ўзгаришларнинг йил охиригача инфляцияга таъсирларининг сақланиб қолиши ва ялпи талаб ўсишининг нархларни оширувчи хусусияти ортиб боришини инобатга олган ҳолда 2021 йил якунлари бўйича инфляциянинг 9,0-10,0 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилган.

“Бунда йил сўнгига қадар инфляцион жараёнлар ва кутилмалар ҳам монетар ҳам номонетар омилларнинг турли йўналишдаги таъсирлари остида шаклланади”, дейилган МБ хабарномасида.

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 2020 йил сентябрь ойида асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилаган, ўтган йилнинг октябрь ва декабрь ойларида, шунингдек, 2021 йил 21 январи ва 11 мартида бу кўрсаткични ўзгаришсиз қолдирганди.

МБ бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича галдаги йиғилиши 2021 йил 10 июнига белгиланган.

Тошкентда милиция кийимида ахлат титиб юрган жуфтлик жазоланди

Иллюстратив сурат

Тошкентнинг Яккасарой туманида ички ишлар органлари ходимларининг формасини кийиб, макулатура йиғиб юрган эркак ва аёл қўлга олинди.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур шахслар ҳақида ички ишлар идораларига 20 апрель куни фуқаро Ш.А. хабар қилган.

Воқеа жойига етиб борган туман ишчи ишлар идоралари ходимлари 45 ёшли У. Х. ҳамда аввал талончилик ва ўғрилик учун икки марта судланган 36 ёшли Н.С.ни тутишган.

“Ходимларга қаршилик кўрсатмоқчи бўлган мазкур шахслар ҳақиқатдан ҳам ички ишлар органларининг хизмат кийимини кийиб олишган эди. Ҳуқуқбузарлар Яккасарой тумани ИИО ФМБ 2-сон Ички ишлар бўлимига олиб келиниб текширилганда уларнинг ёнида иккита пичоқ борлиги аниқланди”, дейилган ИИББ хабарномасида.

Яккасарой тумани ИИО ФМБ мазкур шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185-3-моддаси (“Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли сифатида муомалада бўлиши тақиқланган ашёларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши”), 194-моддаси 1-қисми (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) ва 209-1-моддаси (“Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш”) бўйича маъмурий баённома расмийлаштирган.

Яккасарой тумани суди эса У. Х. ва Н.С.ни қайд этилган ҳуқуқбузарликларни содир этганда айбдор деб топиб, уларнинг ҳар бирига 10 суткадан маъмурий қамоқ жазоси белгилаган.

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида “лайк йиғиш” мақсадида ички ишлар ходими формасида рақс тушган йигит 8 суткага қамалгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Қашқадарёдаги газ қуйиш шохобчасида cодир бўлган портлашда бир киши нобуд бўлди

Газ қуйиш шохобчасида портлаган NEXIA автомобили (Қашқадарё вилоят ИИБ фотоси)

Қашқадарё вилоятининг Қарши тумани Истиқлол МФЙ Дашт қишлоғи ҳудудида жойлашган автомобилларга газ қуйиш шохобчасида 22 апрель тонгида ҳайдовчи Э.Б.га тегишли бўлган NEXIA автомашинасига ўрнатилган газ баллони портлаган.

Қашқадарё вилоят ИИБ ахборот хизмати маълумотига кўра, портлаш натижасида бир нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган, газ қуйиш шохобчасида ишлайдиган бир фуқаро эса тан жароҳати олиб, шифохонага тушган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мазкур ҳодиса юзасидан айни пайтда вилоят ИИБ, ФВБ, ССБ ва прокуратура ходимлари томонидан ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилаётганини билдирган.

Коронавирусга қарши эмланганлар сони ярим миллион нафарга яқинлашди

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши эмланганларнинг умумий сони, 2021 йил 21 апрель ҳолатига кўра, 486 минг 960 нафарни ташкил этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, чоршанба куни мамлакат бўйлаб жами 28 минг 405 нафар киши эмланган.

Вазирлик қайдича, эмланиш кўрсаткичи бўйича Фарғона водийси вилоятлари ҳамон пешқадамлик қиляпти (Фарғона вилояти – 69 минг 13 нафар, Наманган вилояти – 52 минг 78 нафар, Андижон вилояти – 49 минг 533 нафар,), улардан кейин Самарқанд (46 минг 598 нафар) ва Қашқадарё вилоятлари (40 минг 128 нафар) бормоқда.

Ўзбекистонда фуқароларни коронавирусга қарши эмлаш жараёни жорий йил 1 апрелидан бошланган.

Тўрт университет ва бир институтда COVID-19 важидан ўқиш онлайнга ўтказилди

Ўзбекистонда профессор-ўқитувчилари ва талабалари орасида коронавирус билан касалланиш ҳолатлари аниқланганлиги сабабли бешта олий таълим муассасаси карантинга ёпилди.

Қайд этилишича, 20 апрелдан бошлаб Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамда унинг академик лицейи, 21 апрелдан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Самарқанд давлат университети, 22 апрелдан бошлаб эса Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда Самарқанд давлат чет тиллар институти 14 кунлик масофавий таълим тизимига ўтган.

Аввалроқ 20 апрелдан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, 19 апрелдан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, 12 апрелдан эса Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиали карантинга олингани ҳақида хабар қилган эдик.

Хоразмда 20 ёшли қизни “самосуд” қилган аёллар устидан ҳукм ўқилди

Қўшкўпирдаги "самосуд" видеосидан скриншот

Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туман суди бир аёлни калтаклаб, “самосуд” қилган бир гуруҳ аёллар устидан ҳукм ўқиди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қўшкўпирлик тўрт нафар аёл 2020 йилнинг 9 июнь куни 20 ёшли Ҳ.О. исмли аёлни Д.К. ўғлининг оиласини бузганликда айблаб калтаклагани, бунинг ортидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б,г” бандлари (“Безорилик”) билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

Тергов департаменти қайдича, мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари ўтказилиб, тегишли тартибда айблов хулосаси билан судга юборилган.

Ишни кўриб чиққан туман суди Д.К., Д.О. ҳамда Р.Н. га нисбатан 1,5 йилдан, Д.Р.га эса 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлаган. Бу ўринда жабрланувчи Ҳ.О.нинг уларга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги инобатга олинган.

Меҳнат вазирлиги Шуҳрат Ғаниевнинг ҳордиқ куни мажлис ўтказганига муносабат билдирди

Ўзбекистон бош вазири муовини Шуҳрат Ғаниев

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев раҳбарлигида ўтган якшанба куни қишлоқ ҳўжалиги масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилганига муносабат билдирди.

Вазирлик қайдича, Меҳнат кодексининг 157-моддасига мувофиқ, ишдан ташқари иш вақтида ҳамда дам олиш кунларида ходимлар ишга жалб қилинганда уларга мазкур ташкилотнинг жамоа шартномасида белгиланган, лекин камида икки ҳисса миқдорида меҳнат ҳақи тўланиши лозим. Ишдан ташқари иш вақтида ёки дам олиш кунида ишга жалб қилинган ходимларга иш соатларига мутаносиб равишда отгул (қўшимча дам олиш куни) берилган бўлса, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорида меҳнат ҳақи тўланади.

Меҳнат вазирлиги 18 апрель куни ўтказилган видеоселекторда иштирок этган барча ташкилот ходимлари ўз меҳнат вазифаларига кирадиган масалалар юзасидан дам олиш кунида ишга жалб қилинганини урғулаган.

“Вазирликнинг Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ходимларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида тегишли ҳокимият, вазирлик ва идораларга дам олиш кунида ходимларни ишга жалб қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштириш ҳамда тегишли тўловларни амалга ошириш юзасидан огохлантириш хатлари берилган”, дейилган хабарномада.

Ўзбекистон президенти жорий йил январида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мажлисбозликка чек қўйиш масаласини яна бир бор кўтариб, кераксиз мажлисларни “отбозор”га ўхшатган эди.

Мажлисбозлик касалига чалинган бўлсанглар, уйда мажлисларни ўтказинг. Кераксиз мажлисларни ўтказишни тугатиш керак. Отбозорга айланиб кетяпти. Баъзи раҳбарлар мажлисбозлик билан касал. Кераксиз мажлислар ўтказадиган… 40 дақиқадан кўпроқ мажлис ўтказадиганлар ишдан кетади”, деган эди ўша йиғилишда президент Ш. Мирзиёев.

Turkish Airlines Урганч ва Фарғонага мунтазам рейсларни амалга ошириш учун рухсатнома олди

“Турк ҳаво йўллари” авиаширкати учоқларидан бири

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги "Ўзавиация" агентлиги Туркиянинг “Турк ҳаво йўллари” авиаширкатига Истанбул – Урганч – Истанбул ҳамда Истанбул – Фарғона – Истанбул йўналишлари бўйлаб Ўзбекистонга мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун рухсатнома берган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Транспорт вазирлиги ахборот хизматига кўра, мазкур икки шаҳарга қатнаш учун рухсатнома Turkish Airlines’га шу йил 15 апрелида берилган.

Олдинлари “Турк ҳаво йўллари” авиаширкати Истанбул – Тошкент – Истанбул ва Истанбул – Самарқанд – Истанбул йўналишлари бўйлаб мунтазам авиақатновларни амалга ошириб келган.

Жорий йилнинг март ойи охиридан Uzbekistan Airways авиаширкати Урганч – Истанбул – Урганч йўналиши бўйлаб, апрель ойи бошидан эса Фарғона – Истанбул – Фарғона йўналиши бўйлаб мунтазам қатновни йўлга қўйгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

К.Алламжонов сўз эркинлиги учун масъул бўлганларга кинояли ташаккур изҳор этди

Комил Алламжонов

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича бу йилги рейтингида Ўзбекистон бир поғона пастлагани муносабати билан ўз Телеграм-саҳифасида кинояли пост қолдирди.

“Ҳар йили шу пайтда Ўзбекистоннинг сўз эркинлиги рейтинги ошаётганини айтиб”, мақтанганини эслатган К.Алламжонов “бу йил ушбу соҳага масъул бўлган барча мутасаддиларга машаққатли, сермазмун, ижодий ва тинимсиз меҳнатлари учун катта "раҳмат" айтмоқчи” эканини билдирган.

“Барака топинглар, ҳурматлилар. Рейтинг-пейтинга бало борми, тоже мне. Тушди нима, кўтарилди нима, тўғрими? Ота-бобонг қилган ишни қилсанглар бўлмайдими, дейдиган одам йўқ. Чойхоналаримиздан, гап, улфатчиликларимиздан қўймасин. Зато бизда Бунёдкор стадиони бор. Файзимизни берсин”, дея кесатган Комил Алламжонов.

Луқма сўнгидаги иловада Миллий масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси: “лицейда ўқиб юрган пайтларимиз, дарсда тўполон қилсак, адабиёт ўқитувчимиз Феруза опа бизга "Қанча қилма тарбия, хўтикла кучукчани, ит бўлур, эшак бўлур, асло бўлмас одамий", дердилар. Негадир шу эсимга тушиб кетди ҳозир. Нимага экан?” дея савол ташлаган. Афтидан, К.Алламжонов бу ерда ҳазрат Навоийнинг “Наводируш-шабоб” девонидан ўрин олган 43-қитъасига дохил “Ким, кучук бирла хўдукка неча қилсанг тарбият,//Ит бўлур, доғи эшак, бўлмаслар асло одами” мисраларини назарда тутган бўлса керак.

Матбуот эркинлиги бўйича “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти томонидан тузилган бу йилги рейтингда Ўзбекистон 180 давлат ичида 157-ўринни эгаллагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига 12 миллион сўмдан пул мукофоти бериладиган бўлди

Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 12 миллион сўм (ёки тақрибан 1150 АҚШ доллари – таҳр.) миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади. Бу ҳақда мамлакат президенти томонидан 2021 йил 20 апрелида имзоланган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонда билдирилган.

Мазкур қарор “фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида” қабул қилингани айтилмоқда.

Фармонни бажариш билан боғлиқ бўлган сарф-харажатларни республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириш кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда Ватан озодлиги ва шон-шарафи ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маданий-маърифий кечалар ўтказиш вазифаси юклатилган.

Матбуот эркинлиги рейтинги: Ўзбекистон Руандадан пастроқ, Беларусдан юқорироқда

“Чегара билмас мухбирлар”нинг матбуот эркинлиги рейтингига илова қилинган дунё харитаси

Матбуот эркинлиги бўйича “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти томонидан тузилган бу йилги рейтингда Ўзбекистон 180 давлат ичида 157-ўринни эгаллади. 2020 йилдаги рейтингда Ўзбекистон 156-ўринни эгаллагани эътиборга олинса, бу йил мамлакатда матбуот эркинлиги билан боғлиқ ҳолат бироз ёмонлашгани англашилади.

Бу йил ҳам дунёда матбуот эркинлиги бўйича биринчи ўрин аввалги йилларда бўлгани каби Норвегияга берилган. Иккинчи ўринда Финляндия, учинчида эса Швеция турибди.

Рейтингда Ўзбекистон Африка қитъасида жойлашган Руанда (156-ўрин) ҳамда пандемия йилида фуқаролик жамияти ва журналистлар қатағони билан тилга тушган собиқ совет ўлкаси бўлмиш Беларусь (158-ўрин) ўртасидан жой олган.

Марказий Осиё давлатлари орасида эса Ўзбекистон Қирғизистон (79-ўрин) ва Қозоғистондан (155-ўрин) орқада, Тожикистон (162-ўрин) ва Туркманистондан (178-ўрин) олдинда эканини кўриш мумкин.

Миллий гвардия институти Жамоат хавфсизлиги университетига айланди

Миллий Гвардия аскарлари (архив сурати)

Ўзбекистонда Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти Жамоат хавфсизлиги университети этиб қайта ташкил этилди. Бунга оид қарор Ўзбекистон президенти томонидан 15 апрель куни имзоланган.

“Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, 2021/2022 ўқув йилидан университетда бакалавриат ва магистратура тизими жорий этилади.

Мазкур ОТМда ИИВ ва Миллий гвардия, Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни-тартибот идоралари ҳамда қўриқлаш тузилмаларига эга органлар учун малакали кадрлар тайёрланиши айтилмоқда.

Университетнинг бакалавриат бўлимига ҳар йили 300 нафаргача курсант, сиртқи таълим учун эса 100 нафаргача тингловчи қабул қилиш кўзда тутилган.

Коронавирус юқтириб олганларнинг умумий сони 87 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 19 апрель ҳолатига кўра, 87 минг 225 нафарни ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, ўтган кеча-кундузда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Хоразм, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жами 243 киши коронавирус юқтириб олган.

Айни пайтда душанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 226 нафар бемор соғайиб, тузалганларнинг жами 84 минг 533 нафарга етган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса 2053 нафарни ташкил этиб, улардан 238 нафарининг аҳволи оғир, 109 нафарининг эса аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда.

ССВ кеча коронавирусга чалинган беморлардан яна бири вафот этгани, шу тариқа хасталикдан вафот этганларнинг умумий сони 639 нафарга етганини билдирган.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳам 14 кунлик карантинга ёпилди

Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети икки ҳафталик карантинга олинди.

Университетнинг расмий Телеграм-канали орқали ёйинланган маълумотга мувофиқ, ўтган ҳафта мобайнида баъзи кам сонли талабалар орасидан коронавирус инфекцияси қайд этилган. Касалликнинг талаба ва ўқитувчилар орасида тарқалишини олдини олиш мақсадида университетда ўқув жараёни 14 кунга масофавий (онлайн) шаклга ўтказилган.

Хабарномада машғулотлар университетнинг Moodle масофавий таълим тизими орқали давом этиши урғуланган.

Аввалроқ Озодлик Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 19 апрелдан масофавий таълим шаклига ўтгани, бироқ мазкур университет талабалари оффлайн таълимга қачон қайтиши ҳозирча маълум эмаслиги ҳақида хабар қилган.

Ўтган ҳафта эса ўқитувчи ва талабалари орасида коронавирусга чалиниш ҳолати аниқланган Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиали шу йил 12 апрелидан карантинга ёпилгани, карантин муддати 14 кун қилиб белгилангани билдирилган эди.

Метрода тўй саҳналарини тасвирга олган тиктокерларнинг ҳар бири қарийб 1 млн сўмдан жаримага тортилди

Тошкент метрополитенидаги станциялардан бири

Тошкент метрополитенида тўй, “келинсалом”, чойхонадаги ош ва бошқа саҳналарни суратга олган тиктокерлар гуруҳи жазоланган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

ИИВ хабарномасида метрополитенда расм ва видеога олиш тақиқланмагани, бироқ бунинг жамоат тартибини бузмаган ҳолда амалга ошириш лозимлиги урғуланган. Вазирлик қайдича, метрога овқат ҳам олиб кириш мумкин, лекин уни истеъмол қилишга рухсат берилган эмас.

“Жамоат жойида туриб аҳоли тинчлигини бузиш ва карантин тартиби кучайган вақтда тиббий ниқобларсиз оралиқ масофани сақламай юриш ҳам қилиниши мумкин бўлмаган ишлар қаторида”, дейилган хабарномада.

Мазкур ҳодисалар бўйича қоидабузарлик содир этган шахсларнинг ҳар бирига Жиноий ишлар бўйича Яшнобод ва Мирзо Улуғбек туманлари судлари томонидан Маъмурий жавобгарлик бўйича кодекснинг 183-(майда безорилик), 54-(эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) ва 115-моддаларига (метрополитендан фойдаланиш қоидаларини бузиш) асосан жами базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Ўзбекистонда БҲМ жорий йил 1 февралидан 245 000 сўм қилиб белгилангани эътиборга олинса, метрода тармоқ учун суратга тушган тиктокерларнинг ҳар бири эндиликда 980 минг сўмдан жарима тўлаши лозимлиги маълум бўлади.

Болалар омбудсмани танқиди ортидан Китобдаги Меҳрибонлик уйи раҳбари ишдан олинди

Қашқадарёнинг Китоб туманидаги 5-Меҳрибонлик уйи биноси

Қашқадарёнинг Китоб туманида жойлашган 5-Меҳрибонлик уйини тугатиш керак. Бу мулоҳазани ўтган ҳафта Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида хизмат сафарида бўлиб қайтган болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова билдирган.

Омбудсман матбуот хизмати маълумотига кўра, А. Юнусова Китобдаги мазкур Меҳрибонлик уйини кўздан кечириш чоғида бу ерда болалар жуда ёмон шароитда яшаётгани ҳақида хулоса қилган.

Болалар омбудсмани қайдича, ўрганиш куни муассасада 65 нафар (қизлар 28 нафар) тарбияланувчи бўлган.

Мулозима Меҳрибонлик уйидаги тиббиёт хонаси, стомотолог хонаси, беморларнинг алоҳидалаш хоналарининг таги бетон қопламали бўлиб, заҳкашлиги, болаларнинг бўш вақтини ўтказиш учун етарли шароитлар мавжуд эмаслиги, мебеллар эскилиги, тарбияланувчилар “ўта ёғли ва ўзига хос ҳиди бор” карам шўрвани умуман емагани, озиқ-овқат омборидаги маҳсулотлар сифати бузилгани, ошхонанинг санитария ҳолати яхши эмаслиги ҳамда бошқа камчиликларга эътибор қаратган.

“Ҳолатни чуқур ўрганиш учун туман прокуратурасидан вакил чақирилди ва мавжуд камчиликларни бартараф қилиш юзасидан мутасаддиларга мажбурий кўрсатмалар берилди”, дейилган омбудсман хабарномасида.

Бунинг ортидан Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси болалар омбудсманининг Китобдаги 5-Меҳрибонлик уйи танқидига муносабат билдирди.

Бошқарма қайдича, ҳолат юзасидан ўз вазифасига совуққонлик билан қараган Меҳрибонлик уйи директори ва омбор мудири Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг тегишли бандларига асосан ўз лавозимларидан озод этилган.

Ўзбекистонда аҳоли сони 35 миллионга яқинлашди

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони, 2021 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, 34 миллион 700 минг кишини ташкил этмоқда.

Бу ҳақда маълум қилган Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, жорий йил бошидан бери мамлакатда аҳоли сони 136,7 минг кишига ошган.

Қайд этилишича, республикада аҳоли сони йил бошидан бери ҳар ой ўртача 45,9 минг кишига кўпайган, доимий аҳолининг ўсиш суръати эса 101,9 фоизга тенг бўлган.

Аҳолининг ўсиш суръати биринчи чоракдагидай давом этган тақдирда, Ўзбекистонда аҳоли сони йил охирига бормай 35 миллион нафардан ошиб кетишини тахмин қилиш қийин эмас.

Ўзбекистонда синалган Хитой вакцинаси “британча” ва “бразилча” штаммга қарши ҳам самарали экани иддао қилинди

Хитойнинг Ўзбекистон билан ҳаммуаллифликда ишлаб чиқарган ZF-UZ-VAС2001 вакцинаси, 2021 йил феврал ойида ўтказилган синовлар доирасида лаборатория намуналари натижаларига кўра, коронавируснинг "жанубий африка" штаммига қарши актив нейтрал ҳолатини сақлаб қолган. Бу ҳақда Vaksina.uz Телеграм канали маълумот тарқатди.

Иддаога кўра, мазкур вакцина коронавируснинг янги "Британия" ва "Бразилия" штаммларига қарши самарали экани ҳам тасдиқланган.

Вакцина синовининг учинчи босқичи Ўзбекистонда ўтган йилнинг 10 декабридан бошланган эди. Учинчи босқич натижалари, қайд этилишича, вакцинанинг юқори самарадорлиги ва юқори даражадаги антитаналар ишлаб чиқилишини кўрсатган.

Аввалроқ Озодлик Хитой касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказининг директори Гао Фу мамлакатда коронавирусга қарши ишлаб чиқарилган вакциналар самарадорлиги пастлигини тан олгани, ҳукумат уларни такомиллаштириш учун турли вакциналар имкониятларини уйғунлаштириш масаласини кўриб чиқаётганини билдиргани ҳақида хабар қилганди.

Гао маҳаллий вакциналар самарадорлиги ҳақида Чэнду шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда, иммунизация стратегиялари хусусидаги чиқишида гапирган.

“Ҳозирги вакциналар беморларни тўлақонли ҳимоя қилмаётганидан хабардормиз. Ушбу масалани ҳал этиш учун эмлаш жараёнида турли хил техник линиялардаги вакциналардан фойдаланиш имконияти кўриб чиқилмоқда”, деган Хитой касалликларни назорат қилиш идораси раҳбари.

27 март куни Ўзбекистонга Хитойдан 1 миллион доза Хитой—Ўзбекистон ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси олиб келинган.

Мазкур вакцина Хитой Фанлар академияси Микробиология институти олимлари томонидан яратилиб, Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқилган.

У ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорликда клиник тадқиқотлари олиб борилган коронавирусга қарши янги рекомбинант вакцинадир. Хитой Ўзбекистонни мазкур вакцина ҳаммуаллифи деб эълон қилган ва вакцинага ZF-UZ-VAC2001 деб ном берилган.

Ўзбек тили ва адабиёти университети масофавий таълим шаклига ўтди

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети жорий йил 19 апрелидан масофавий таълим шаклига ўтди. Университет матбуот хизмати маълумотига кўра, бундай қарор қабул қилинишига “профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар орасида COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари аниқлангани” сабаб бўлган.

Қарор Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда қабул қилингани қайд этилган, бироқ онлайн таълим қачонгача давом этишига аниқлик киритилмаган. Хабарномада: “эпидемиологик вазият барқарорлашгач, анъанавий ўқув жараёнига қайтиш борасида қўшимча хабар берилади”, дейилган, холос.

Аввалроқ Озодлик ўқитувчи ва талабалари орасида коронавирусга чалиниш ҳолати аниқланган Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиали шу йил 12 апрелидан карантинга ёпилгани, карантин муддати 14 кун қилиб белгилангани ҳақида хабар қилган эди.

Бош вазир апрель охиригача Ўзбекистонга 300 минг доза “Спутник V” келтирилишини билдирди

Апрель ойи охиригача Ўзбекистонга Россияда ишлаб чиқарилган “Спутник V” вакцинасидан 300 минг доза келтириш режаланган. Бу ҳақда Республика махсус комиссиясининг ўтган ҳафта якунида Тошкентда бўлиб ўтган йиғилишида бош вазир Абдулла Арипов билдирган.

Ҳукумат раҳбарига кўра, жорий ой охиригача Хитой вакцинасидан яна бир миллион доза олиб келиниши ҳам кутилмоқда. Бош вазир ўзбекистонликларга ана шу уч вакцинадан бирини танлаш имконияти берилишини билдирган.

Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганлар сони 400 минг нафардан ошгани ҳақида хабар қилган эдик.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG